СААКАШВИЛИ ЎЗИНИ “ПУТИН АСИРИ” ДЕБ АТАДИ ВА ТИББИЙ ЁРДАМДАН ВОЗ КЕЧДИ

Тбилисининг Рустави қамоқхонасида сақланаётган Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ўз талаблари бажарилгунича ёки “умрининг охиригача” очликни тўхтатмаслигини билдирди ва тиббий ёрдамдан бош тортди.

Саакашвилининг бу ҳақдаги мактуби Фейсбукда грузин тилидан ташқари украин, инглиз ва рус тилида эълон қилинди.

“Ўзингизлар билганингиздай, мен очлик эълон қилдим ва сиз яна бир нарсани билишингизни истайман: мен очликни менинг ортимдан қамалган шахслар озод қилинмагунига қадар, ҳар қандай ҳолатда ҳам тўхтатмайман”, -деб ёзди Саакашвили.

У ўз мактубида “хушини йўқотган тақдирда ҳам тиббий ёрдам ва ҳар қандай тиббий аралашувдан бош тортгани” ни таъкидлади. Саакашвили бу ҳаракат “ эркинлик ва демократияни қайта тиклаш учун” ўз тарафдорларини “уйғотишга қаратилган қадам” эканини билдирди.

Саакашвили Украина президенти Владимир Зеленскийга ёзган яна бир мактубида ўзини “Путиннинг шахсий асири” сифатида ҳис қилаётганини айтган.

2-октябрда Грузияда 64 шаҳар мэрлигига ва маҳаллий кенгаш депутатлигига сайлов бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга қараганда, сайловчиларнинг 40,3 фоизи ҳукмурон “Грузия орзуси” партиясига, 27,97 фоизи мухолифатдаги “Бирлашган миллий ҳаракат”га, 8,85 фоизи Грузия учун сиёсий партиясига овоз берди.

Сайлов ўтган йили “Грузия орзуси” сайловда ғолиб бўлганидан сўнг юзага келган сиёсий инқироз даврида бўлиб ўтди. Мухолифат ўтган йилги сайловлар натижалари сохталаштирилганини айтиб келади. Ҳукумат эса бу иддаони инкор қилган.

Сайлов муносабати билан Грузияга қайтган собиқ президент Михаил Саакашвили 1-октябр куни қамоққа олинди. Рустав ҳибсхонасида сақланаётган Саакашвили норозилик сифатида очлик эълон қилди.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: