БАЙДЕН: СЕНАТДАГИ РЕСПУБЛИКАЧИЛАР АЙБИ БИЛАН АҚШДА ДЕФОЛТ БЎЛИШИ МУМКИН

АҚШ президенти Жо Байден сиёсий мухолифлари бўлмиш республикачиларни Конгрессда давлат қарзига лимитни кўтариш ғоясини қўллашни истамаётганликда айблаб, бу икки ҳафтадан сўнг илк бор мамлакатнинг қарз мажбуриятлари бўйича дефолтга олиб келиши мумкинлигини айтди .

4-октябр куни Оқ уйдаги чиқишида Байден республикачилар давлат қарзи энг юқори нуқтасини кўтариш таклифини ўтказмай, АҚШ иқтисодиёти билан “рус рулеткаси” ўйинини ўйнаётганини айтган. Унинг фикрича, мазкур чора фоизлар ҳисобига муттасил ортиб бораётган мавжуд давлат қарзи бўйича ишлаш учун зарур.

Президент қарзни тўлаш – АҚШнинг ўзгармас принципи эканини таъкидлаб, республикачи президент Дональд Трамп даврида республикачилар ҳамиша давлат қарзи лимитини оширишга овоз беришганини эслатган. Шунингдек, Байденга кўра, Трамп маъмурияти даврида солиқлар кескин камайтирилгани туфайли давлат ғазнасига тушадиган пуллар триллионлаб долларга камайган.

Moody’s баҳосига кўра , федерал дефолт, АҚШ иқтисодиётининг қисқа вақт ичида ҳалокатга учратмаган тақдирда ҳам, жиддий муаммо бўлади ва хусусий кредитлар фоизларининг ўсишига, истиқболда эса ишсизлик ортишига ва иқтисодий инқирозга олиб келади.

Ҳозирда АҚШда давлат қарзи лимити 28.4 триллион долларни ташкил этади. Вакиллар палатаси лимитни кўтариш ғоясини маъқуллаган, аммо аъзоларининг ярми республикачилардан иборат Сенат уни ўтказмаяпти. Республикачилар давлат қарзи лимитини ошириш учун демократларда шусиз ҳам етарлича овоз борлигини иддао қилишмоқда.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: