Сафар таассуротлари: Мен танимай қолаётган Тошкент

Сузук ота деб эшитганмисиз? Тӯғриси, мен у кишининг номларидаги масжид, қабрлари ёнидан юз марталаб ӯтган бӯлсам-да, Сузук ота ҳақларида эшитмагандим. Икки йил олдин қадрдон Маҳмудхӯжа ака, Нозима келинойи, Аҳмадхӯжаларнинг руҳига фотиҳа ӯқиш ниятида собиқ «Оренбург» кӯчасига бордим. Шунда катта бир қурилишнинг устидан чиқдим. «Бу ерда тунукасозлик заводи бӯларди, чамаси», дедим шу маҳаллалик кишига. «Тӯппа-тӯғри, сирланган идишлар тайёрланарди. Лекин Шӯролар пайтида завод мачитнинг устига қурилган экан. Мадраса эса, бутунлай бузиб ташланган. Президентимизнинг ӯзлари келдилар. Тарихий жойларни қайта қуриш ҳақида гапирдилар», деди у.

Энди мен билган «Оренбург» кӯчаси  ва маҳалла Сузук ота номлари билан атала бошланибди. Сузук ота Аҳмад Яссавийнинг невараси бӯлган эканлар. Асли номи Мустафоқул, қизлари Гавҳари Хуштожнинг ӯғли. Аҳмад Яссавий Мустафоқулни болалик пайтида кӯп суйиб, эркалаб  «менинг сузугим (яъни, суюклигим) дер эканлар ва бошқалар ҳам уни шундай чақира бошлашибди.

Тарихдан маълум бӯлишича, ҳозирги Сузук ота маҳалласини Мустафоқул бунёд этган. У бу ерга қариндошлари, шогирдлари билан кӯчиб келиб, жарликлар ва тепаликлардан иборат ерни обод этган. Маҳалла аҳли ҳунармандчилик билан шуғулланган. Сузук отанинг вафотидан сӯнг йиллар ӯтиб, қабри устига мақбара ӯрнатилган, номига масжид қурилган, мадраса бунёд этилган.

Бундан тўрт йил олдин Ӯзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Сузук ота» мажмуасини бутунлай қайта қуриш, атрофида ҳунармандлар уйларини бунёд этиш ҳақида кӯрсатма берганди. Икки йил олдин, апрел ойида Тошкентда бӯлганимда, мен айнан шу хайрли қурилиш устидан чиққандим. Энди Сузук ота маҳалласига борар эканман, шарқона усулда қурилган иморатларни кӯриб, узоқ кӯз узмай қолдим. Паст-пастқам уйлар ӯрнида чинакам меъморчилик асари пайдо бӯлибди. Бир-бирига уйғун, дид билан қурилган мақбара, мадраса, масжид биноларини завқланиб томоша қиласиз. Мажмуанинг икки томонида қатор тизилган икки қаватли уйлар. Бу уй эгалари моҳир ҳунармандлар бӯлиб, уларга ишлаш учун устахоналар қурилган, зарур имкониятлар яратиб берилган.

«Тошкентнинг нақ марказида, Чорсудан бир чақиримча ерда жойлашган маҳалламиз ҳеч қачон бунчалик серодам бӯлмаган. Сузук отани зиёрат қилиш учун фақат Ӯзбекистондан ё қӯшни Қозоғистон, Тожикистондан эмас, балки узоқ чет мамлакатлардан ҳам меҳмонлар келишмоқда», деди  шу маҳаллада яшайдиган  Муҳиддинхӯжа ака.

«Сузук ота» мажмуасидан Самарқанд дарбоза томон «Сузук ота» кӯчасидан бораверсангиз, бир чақирим юрасизми-йӯқми, фақат адабиётни севганлар учун эмас, балки бутун ӯзбек халқи учун севимли инсон Абдулла Қодирий яшаган уйга етиб борасиз.  Бу ҳовлини ҳали болалигимда раҳматли отам кӯрсатгандилар. Ӯшанда ӯн бир яшар бола эдим, Маҳмудхӯжа аканикига меҳмонга боргандик. Дадамлар мени китобни яхши кӯришимни билганликлари учунми, Абдулла Қодирийнининг уйига бошлаб борганлар. У Маҳмудхӯжа аканинг ҳовлиларидан тӯрт юз-беш юз қадам нарида жойлашган. Лекин ӯшанда – 1962-йилда бошқа-бошқа кӯча бӯлганми,  у ер «Чақар»,  деб аталарди. Очиқ эшикдан қарар эканмиз, назаримда деворлари йӯқдай кенг ҳовли кӯринди. «Бу ҳовли табаррук, Жулқунбой туғилган, ижод қилган». Дадамларнинг бу сӯзларини кӯп эслайман. Вақти келиб, «Ӯткан кунлар». «Меҳробдан чаён»ни қӯлдан қӯймай ӯқиганимда, нега ӯшанда дадамдан Жулқунбой кимлигини суриштирмадим, деб ӯзимни саволга тутаман. Фақат Тошкентда эмас, балки ота-боболарим макони Исписорда ҳам дадамлар фалон йили Жулқунбой келганда, деб гапирганларида, «қишлоғимизга қачон келганлар, кимлар билан учрашганлар», дея яхшилаб сӯраб олмаганим учун ӯзимни койийман… Эл орасида юришни суйган Жулқунбойнинг Қӯқон, Марғилон, Андижонга ӯтганида Фарғона водийсининг дарвозаси Хӯжанд, Исписорда ҳам бӯлганлиги тайин…

Эшитишимча, буюк Абдулла Қодирий яшаган ҳовли ҳозир тақсимланиб кетган, бир неча оила яшаётган экан. Аҳмад Яссавийнинг суюклик неваралари хотираси учун барпо этилган маҳобатли, гӯзал мажмуада хаёлга ботиб ӯтирар эканман, куни келиб, Абдулла Қодирий ҳовлиси ҳам узоқ-яқиндан зиёрат учун келадиган минг-минглаб инсонлар учун қадамжога айланишини ӯйлайман…

(Тошкентда Абдулла Қодирий музейи очилганда, унинг салобатли ҳайкали ўрнатилганда, буюк адибнинг чинакам қадр топганидан бошим кўкка етди).

Ҳали «Сузук ота» таассуротидан йироқлашмай туриб, кечки пайтда Тошкентда  инсон қӯли билан яратилган яна бир янги мӯъжизага дуч келаман. Қорақамишдаги Қичқириқ канали (Тошкентда анҳор деб аташади) соҳилида сайр қилиб юрибмиз. Бир қарасам, икки қадам нарида Эйфел минораси пайдо бӯлади. Ёшлар унинг ёнида суратга тушишмоқда. Худди Парижга бориб, ӯша машҳур Эйфел олдида бахтиёр тургандайин. Ундан кӯп узоқлашмасдан Биг Бен ӯзига қаратади. Худди Лондондаги кӯприкка ӯхшаш кӯприкдан анҳорнинг нариги соҳилига ӯтиб бораётган одамлар чеҳрасида завқ-шавқ кӯраман. Соҳил бӯйлаб юрганинингиз сари, анҳор бӯйига дунё кӯчиб келгандай туюлаверади. Бир қарасангиз, Италиянинг бироз энкайган машҳур Пиза минораси, яна бир қарасангиз, Бухорои шарифдаги Минораи калон, кимдир Лувр майдонида кичик эҳромга суянганча суратга тушмоқда…

Наҳотки, дейман, бу анҳор бир пайтлар кӯрганим — суви ифлос, атрофи қадам босиб бӯлмайдиган даражадаги Қичқириқ бӯлса?! Йӯғ-ей, бошқа ерга келиб қолдим, чоғи. Ана, мусаффо сув кӯзларга ором бериб оқяпти. Ана, шаршарадан шовиллаб пастга отилаётган сув оппоқ оқариб, бир пасда мовий тус оляпти. Анҳор соҳилидаги текис йӯлакда борар эканман, салқин ҳаво танга ором беради, руҳни яйратади. Соҳилда кимдир пиёда, кимдир велосипедда сайр этади. Болалар, ӯсмирлар роликларда ғизиллаб ӯтишади. Дам олувчилар орасида инглизча, немисча, франсузча, дунёнинг бошқа тилларида сӯзлашиб бораётган сайёҳлар тез-тез учрайди. Ана, бир йигит мажнунтол тагида сув эпкинига юзини тутганча берилиб китоб ӯқияпти. Ӯғилчасини кӯтариб олган йигит нариги соҳилдаги баланд яшил деворларни кӯрсатиб, нималардир дейди…

Шу лаҳза тошкентлик танишларимдан бирининг сӯзларини эслайман: «Ӯтган йилнинг феврал ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизнинг Олмазор туманимизга келгандилар. Ӯшанда сув иншоотлари соҳилларини ободонлаштириш, сайилгоҳларга айлантириш ҳақида кӯрсатма бериб кетдилар…»

Анҳор бӯйидаги «Сойбӯйи» сайилгоҳи ана шундай бунёд этилди. Тӯғри, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ноқонуний тарзда қурилган 30 тага яқин иншоотни бузишга тӯғри келди. Лекин ажойиб бир дам олиш, маданият ва маърифат маскани бунёд этилди. Тошкентликлар ва шаҳар меҳмонлари учун яна битта истироҳатгоҳ пайдо бӯлди…

Бешёғоч томонга борар эканман, атрофга нигоҳ ташлаб, Тошкентда кейинги бир йил орасида амалга оширилган мислсиз бунёдкорлик, ободончилик,  йӯлсозлик ҳақида ӯйлаб борардим. Шунда қатор-қатор  баланд-баланд қурилиш кранларига кӯзим тушди. У ерда Тошкент-сити қурилиши бораётганди. Тошкент марказидаги замонавий шаҳарча қурилиши. Тошкент-сити ҳақида интернетда ӯқиганларимни эслайман. 1 миллиарддан кӯпроқ маблағ сарфланадиган Тошкент-ситининг умумий майдони 800 минг квадрат метр бӯлиши, 40 қаватлигача бӯлган бинолар,  21 қаватли беш юлдузли меҳмонхона, барча замонавий шароитлар яратиладиган муҳташам конгресс-холл, ям-яшил парк кӯз олдимга келади. Университетга ӯқишга кирган йилим Тошкент-сити ӯрнида бӯлган маҳаллалардан бирига танишларимдан бири ижарада турган уйни қидириб борганимни эслайман. Тор кӯча, пастқам уйлар, бошинг айланса, елканг айланмайдиган ҳовли… Инсон истаса-истамаса, қиёслар экан, қирқ қаватли бинолар қаерда-ю, номига оқлаб қӯйилган лойсувоқ уйлар қаерда?

Ӯзбекистон пойтахтида яна қанча янгиликларни кӯрдим. Тошкент билан яна кӯришишни дилга тугиб, уйга қайтар эканман, обод Душанбени, айниқса, собиқ Ленин проспекти, ҳозирги Рудакий хиёбонидаги бир-биридан кӯркам, кӯқка бӯй чӯзган биноларни кӯз олдимга келтираман. Мустақилликнинг икки қӯшни мамлакатга қандай имкониятлар бераётганлиги, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги учун куйинадиган инсонлар сарвар бӯлса,  гуллаб-яшнаш шунчаки сӯзда эмас, амалда бӯлишини ӯйлайман…

                                                         Ӯринбой УСМОН,

                 Тожикистон Ёзувчилар ва Журналистлар иттифоқлари аъзоси.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: