ЕИ УКРАИНА ҲУДУДИДА ҲАРБИЙ-ЎҚУВ МИССИЯСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛАДИ

Европа Иттифоқи Украина ҳудудида ҳарбий маслаҳат ва ўқув-машғулот миссиясини ташкил қилиши мумкин. Бу ҳақда ЕИ ташқи сиёсий алоқалар маҳкамасининг ички ҳужжатларига таянган ҳолда Германиянинг “Welt am Sonntag” нашри хабар қилди.

Журналистлар маълумотига кўра, миссияни ташкил қилишга Болтиқбўйи мамлакатлари, шунингдек Руминия, Словакия ва Польша ундамоқда. Уларни Швеция ҳамда Финляндия қӯллаяпти. Ҳужжатда келтирилишича, Европа мазкур миссияни ташкил қилиш орқали Россиянинг Украина чегаралари яқинида ҳарбий фаоллашуви ва Қримни аннексия қилиши манзарасида Киевни қўллаб-қувватлаяжаги ҳақида мужда йўллаган бўлади.

“Welt” газетаси хабарига кўра, Украина ТИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги миссия ташкил этиш илтимоси билан жорий йилнинг ёзидаёқ ЕИ ташқи сиёсат маҳкамаси бошлиғи Жозеп Боррелга мурожаат қилган.

Шанба куни Украина президенти Владимир Зеленский Киев бундан буён ЕИ ва НАТОда ўзини меҳмон каби ҳис қила олмаслиги ва аллақачон ушбу ташкилотларга аъзо бўлишга лойиқлигини айтган эди. Аввалроқ Евроиттифоқ ва НАТО Киевни дастаклашини билдирган, бироқ Украинанинг ЕИ ва ҳарбий альянсга қабул қилиниши муддатларини очиқламаган.

Баҳорда Россия ўз қўшинларининг бир қисмини жануби-ғарбий чегараларга ташлаган ва бу Украина билан муносабатлар яна бир карра кескинлашишига сабаб бўлган эди. Россия Мудофаа вазирлиги қўшинлар силжишини ўз ҳудудида машғулотлар ўтказилаётгани билан изоҳлаган. Бир қанча вақтдан сўнг қўшинлар чекинган, аммо Украина билан чегара яқинида Россиянинг қанча аскарлари қолгани ҳануз маълум эмас, деб ёзган “Welt” нашри.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: