ЕВРОПА ИТТИФОҚИ БИЛАН ЭРОН ЯДРОВИЙ БИТИМ БЎЙИЧА МУҲОКАМАНИ ҚАЙТАДАН БОШЛАМОҚДА

Европа Иттифоқининг юқори мартабали вакили шу ҳафта Эрон билан ядровий битим бўйича музокараларни янгидан бошлаш учун Теҳронга сафар қилади. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилди. Агентлик маълумотига кўра, Эронга Европа ташқи сиёсий маҳкамаси бошлиғининг ўринбосари Энрике Мора боради.

Bloomberg суҳбатдошларига кўра, ядровий битим иштирокчилари яқиндан бери “моки дипломатияси” билан шуғулланишмоқда, тўлақонли музокаралар эса уч ҳафта ичида бошланиши мумкин.

Брюссель мазкур хабар юзасидан изоҳ беришдан бош тортиб, ЕИ ташқи сиёсат идораси музокараларнинг имкон қадар тезроқ янгиланиши тарафдори эканини айтиш билан чекланган.

Ядровий битим 2015-йилда имзоланган. Унга Эрондан ташқари, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Хитой ҳамда Франция қўшилган. Битим Теҳронга қарши халқаро санкцияларни олиб ташлаш эвазига Эрон ядровий дастури чекланишини назарда тутади.

2018-йилда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп битимдан чиқиб, Эронга нисбатан бир томонлама санкция жорий этишга киришган. Битимнинг бошқа аъзолари бу қадамни танқид қилишган. Теҳрон эса бунга жавобан ўз мажбуриятларини босқичма-босқич камайтиришини эълон қилган ва ядровий тадқиқотларни қайтадан бошлаган.

АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден бир неча бор битимга қайтишга ваъда берган. Бунинг учун у санкцияларни бекор қилиши керак. Вашингтон бунга қарши эмас, лекин Қўшма Штатлар аввало Эроннинг ядровий ишланмалардан воз кечишини хоҳламоқда. Теҳрон эса биринчи навбатда санкциялар олиб ташланишини истайди.

  • Баҳорда Теҳрон ва битимга аъзо беш мамлакат битимни қайта тиклаш бўйича музокара бошлаган. Айни пайтда бу беш давлат Эрон иштирокисиз АҚШ билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Ишлар ёз бошларига қадар якунланиши кутилган эди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Эрон ТИВ яқинда берган баёнотида учрашувлар кузда Вена шаҳрида қайтадан бошланиши мумкинлигини билдирган.

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: