АҲМАД МАСЪУД ТОЛИБОННИ ГЕНОЦИД ВА ҲАРБИЙ ЖИНОЯТЛАРДА АЙБЛАБ ЧИҚДИ

Афғонистон миллий қаршилик жабҳаси 12-октябр куни эълон қилинган баёнотида Толибонни ҳарбий жиноятлар, тинч аҳолини қирғин қилиш, этник тозалаш, аҳолининг мол-мулкини талаш ва бошқа кирдикорларда айблаб, жаҳон ҳамжамиятини Афғонистондаги толиблар режимини тан олмасликка чақирди .

Қаршилик ҳаракати етакчиси Аҳмад Масъуд “Фейсбук”даги саҳифасида ёзишича, толиблар тинч аҳолини ўлдиришда ва намойишкорона жазолашда давом этишмоқда, талончилик ва жинсий зўравонлик билан шуғулланишмоқда. Унга кўра, толиблар Афғонистонда авторитар тузум ўрнатишяпти ва норози афғонларнинг овозини ўчиришяпти.

“Қундуздаги Сайид Обид масжидида намозхонларнинг оммавий ўлдирилиши, Қандаҳор, Балх, Дайкунди ва Андаробда тинч аҳоли уйларининг куч билан тортиб олиниши, Панжшер вилоятида тинч аҳолининг оммавий қатл этилиши – буларнинг барчаси толиблар томонидан ҳарбий жиноятлар, геноцид, этник тозалаш ва инсониятга қарши жиноятлар содир этилгани исботидир”, дейилган МҚФ етакчисининг баёнотида.

Толибон ушбу айбловларни инкор этмоқда. Радикал ҳаракат раҳбарияти Қундуздаги шиалар масжидида юз берган портлашда “Ислом давлати” гуруҳини айблади. Толибоннинг юксак мартабали мулозимлари тинч аҳоли ва собиқ ҳарбий хизматчиларнинг оммавий ўлдирилгани фактлари тафтиш қилинишини айтишаркан, бу маълумотларга ишонмасликларини таъкидлашяпти.

Толиблар, аксинча, кўчиб кетган одамлар ўз уйларига қайтиши учун барча шарт-шароитни яратишаётганини иддао қилишган.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: