МЕДИАСАВОДХОНЛИК-ДАВР ТАЛАБИ

Интернет тармоқларида бот-бот тилга олинаётган “медиасаводхонлик” ҳақида мақола тайёрлашни анча олдин ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Аммо бунинг учун бир мунча вақт керак бўлди. Ўтган вақт ичида ушбу мавзуни имкон қадар ўрганиб чиқдик. Ушбу атама нега бунчалик машҳур бўлиб кетди? Нега интернет тармоқлари фойдаланувчиларининг ҳар учинчиси ушбу термин ҳақида гапирмоқда? Умуман “медиасаводхонлик”нинг ўзи нима? Ушбу терминнинг журналистикага нима алоқаси бор? Медиасаводхонликнинг китоб ўқишга алоқаси борми? Медиасаводхонлик ёшлар ўртасида номақбул гуруҳларга қўшилиб кетишнинг олдини олишга қандай ёрдам бериши мумкин? Унинг келиб чиқиш тарихи қаерга бориб тақалади? Бугунги ахборот тўлқини даврида медиасаводхон бўлишнинг иложи борми?

Одамзот ҳамма нарсанинг уддасидан чиққан, турли касалликларга даво топган, совуқ ва иссиқда қолмасликнинг йўлини қилган, ҳайвонларни қўлга ўргатган. Турли ихтиролар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.

Статистик маълумотларга кўра, охирги 50 йилда қилинган ихтиролар сони, ўтган XIX асрдагидан бир неча 10 марта кўпроқдир. Ихтиролар сонининг ортиши омма ўртасида ахборот алмашинувини бир неча юз марта тезлаштирди. Оддийгина мисол қилиб мактубларни манзилга етказишни олиш мумкин. Ота-боболаримиз ўтган аср-нинг 50-60- йилларида бирор республикадаги танишига мактуб жўнатишса, унинг жавобини 1 ёки 2 ой кутишган. Бугунги кунда бўлса бунинг учун сониялар кифоя қилади.

Ахборот олиш манбаларининг жадал ривожланиши оммада танлаш имкониятини юзага келтирди. Энди кишига бир газета ёқмаса бошқасини сотиб олиши, радиони бир каналдан бошқа каналга алмаштириши, ўзига ёқмаган кўрсатувни ўчириб, бошқа телеканалга олиши мумкин. Интернет пайдо бўлгач эса ахборот етказиб бериш ва қабул қилишда бошқарув деган нарса ўртадан кўтарилди. Бугун қўлида интернет тармоғига уланган телефони бўлган ҳам ахборот тарқатувчи, ҳам ахборот қабул қилувчи ролини ўйнаши мумкин. Ушбу жараён кучайгани сари ундан фойдаланувчиларни бошқариш қийинлашиб бормоқда. Бугунги кунда бирор сайтдан фойдаланишни таъқиқлаб қўйиш ҳеч гап эмас, аммо бу қанчалик кутилган натижани бериши маълум эмас. Тарихдан маълумки, барча замонда таъқиқланган нарсалар машҳурликка тез эришади. Демак, бугунги жамиятда бирор нарсани таъқиқлашдан кўра, ундан тўғри фойдаланишни ўргатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Келинг, энди медиасаводхонликнинг шарҳига ўтайлик.

Яхшиси, медиасаводхонлик нима эканлигини билишдан олдин уни икки қисмга, яъни “медиа” ва “саводхонлик”ка ажратиб оламиз ва уларни алоҳида кўриб чиқамиз.

МЕДИА НИМА?

Агар сиздан либос нима эканлигини сўрасак, кўз олдингизга одамнинг танасини ёпиб турувчи нарса, мода кўргазмалари келади. Овқат нималиги сўралганда эса одамни очликдан қутқарувчи егуликни тушунасиз. Шундоқ эмасми?

Демак, аввало, “медиа” асли нима эканлиги ва у бугун бизнинг ҳаётимизда қандай рол ўйнашини билишимиз керак.

Mеdia (инглиз тилидаги. Mеdiator) сўзидан олинган бўлиб, алоқа воситалари, ахборот узатиш воситалари ҳамда медиадан фойдаланилган таълим муҳитини ўз ичига оладиган кенг тушунчадир.

Агар оддий қилиб айтсак, медиа бизга маълумот олишда ва уни тарқатишда ёрдам берувчи нарсалар тўпламидир. Сиз бугун медиани ҳар қадамингизда учратасиз, медиасиз бугун ҳаётни тасаввур қилиш нафақат қийин, балки иложсиз десак ҳам бўлаверади.

Медиасиз яшаш деганда телефон ишлатмаслик, радио эшитмаслик, телевидение кўрмаслик, газета, йўлдаги реклама ёрлиқлари, таблоларни ўқимаслик тушунилади.

Инсон ҳар доим информация олишга ташна бўлиб келган, у қанча кўп ахборот олмасин, камдек туюлаверади. Медиа ҳаётимизни қанчалик кенг қамраб олганини билишни хоҳлайсизми? Унда бир саволимга жавоб беринг: 4 ёки 5 йил кўрмаган дўстингизни учратиб қолсангиз, қандай савол берасиз? Саломлашгандан сўнг, албатта, “нима янгиликлар?” деб сўрайсиз. Шундай эмасми? Сиз ўзингиз буни сезмайсиз, лекин сиз медианинг бир бўлагига айланиб улгургансиз. Бу сизнинг ахборотга қанчалик ташна эканлигингизни кўрсатади.

САВОДХОНЛИК НИМА?

Келинг, “Медиасавохонлик” терминининг иккинчи қисмини кўриб чиқамиз. “Саводхонлик” терминини эшитмаган одам бўлмаса керак. Саводхонликнинг даражаси қандай ўлчанади? Китобни кўп ўқиган одамгина саводхон бўла оладими? Умуман, “саводхонлик” деганда нима тушунилади? Бу тушунчанинг аввалги замон (XIX асргача) ва ҳозирги замондаги маънолари фарқ қиладими? Бунинг медиага нима алоқаси бор?

Ҳар бирингиз умрингиз давомида бир марта бўлса ҳам “саводи паст” деган сўзни эшитгансиз. Бу сўз, балки сизга, балки бирор дўстингизга қараб айтилгандир. Хўш, саводхонлик даражаси қандай ўлчанади?

Илгари саводхонлик ҳақида сўз кетганда одамнинг маълумоти, унинг ёзма ва оғзаки нутқи, фикрлаш кенглиги ва тафаккури кўзда тутилган.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак илгари, агар сиз кўп китоб ўқиган бўлсангиз, нутқингиз бурро, овозингиз ширали, фикрлаш доирангиз бошқаларникидан фарқ қилган бўлса, сизни саводхон деб ҳисоблаш мумкин бўлган.

Хўш, бугун стандартлар қандай? Нима ўзгарди?

Бугунги кунда ушбу тушунча инсон фаолиятининг кўп сонли йўналишларини, шу жумладан, ахборот, медиа ва рақамли коммуникация воситалари билан боғлиқ фаолиятни ҳам қамраб олади.

Бугун саводхон бўлиш учун биргина китоб ўқишнинг ёки чиройли гапиришнинг ўзи камлик қилади. Бугун тўлақонли саводхон бўлиш учун сиз тарозининг икки палласини бир хилда тутишингиз керак. Тўғри, кўп китоб ўқиш бу саводхонлик асоси, аммо бугун ушбу стандартларга яна бир нарса, яъни замонавий ахборот технологияларидан тўғри ва ўз ўрнида фойдалана олиш қобилияти ҳам қўшилди. Бугунги саводхон одам тарозининг иккови палласини ҳам бир хил ушлаб турмоғи керак.

Ахборот технологиялари ўзи нима?

Ахборот технологиялари деганда бизга ахборотни топиш, ўқиш, кўриш, таҳлил қилиш, сақлаш ва бошқаларга узатишга ёрдам берувчи технологиялар жамланмаси тушунилади.

Охирги олтмиш йил ичида мислсиз катта ўзгаришлар юзага келди. Телевидение, интернет, телефон, ижтимоий тармоқлар, блоглар, ахборот етказиб берувчи турли каналларнинг пайдо бўлиши одамларда ушбу ахборот тарқатиш каналлари орқали берилаётган ахборотни таҳлил қилишда бир мунча қийинчиликларни юзага келтирди.

МЕДИАСАВОДХОНЛИК НИМА?

“Медиа” ва “саводхонлик” нима эканлигини билиб олдик, зийрак одам аллақачон тушуниб олишга улгурди. Ҳаммага бир хилдек тушунарли бўлиши учун ушбу терминнинг маъносини ва у нима учун кераклигини тушунтириб ўтамиз.

Медиа саводхонлиги — бу одамларга турли хил оммавий ахборот воситалари, жанрлар ва шаклларда маълумотларни таҳлил қилиш, баҳолаш ва яратиш имкониятини берадиган кўникма ва қобилиятларнинг тўпламидир.

“Саралаш” термини кўпинча қишлоқ хўжалигида ишлатилади, меваларни, сабзавотларни бозорга сотишга олиб чиқишдан олдин саралашади. Медиасаводхонлик эса худди шу ахборот тўлқинини том маънода саралашни ўргатади.

Керакли ва кераксиз, тўғри ва ёлғон ахборотни таниш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва гуруҳларга ажратишга ёрдам беради.

Айни пайтда медиасаводхонлик куннинг асосий мавзусига айланмоқда. Чунки у биринчи ўринда ёшларнинг ўзлари билмаган ҳолда, тушуниб-ушунмай номақбул гуруҳларга қўшилиб қолишининг олдини олишда ҳизмат қилади. Шунинг учун ҳам ушбу соҳага бўлган эътибор кунора ортиб бормоқда.

Ўктам РИЗАЕВ

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: