ТОЖИКИСТОНДА ҚОЛИБ КЕТГАН АФҒОН УЧУВЧИЛАРИ МАСАЛАСИ АҚШ КОНГРЕССИДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Тожикистонда АҚШга ёки учинчи давлатга жўнатишларини кутиб қолган афғон учувчилари ва ҳарбий хизматчилари тақдиридан хавотир билдирди .

Орасида ҳадемай кўзи ёрийдиган ҳомиладор аёл ҳам бўлган бу учувчилар америкаликларнинг шогирдлари бўлиб ҳисобланишади.

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг 143 нафар афғонистонлик учувчи ва ҳарбий Тожикистонга учиб келган. Улар маҳаллий университет ётоқхонасига жойлаштирилган, сўнгра Тожикистоннинг тоғли жойдаги санаторийларидан бирига кўчирилган.

Ллойд Остин бу ҳақда 28 сентябрь куни АҚШ Конгресси қуролли кучлар қўмитасида бўлиб ўтган тингловлар чоғида маълум қилган. Тожик ҳукумати хавфсизлик нуқтаи назаридан изоҳ беришдан тийилмоқда, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Ўтган ҳафта Reuters агентлиги, ушбу учувчилардан айримларининг сўзларига таянган ҳолда, мазкур ҳарбий хизматчиларнинг барчаси тоғ санаторийсида сақланаётгани ва улар ўз келажагидан хавотир олишаётгани ҳақида ёзган.

Пентагон раҳбарининг нутқига изоҳ бераркан, Республикачилар партияси вакили бўлмиш депутат Остин Скотт Тожикистондан учувчиларни олиб чиқиб кетиш пайсалга солинаётганидан норозилигини билдирган: “Тожикистонда бир учувчи аёл ҳам бор, у ҳомиладор бўлиб, туғадиган вақти яқинлашиб қолган. Биз унинг Тожикистон чиқиб кетишига ёрдам беришимиз керак”, деган Скотт. Бунга жавобан Ллойд Остин масалани ўрганиб, Давлат департаментига ечим таклиф қилишини айтган.

Толибон собиқ ҳукумат билан ишлаган ҳарбийлар хизмат жойларига қайтиши мумкинлиги ва улар ҳаётига ҳеч нима хавф солмаётганини эълон қилган эди. Бироқ толибларнинг бу каби баёнотларига ишончсизлик жуда юқори.

Тожикистонда юрган афғонистонлик айрим ҳарбийлар Канададан бошпана сўраганлар.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: