Туркманистон фуқаролари ЖССТдан ҳукуматни COVID-19 эпидемиясини тан олишга мажбур этишни илтимос қилди

Туркманистон фуқаролик жамияти мамлакатда COVID-19 эпидемияси мавжудлигини тан олишга ҳукуматни мажбур этишни сўраб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мурожаат қилди .

Мактуб муаллифлари Туркманистон ҳукумати “мамлакатда COVID-19 борлигини инкор этиб, касаллик кўлами ва аҳоли ўлим даражасини ҳануз яшираётгани”ни урғулашган. Уларга кўра, касалхоналар тўлиб-тошган, аксари одамларда ётиб даволаниш учун пул йўқ.

“COVID-19 нинг барча аломатлари бўлган ва, муҳтамалан, ушбу инфекция юқиши асоратларидан вафот этган ўнлаб кишининг исми бизга маълум. COVID-19 дан ўлганлар сони анча кўплигига ишончимиз комил, аммо ўлимга коронавирус сабаб бўлганини тасдиқлата олмаяпмиз, чунки марҳумларнинг қариндошлари ва тиббиёт ходимлари маълумотларни биз билан ўртоқлашишдан қўрқишади”, дейилган ЖССТга йўлланган мурожаатномада.

Хат муаллифларига кўра, “Туркманистон ҳукуматининг COVID-19 пандемиясини инкор этиши, мамлакатда ахборот олиш ва тарқатишга нисбатан қўлланилаётган тақиқлар фуқароларнинг хатардан бехабар қолишига олиб келган”. Шу муносабат билан улар ЖССТдан ҳукуматнинг беморларга оид биологик материалларни экспертизадан ўтказиш ваъдасини бажаришига эришишни илтимос қилишган. Бу, уларнинг наздида, “Туркманистонни ўз ҳудудида COVID-19 тарқалганини тан олишга мажбур этиш йўлида муҳим қадам бўлади”.

Озодликнинг туркман хизмати хабар ига кўра, Ашхобод касалхоналари беморлар билан тўлиб-тошган, коронавирус симптомлари билан келган кўплаб одамлар ётиб даволанишга қўйилмаяпти. Шунингдек, мамлакатнинг турли вилоятларида айрим аҳоли масканлари карантинга олингани маълум қилинган. Айни пайтда Тошҳовуз вилоятининг Ниёзов туманига (этрапига) кириш-чиқиш ман этилган.

Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирус йўқлигини иддао қилиб келади. Ўз навбатида, мустақил ОАВ мамлакатда COVID-19 анчадан бери мавжудлиги ва кўп одамнинг ўлимига сабаб бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Ковид борлиги инкор этилганига қарамай, Туркманистонда қатъий чекловлар жорий этилган, одамлар ниқоб тақиб юришга мажбур қилинмоқда. Аммо расмийлар буни Орол денгизи тарафдан келган “зарарли чанг-тўзон” хавфи билан изоҳлашади. Мамлакатда коронавирусга тест топшириш амалиёти мавжуд, бироқ ижобий натижали тест маълумотномаси қўлга берилмайди.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: