ЗЕЛЕНСКИЙ ҚРИМДАГИ САЙЛОВГА АЛОҚАДОР ШАХСЛАРГА ҚАРШИ САНКЦИЯ ЖОРИЙ ҚИЛДИ

Украина президенти Владимир Зеленский Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ҳудудида Давлат думаси сайловини ўтказишга алоқадор бўлган 95 киши нисбатан муддатсиз санкциялар жорий қилди. Қайд этилишича, мазкур рўйхатдан жой олган шахслар орасида Россия фуқароларидан ташқари украиналиклар ҳам бор.

Санкция рўйхатига тушган кишиларнинг кўпчилиги сайловда номзод ўлароқ иштирок этган. Бундан ташқари, ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимларига нисбатан ҳам чеклов чоралари киритилган.

Зеленский Россиянинг уч корхонаси – кема чироқларини ишлаб чиқарадиган “Маяк” заводи, Амур кемасозлик заводи ва Қозон порох заводига қарши ҳам уч йиллик санкция жорий этган.

Санкциялар активларни музлатиш, савдо-сотиқ операцияларини чеклаш, Украина ҳудуди бўйлаб ресурслар транзити, парвозлар ва юк ташишни тўхтатиб қўйиш, давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага олишда иштирок этишни тақиқлаш, Украина ҳудудига валюта активларини олиб кириш ёки олиб чиқиш учун рухсатнома беришни тўхтатиш ҳамда тўлов карталари бўйича нақд пул беришни чеклаш кабиларни назарда тутади.

Қрим 2014-йил март ойида Россия томонидан аннексия қилинганди. Ўшанда ўтказилган референдум Украина қонунларига зид равишда ўтказилгани қайд этилган. Украина яриморолни Россия томонидан вақтинча ишғол этилган ҳудуд деб ҳисоблайди, Ғарб давлатлари эса Россиядан аннексиядан воз кечиб, Қримни Украинага қайтаришни талаб қилиб келишади. Кремль эса яриморолнинг Россияга қўшилиши аллақачон ҳал этилгани, бу масалага бошқа қайтилмаслигини урғулаб келади.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: