АҚШ СЕНАТОРЛАРИ ДИПЛОМАТЛАР СОНИ БЎЙИЧА РОССИЯ БИЛАН ПАРИТЕТ ЎРНАТИШГА ЧАҚИРДИ

Америкалик сенаторлардан бир гуруҳи президент Жо Байденни мамлакатнинг Москвадаги элчихонаси дипломатик ходимлари сонини оширишга, Россия томони бунга рози бўлмаган тақдирда эса, россиялик дипломатларнинг бир қисмини Вашингтондан бадарға қилишга чақирди.

Ушбу демарш Сенатнинг ташқи ишлар қўмитаси ва разведка қўмитаси етакчилари томонидан таклиф қилинган. Reuters агентлиги мазкур қадам Москва ҳамда Вашингтон ўртасида кескинлик ортишига олиб келиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Сенаторлар Байденга мурожаатида Россия томонидан яқинда АҚШнинг Москвадаги элчихонаси дипломатик ходимлари сони камайтирилганидан ташвиш билдирганлар. Бу қисқартириш, улар фикрича, элчихона фаолиятини қийинлаштирибгина қолмай, АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши ҳам мумкин.

Мактубда гап август ойида АҚШнинг Москвадаги элчихонасига маҳаллий аҳоли орасидан ходимлар ёллаш тақиқлаб қўйилгани ҳақида борган. Россия ҳукуматининг мазкур қарори АҚШ дипломатик миссиясини 182 ходим ва шартнома асосида ишловчи ўнлаб кишини бўшатиб юборишга мажбур қилган эди.

Сенаторлар АҚШнинг Россиядаги элчихонаси ходимлари 100 нафарга етмагани ҳолда Қўшма Штатлар ҳудудида Россиянинг 400 нафар дипломати ишлаб келаётганини урғулаганлар.

“Дипломатик ваколатхоналар ходимлари сонидаги бундай номутаносибликка йўл қўйиб бўлмайди”, деб ҳисоблайди америкалик сенаторлар. Уларга кўра, Россия элчихоналар персонали сони “паритетга яқин” бўлиши учун етарлича виза бериши лозим. Акс ҳолда, сенаторлар паритетни АҚШдаги Россия элчихонаси ходимлари сонини қисқартириш орқали тиклашга чақиришган.

Вазият шу тариқа ривожланган тақдирда 300 нафаргача россиялик дипломат АҚШдан бадарға қилиниши мумкин.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: