БМТ ҲИСОБОТИ: РОССИЯЛИК ЁЛЛАНМА АСКАРЛАР ЛИВИЯДА ЖИНОЯТЛАР СОДИР ЭТИШГАН

Ливиядаги қуролли можаронинг барча томонлари, жумладан россиялик ёлланма аскарлар ҳам можародаги иштироки чоғида инсон ҳуқуқларини кўплаб маротаба бузган, ушбу ҳуқуқбузарликлардан айримларини ҳарбий жиноят ёки инсониятга қарши жиноят ўлароқ малакалаш мумкин.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши бошлиги остида Ливияга йўлланган мустақил суриштирув миссияси ана шундай хулосага келган .

Миссия ҳисоботи 7-октябр куни Женевада тақдим этилади. Муаллифлар содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини ҳам тузишган, бироқ бу маълумот ҳозирча махфий сақланмоқда.

Ҳисоботга кўра, Ливия можароси томонларидан бирини қӯллаган “Вагнер ХҲШ”нинг россиялик ёлланма аскарлари, чамаси, ҳарбий жиноятлар содир этишган, жумладан асирларни отиб ташлашган. Шунингдек, ёлланма жангчилар ўрнатган миналарга дуч келиб бир қанча тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Миналанган майдонлар харитаси ХҲШ жангчилари унутиб қолдиргани тахмин қилинаётган планшетдан топилган эди. Бу ҳақда Британия матбуоти хабар қилган.

Суриштирувчиларга кўра, асирларни қийнаш ва тинч аҳолини ўлдириш каби жиноятларда россияликлар дастаклаган генерал Халифа Ҳафтар армияси ҳам, БМТ тан олган Триполи ҳукумати отрядлари ҳам айбдор.

Расмий Москва Ливиядаги жангларда россиялик ёлланма ҳарбийлар иштирокини инкор этиб келади, ҳолбуки уларнинг камида мамлакатда бўлганини ва Ҳафтар қўшинларига мадад берганини тасдиқловчи кўпдан-кўп далил мавжуд.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: