РОССИЯДА КОВИДНИНГ ЯНГИ АНТИРЕКОРДЛАРИ. МОСКВА ЛОКДАУНГА ҚАЙТМОҚДА

Москва мэрияси 28 октябрдан 7 ноябргача шаҳарда локдаун бўлиши ҳақида эълон қилди. Бу кунлар давомида фақат дорихоналар ва биринчи эҳтиёж учун ишлатиладиган буюмлар сотиладиган дўконлар очиқ бўлади. Москва областида ҳам худди шу каби чоралар амал қилади.

Болалар боғчалари ва мактабларда таътил эълон қилинган. Қўшимча таълим ташкилотлари, спорт мактаблари, болалар тўгараклари ва секциялар фаолияти тўхтатилган. Олий таълим муассасалари фақат онлайн форматда дарсларни давом эттиради.

Сергей Собяниннинг баёнотига кўра, савдо марказлари, кинотеатрлар, ҳайвонот боғлари, спортзаллар ва гўзаллик салонлари ёпиқлигича қолади. Ресторанлар фақат олиб кетиш ва етказиб бериш хизмати билан ишлаши мумкин.

Театрлар ва музейлар меҳмонларни фақат QR-кодлар бўйича қабул қилиши мумкин, ўриндиқларнинг фақат 50 фоизини тўлдиришга рухсат этилган.

Москвада пайшанба куни коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 7897 та янги ҳолат қайд этилган, бу кўрсаткич бир кун олдин 5847 тани ташкил этганди.

Рекордлар янгиланиши
Россияда сўнгги бир кунда 1036 киши коронавирус инфекциясидан зарарланиш оқибатида вафот этди. Бу пандемия бошидан буён кунлик ўлим ҳолатлари бўйича янги рекорд кўрсаткичдир. Расмий статистика бўйича, пандемия бошидан буён Россияда ковид қурбонлари сони 227 389 кишини ташкил этмоқда.

21 октябр тонгида берилган маълумотларга кўра, Россияда яна 36 339 кишида ковиддан зарарланиш ҳолати аниқланган. Бу ҳам кунлик ўсиш бўйича пандемия давридаги энг юқори натижадир. Бир кун олдин рекорд яна бир бор янгиланган ва янги ҳолатлар 34 073 тани ташкил этганди. Мамлакатда шу вақтгача қайд этилган жами касалланиш ҳолатлари 8 131 164 тага етган.

Жами 7 091 607 киши касалликдан тузалган, сўнгги бир кунда шифохоналардан 25 895 беморга жавоб берилган.

20 октябр куни Россия президенти Владимир Путин эпидемиологик вазият оғирлашгани туфайли 30 октябрдан 7 ноябргача мамлакатда ишланмайдиган кунлар бўлишини эълон қилганди, бу муддат алоҳида регионларда маҳаллий ҳукуматлар қарори билан узайтирилиши ҳам мумкин.

Россияда коронавирус билан касалланиш даражаси баҳор охирида делта штамми туфайли кўтарила бошлади ва сентябр ойига келиб кунига 20 мингдан ошиқ ҳолатлар қайд этилди. Октябр ойида эса бу кўрсаткич 30 минглик нуқтадан ўтди ва ҳар куни максимум янгиланмоқда.

 Бизни   Facebook   Telegram    Instagram   да ҳам  кузатиб боринг!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: