ҚАТАРДА ЎТКАЗИЛГАН БИРИНЧИ ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВИДА БИРОР АЁЛ НОМЗОД ҒАЛАБА ҚОЗОНМАДИ

Қатарда ўтказилган илк парламент сайловида аёл номзодлар ёппасига мағлубиятга учради. Парламент функцияларига эга маслаҳат кенгашидаги (Мажлис аш-Шўро)  30 ўриннинг барчасини эркаклар эгаллади, дея  хабар қилди  «Немис тўлқини”.

Мажлис аш-Шўрога 26 нафар аёл номзод қилиб кўрсатилган, аммо ҳеч бири парламентга ўтолмаган.

Манбаларга кўра, сайловда овоз бериш ёшига етган фуқароларнинг 44 фоизи иштирок этган. Сайловчилар 233 номзод орасидан 30 нафарини сайлаши лозим эди – бу қонун чиқарувчи орган таркибининг учдан икки қисмини ташкил қилади. Қолган 15 нафар депутат эса мамлакат амири томонидан тайинланади.

Қатар монархия давлати бўлиб, якуний қарорни ҳамиша амир қабул қилади.

Мажлис аш-Шўро қонунлар қабул қилиши, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва давлат бюджетини тасдиқлаши мумкин. Шу билан бирга, мазкур орган ижроия ҳокимияти – полиция ва қуролли кучлар устидан назорат олиб боради. Аммо у мамлакатнинг иқтисодий ва инвестицион сиёсатини назорат қилишга ҳақли эмас.

Қатарда сиёсий партиялар фаолияти тақиқланган бўлиб, илгари у ерда фақат муниципал сайловлар ўтказилган. 2003-йилги халқ референдумида маслаҳат кенгаши аъзолари овоз бериш йўли билан сайланишини кўзда тутувчи янги конституция қабул қилинган. Шунга қарамай, сайлов пайсалга солинган ва яқиндагина Қатар амири Тамим бин Ҳамад ал Таний сайлов тўғрисидаги қонунни маъқуллаган.

Human Rights Watch ҳуқуқбонлик ташкилотига кўра, минглаб фуқаро сайловда қатнашишига йўл қўйилмаган. Мамлакатда сайлов тўғрисидаги қонунга қарши норозилик намойиши бўлиб ўтган, намойишчилардан 15 нафари ҳибсга олинган.

Қатар бош вазири ўринбосари шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон сайловни “янги тажриба” деб атаган. Унга кўра, Мажлис аш-Шўро ўз фаолиятининг илк йилидаёқ парламентнинг барча ҳуқуқларига эга бўла олмайди.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: