ҚУРУҚ СУТ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЙӮЛГА ҚӮЙИЛДИ

8-октябр куни Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси–Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон Суғд вилоятининг Спитамен ноҳиясига ташриф буюрди.

Дастлаб давлат Сарвари ноҳиянинг Турсун Ӯлжабоев қишлоқ жамоатида “Шири Спитамен” масъулияти чекланган жамиятининг сут маҳсулотини ишлаб чиқариш корхонасини очиб берди.

Иншоотни маҳаллий тадбиркор-“Комбинати шири Душанбе” ёпиқ ҳиссадорлик жамияти муассиси Наврӯз Комилов Тожикистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 30-йиллиги муносабати билан 60 сотих майдонда қурилган. Корхона иккита ишлаб чиқариш линиясидан иборатдир.

Корхонани қуриш ва уни замонавий ускуналар билан таъминлашга 15,5 миллион сомоний сарфланган.

Корхонада 20 турдаги маҳсулот, жумладан ёғли ва ёғсиз қуруқ сут, пишлоқ зардоби, қиём қилинган сут, сметана, қаймоқ, творог, сариёғ, чучук қатиқ, кефир ва сузма ишлаб чиқариш йӯлга қӯйилган.

Мамлакат Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмонга маълум қилинишича, корхонанинг бир суткалик иқтидори 20 тоннадан ортиқ табиий сутни қайта ишлаш ва 1 тонна қуруқ сутни ишлаб чиқаришга тенг.

Эндиликда ушбу корхонада йӯлга қӯйилган қуруқ сутни ишлаб чиқариш республикада илк тажрибадир. Илгари бундай маҳсулот тури чет элдан олиб келинарди. “Шири Спитамен” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқариладиган қуруқ сут бозорда рақобатга чидамли бӯлиб, экспортга йӯналтирилган. Маҳсулот мамлакат ички бозорига сотувга чиқарилади, шунингдек қӯшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.

Давлат Сарвари муҳтарам Эмомали Раҳмон корхонанинг қурилиши, сут маҳсулотлари, жумладан қуруқ сут ишлаб чиқариш ва уни чет элга экспорт қилишнинг йӯлга қӯйилиши мамлакатни жадал саноатлаштиришга доир тӯртинчи миллий мақсад татбиғида муҳим қадам бӯлганини айтди.

Қуруқ сут 1, 2, 3 ва 25 килограммли халталарда ишлаб чиқарилади. Асосан чорвачилик хӯжаликлари, шунингдек ноҳия аҳолисидан олинган сут 6 та махсус машинада корхонага келтирилади. Тайёр бӯлган маҳсулотни ташиш учун ҳам зарурий мосламалар билан жиҳозланган автомашиналар бор. Корхонага ӯрнатилган асбоб-ускуналар дунёнинг илғор мамлакатларида ишлаб чиқарилган энг янги ускуналардир.

“Шири Спитамен” масъулияти чекланган жамиятининг фойдаланишга топширилиши билан 75 нафар маҳаллий аҳоли, асосан хотин-қизлар доимий иш жойи ва 1500-2000 сомоний маош билан таъминландилар. Маҳсулотни сақлаш учун замонавий стандартларга жавоб берадиган 3 та совутиш хонаси қурилган. Уларга 20 тоннадан ортиқ маҳсулот сиғади. Корхона замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораторияга эга. Сут қайта ишланишдан олдин тӯлик химик, физик ва микробиологик ташхисдан ӯтказилади. Хавфсизлик таъминланганига ишонч ҳосил қилинса, сӯнгра ишлаб чиқаришга йӯналтирилади.  

Тайёр маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлиги ҳам сотувга чиқарилгунга қадар бир неча босқичда текширилади. Лабораторияда бой тажрибага эга мутахассислар ишлайдилар.

Шу ерда “Комбинати шири Душанбе” ёпиқ ҳиссадорлик жамиятига қарашли корхоналарда ишлаб чиқарилган сут маҳсулоти кӯргазмаси ташкил қилинди. “Комбинати шири Душанбе”, “Фабрикаи шири Саодат”, “Шири Зафаробод” ва “Нури Сафар” корхоналарида табиий сутдан тайёрланган маҳсулот турлари кӯргазмага қӯйилганди.

Спитамен ноҳиясида сут маҳсулотини ишлаб чиқарувчи яна бир янги корхонанинг ташкил этилгани давлат ва хусусий сектор ӯртасидаги фойдали ҳамкорлик ҳамда тадбиркорлар фаолият юритиши учун яратилган қулай имконият натижасидир.

Статистик маълумотларга кӯра, республикага бир йилда 6,2 миллион долларга 7 тоннагача қуруқ сут импорт қилинарди. Эндиликда импорт ӯрнини босувчи қуруқ сут ишлаб чиқаришнинг жорий этилиши билан республикада бу маҳсулот турига бӯлган талабнинг бир қисми қондирилади.

Стандартларга кӯра, истеъмол маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлашда экологик жиҳатдан тоза хом ашёдан фойдаланиш жуда муҳимдир.

Янги корхонада қуруқ сутни палма ёғи ва бошқа кимёвий моддаларни қӯшмасдан ишлаб чиқариш тажрибаси йӯлга қӯйилган.

“Шири Спитамен” корхонаси масъуллари корхона иқтидорини ошириш орқали ички бозорни таъминлагандан сӯнг, маҳсулотни чет элга экспорт қилиш ниятидалар.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: