ТОЖИКИСТОНДА ӮРТАЧА УМР КӮРИШ 75,1 ЁШНИ ТАШКИЛ ҚИЛДИ

Тожикистон қишлоқ аҳолисининг умр кӯриш давомийлиги шаҳарлар аҳолисига нисбатан 5,2 фоизга кӯп ва 76,1 ёшни ташкил этади.

Таҳлиллар шуни кӯрсатадики, қишлоқда яшовчи эркакларнинг умр кӯриш давомийлиги 74,6 ёшни, аёлларники 77,7 ёшни ташкил қилар экан. Бу жараённи аҳоли турмуш даражасининг ӯсиши, молиявий ва моддий имкониятларининг босқичма- босқич ортиб бориши билан изоҳлаш мумкин. Ушбу маълумотлар геронтологик хизмат ҳолати, имкониятлари чекланган шахслар муаммолари, ютуқлар, муаммолар ва уларнинг ечими муҳокама қилинган конференцияда тақдим этилди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кӯра, сӯнгги ӯн йилликда демографик қариш жараёни ҳар бир инсоннинг тақдирига боғлиқ ҳолда умуминсоний хусусият касб этиб, дунё аҳолиси таркибидаги ӯзгаришларга олиб келди, бу эса кӯплаб мамлакатларда бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.

«Тожикистон жаҳон ҳамжамиятининг аъзоси сифатида аҳолининг қариши жараёнида бундан мустасно эмас, бу «тинч инқилоб» оқибатлари бизга ҳам таъсир қилади. Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг 2018 йил 26 декабрдаги Паёмида ӯртача умр кӯриш 2000 йилга нисбатан ( ӯшанда 68,2 ёш эди) 75 ёшни ташкил этгани ва бу даврда 6,6 ёшга ошгани  таъкидланган эди. Башоратларга кӯра, 2030 йилда 60 ёшлилар мамлакат аҳолисининг 11,5 фоизидан зиёдини ташкил қилади, бу эса маълум муаммоларни туғдириши ва шошилинч ечимларни талаб қилиши мумкин», — келтирилади манбада.

Расмий маълумотларга кӯра, Тожикистонда 500 мингдан зиёд кекса ёшлилар истиқомат қилиб, бу умумий аҳолининг 6,0 фоизидир. Улардан 56 минг нафардан ортиғини 80 ёшдан ошганлар ташкил этади, бу умумий кексалар сонининг 11,2 фоизидир.  60-69 ёшли соғлом аҳоли 20,1 фоизни ташкил этади, 70 ва ундан катта ёшдаги кексаларнинг  16 фоизи тиббий, психологик ва ижтимоий хизматларга муҳтож. Ӯртача умр кӯриш 2020 йилда 75,1 ёшни, эркаклар учун 73,5 ёшни, аёллар учун  76,8 ёшни ташкил қилди.

 Бизни   Facebook   Telegram    Instagram  да ҳам  кузатиб боринг!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: