ПОКИСТОННИНГ БЕЛУЖИСТОН ВИЛОЯТИДА СОДИР БЎЛГАН ЗИЛЗИЛАДА 20 КИШИ НОБУД БЎЛДИ

Покистон жанубидаги Белужистон вилоятида рўй берган кучли зилзила оқибатида камида 20 киши нобуд бўлди. Покистон ОАВ хабарига кўра, қурбонлар орасида олти нафар бола ҳам бор. Табиий офатдан ҳаммаси бўлиб 300 дан зиёд одам жабр кўрган.

АҚШ Геология хизмати (USGS) маҳаллий вақт билан тунги соат 03:01 да 5,9 магнитудали ер силкиниши юз берганини қайд этган. Зилзила эпимаркази Харнай шаҳридан 14 чақирим шимоли-шарқда, 20.8 километр чуқурликда бўлгани айтилмоқда.

Dawn газетаси, табиий офатларга қарши кураш маҳаллий бошқармасига таянган ҳолда, ер силкинишлари Белужистон вилоятининг Сибби, Кветта, Пишин, Чаман ва бошқа шаҳарларида сезилганини хабар қилган. Ҳукумат табиий офат етказган талафот кўламини баҳоламоқда.

Зилзила минтақада электр таъминоти узилиб қолишига олиб келган, жумладан, жабрланганлар олиб борилган касалхоналар ҳам электр қувватисиз қолган.

2019-йилда Покистоннинг Ҳиндистон билан чегараси яқинида кучли ер силкиниши бўлган эди. Ўшанда маҳаллий аҳолидан ўнлаб одам қурбон бўлган, 500 дан зиёд киши жароҳат олган.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: