Байден БМТ Бош ассамблеясида: АҚШ дипломатияга таянган дунёқарашни илгари суради

Яқин ўн йиллик дунёнинг келажагини белгилаб беради, деди АҚШ президенти Жо Байден 21 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясидаги нутқ ида. Бу Байденнинг Қўшма Штатлар президенти ўлароқ БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган илк нутқи бўлди.

АҚШ президентига кўра, унинг маъмурияти дипломатияга таянган дунёқарашни илгари суриш ниятида. Байден урғулашича, Вашингтон кўплаб мамлакатлар ҳамда Евроиттифоқ билан муҳим ҳамкорлик алоқаларини тиклаган. Президент Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳам муносабатлар қайтадан йўлга қўйилганини таъкидлаган.

АҚШ ҳарбий қудратини ишга солиши мумкин, аммо бу энг сўнгги чора бўлади. “Пандемияга қарши курашда қуролдан фойда йўқ”, деган Байден COVID-19 га қарши илмий ишланмалар аҳамияти ҳақида сўзларкан.

Оқ уй раҳбари иқлимга доир масалаларнинг муҳимлигини айтган ва АҚШнинг Иқлим бўйича Париж битимига қайтганини эслатган.

Президент ўз нутқида Кобул аэропортида ҳалок бўлган америкалик аскарларни ҳам ёдга олган. “Биз террорчи гуруҳларга қарши қандай курашишни биламиз”, деган у. Байденга кўра, хавфсизлик ҳарбий амалиётлар орқали эмас, балки одамлар турмушини яхшилаш билан таъминланиши керак.

Вашингтон “Катта еттилик” давлатлари билан ҳамкорликда миллионлаб одамга инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришга тайёр, дея қайд этган АҚШ президенти.

Араб-исроил можаросига тўхталаркан, Байден бу борада қўшдавлатчилик тарафдори эканини айтган. Унинг фикрича, Исроил Фаластин давлати билан тинч қўшничилик алоқаларини ўрнатиши лозим.

“Мен бу ерда 20 йил деганда илк бор АҚШ ҳеч бир жойда уруш олиб бормаётган пайтда нутқ сўзлаяпман. Энг яхши келажак қуришни бугуноқ бошлаш мумкин”, деган Байден.

Байден ва Оқ уйнинг нуқтаи назари ундан олдинги президент Дональд Трамп амал қилган “Америка ҳаммасидан муҳим” доктринасидан кескин фарқ қилади.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: