ҚОЗОҒИСТОННИНГ АТИРАУ ВИЛОЯТИДАГИ ОТИШМАДА БИР КИШИ НОБУД БЎЛИБ, БЕШ КИШИ ЖАРОҲАТ ОЛДИ

Қозоғистоннинг Атирау вилояти Қизилқўға туманига қарашли Сагиз қишлоғида 30 октябр куни қишлоқдошлар ўртасида отишма содир бўлиб, олти киши жабрланди, улардан бири вафот этди.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг  маълум қилишича, қўлидан енгил ярадор бўлган жабрланганлардан бирининг уйига кетишига рухсат берилган, жиддийроқ жароҳат олган яна бири Мақат тумани касалхонасига ётқизилган.

“Жабрланганлардан уч нафари вилоят касалхонасига етказилди. Уларнинг аҳволи барқарор, муолажа қилиняпти. Ҳаммаси травматология бўлимида, шифокорлар назоратида даволанмоқда”, дея маълум қилган бошқарма матбуот хизмати.

Айтилишича, отишма овулнинг турли қисмларида яшовчи йигитларнинг “ўзаро орани очиқ қилишга уриниши” ортидан келиб чиққан. “Жиноятга ҳозирлик кўриш ва одам ўлдиришга суиқасд қилиш” моддаси бўйича судгача тергов ҳаракатлари бошланган.

Полиция маълумотига кўра, отишма Атирау-Ақтўбе автомобил йўлининг 331-километрида юз берган. Беш киши милтиқдан отилган питра ўқдан яраланган, бир кишининг қўли синган. 1985 йилда туғилган яна бир эркак Сагиз қишлоғи амбулатор касалхонасига олиб келинганидан сўнг жароҳатдан вафот этган.

Хабар қилинишича, қишлоқда бу каби “муносабатларни ойдинлаштириш” ҳоллари биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Ўтган йилнинг июлида бу ерда оммавий муштлашув рўй берган, оқибатда 27 ёшли эркак пичоқ еб ўлган эди. Унинг қотили 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Бизни  Facebook   Telegram    Instagram  да ҳам  кузатиб боринг!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: