Санъаткорнинг иккинчи умри

         Тошкентдаги «Рамз-филм»да 20-асрда яшаб ўтган таниқли ўзбек маърифатпарвари Абдулла Авлоний ҳақида филм суратга олинадиган бўлди. Ундаги бош тимсоллардан бири – Афғонистон Ташқи ишлар вазири Маҳмуд Тарзий ролига бир қатор санъаткорлар, жумладан, тожикистонлик актёр Абдуқодир Яҳёев ҳам таклиф этилди. Бошқа роллар ижрочилари қатори Маҳмуд Тарзий  тимсолини гавдалантиришга муносиб кўриладиган актёр ҳақидаги фикрини олиш учун таниқли ўзбек ёзувчиси Тоҳир Маликка мурожаат қилинди. Чунки «Авлоний» филми адибнинг «Қалдирғоч» қиссаси асосида суратга олинаётганди. Киносценарий Тоҳир Малик ва Муқаддас Усмоновалар ҳамкорлигида ёзилганди.

Тоҳир Малик  санъаткорларнинг суратлари ва видеолавҳалар билан танишар экан, Абдуқодир Яҳёев номзодини маъқуллади. У Маҳмуд Тарзий қиёфасини гавдалантиришга айнан мана шу актёр мос келади, деди. Кинорежиссёр Музаффархон Эркинов эса, ёзувчи билан фикри бир жойдан чиққанига, тожикистонлик актёрни таклиф этиб, хато қилмаганидан хурсанд бўлди.

«Авлоний» тарихий филми кинотеатрларда намойиш этилди. Барча марказий ўзбек телеканалларида кўрсатилди. Мутахассислар бошқа ижрочилар қатори Абдуқодир Яҳёев ижросига ҳам юқори баҳо беришди. Унинг Афғонистон тупроғига кўз тиккан айрим мамлакатлар раҳбарлари мақсадини яхши англаган, қийин даврда мулоҳазали иш юритган сиёсатчи, айни бир пайтда маърифатли инсон – тарихий шахс Маҳмуд Тарзийнинг ролини ишонарли тарзда яратгани таъкидланди.

Маҳмуд Тарзий Абдуқодир Яҳёевнинг кинода яратган ягона роли эмас. Гарчи у кино санъатига бирмунча кечроқ кириб келган бўлса-да, Тожикистон киностудияларида суратга олинган «Тор дара» («Сорбоннинг «Тангно» асари асосида) ва «Совчилар» филмида эсда қоларли образлар яратди. Ўзбекистон киностудияларида эса, бир йил давомида бешта филмда иштирок этишга муваффақ бўлди. «Авлоний» бадиий филмидан ташқари,  наманганлик маърифатпарвар инсон Исҳоқхон Ибрат ҳақидаги филмда Ибратнинг тоғаси – Носирхон ота, «Сўнгги истак»да – Жалил, «Шернинг қайтиши»да Мирзобобурнинг бобоси ва «Қора ҳудуд» да Махмуд Абдуллоҳ ролларини ижро этди.

Шундай қилиб, Абдуқодир Яҳёевнинг, таъбир жоиз бўлса, санъатдаги иккинчи умри бошланди. Бунгача у Тошкентдаги театр ва рассомчилик институти (ҳозирги санъат ва маданият олий ўқув юрти)ни тугаллаб, аввал Сирдарё театрида ундан кейин узоқ йиллар давомида Нов (ҳозирги Спитамен)даги Шукур Бурҳонов номли ўзбек музикали драма театрида фаолият юритди. Ўнлаб спектаклларда рол ижро этди. Режиссёрлик қилди, театрга директор бўлди. Абдуқодир Яҳёев жаҳондаги камдан-кам режиссёр жазм этадиган буюк Шекспирнинг «Ричард 111» асарини саҳналаштирди. Кичик ижодий жамоа билан катта асарга қўл урилишининг ўзи жасорат эди.

Томошабинлар олқишига сазовор бўлган спектаклга мутахассислар ҳам катта баҳо беришди. Жумладан, таниқли театр режиссёри Худойдод Орифий «Ричард-111 »ни Грузияда, Шота Руставели театрида чорак аср муқаддам кӯрганини айтар экан, шундай деганди:

«Тбилисида спектакл кӯраётганимда ҳайратдан сочларим тик туриб кетганди. Ана шу спектаклдан кейин Тожикистондаги ўзбек театрида «Ричард-111»ни кўрганимдан cўнг, юртимизда шундай театр борлигидан фахрланиш ҳиссини туйдим».

Абдуқодир нафақага чиққач, барибир ўзи меҳр-муҳаббат қўйган санъатдан кўнгил уза олмади. Шунинг учун аввал тожик киночилари рол ижро этишга таклиф этишганда йўқ демади. Ўзбекистонда кинодаги дастлабки ролини кўрган режиссёрлар эса, уни устма-уст кинога таклиф қила бошлашди.

«Санъат халқларни ҳам, санъаткорларнинг ўзларини ҳам дўстлаштиради, — дейди Абдуқодир Яҳёев. – Мен қардош Ўзбекистонда кўплаб таниқли санъаткорлар билан елкама-елка ишладим. Асли юртдошим бўлган, ҳозирда Ўзбекистонда таниқли ижодкорлар Маъруф Отажонов, Боир Холмирзаев билан эскидан дўстмиз.  Бу дўстларимдан ташқари таниқли ўзбек санъаткорлари  Муҳаммадали Абдуқундузов, Теша Мўминов, Эркин Комилов, Матёқуб Матчонов,  Сайёра Юнусова, уларнинг қай бирларини айтайин, бирга ижод қилиш бахтига муяссар бўлдим. Мени ҳар гал Ўзбекистонга, кинога тушиш учун таклиф этишганда, икки доно Президент – мамлакатимиз ва қўшни Ўзбекистон раҳбарлари – Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг икки қадимий халқ ўртасида янги дўстона алоқалар ўрнатишдек тарихий ишлари ҳақида миннатдорчилик билан эслайман».

Бу доно сиёсат тўғрисида менга ўзбекистонлик машҳур актёр Убайдулло Омон, Тожикистн Халқ артисти Сайрам Исаевалар ҳам гапириб беришганди. Убайдулло Омон «Тожикфилм»да суратга олинган «Сув  ўғли» филмида бош тимсол — бобо ролини маҳорат билан яратди. «Ўзбекфилм»да Нодирабегим, Майсара каби ўндан ортиқ рол яратган Сайрам Исаевага ўзбек киночиларининг «Олтин ҳумо» мукофоти берилди. Сайрам Исаева яқинда уни истеъдодли ўзбек кинорежиссёри Қамара Камолова излагани ва ўзи яратаётган филмга таклиф этганини айтди.

Абдуқодир Яҳёевга ҳам ўзбек кинорежиссёрлари қўнғироқ қилиб, янги ролларга таклиф этишмоқда.

— Ўтган ой  Хўжанд яқинидаги машҳур «Арбоб» қасрида Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев билан биз – зиёлилар ва вилоятимиз фаолларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари халқларимизнинг азалий дўстлиги, янги-янги ҳамкорликлар ҳақида гапирдилар. Ўзбек ва тожик дўстлигини тараннум этувчи, икки буюк шахс – мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Мир Алишер Навоий борасида филм яратиш таклифини айтганларида, ҳамма узоқ вақт тик турганча қарсак чалди. Мен қувончимни ичимга сиғдира олмасдан, қанийди, шу кинода мен ҳам образ яратсам, деб ўйлардим. Тезроқ бутун жаҳонга тарқалган коронавирус пандемияси тугаса, чегаралар яна очилса ва биз санъаткорларга ҳам кино олиш майдончаларига айтилган вақтда етиб бориш имконияти туғилса эди, дейди театр ва кино актёри Абдуқодир Яҳёев.

Миллионлаб инсонларнинг кўнглидаги бу ният амалга ошишига эса яқин қолаётир.

                                                          Ўринбой УСМОН,

                                                        Хўжанд, Тожикистон

 

 

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: