МОСКВА ТОЖИКИСТОНДА НЕФТ ВА ГАЗ ҚИДИРУВ ИШЛАРИНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ ИМКОНИЯТЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

Икки давлат вазирлари имтиёзли ёқилғи мойлаш материаллари ҳақида ҳам фикр алмашдилар.

Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жуманинг  Россия энергетика вазири Николай Шульгинов билан учрашувида Тожикистон-Россия энергетика ҳамкорлигининг энг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув Тожикистон вазирининг ӯтган ҳафта охирида Россия пойтахтига қилган амалий ташрифи доирасида бӯлиб ӯтди, деб хабар беради Тожикистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, томонлар “Тожикистон Республикаси ҳудудида нефт ва газ қазиб олиш имкониятини таъминлаш” масаласини муҳокама қилдилар.

Батафсил маълумот берилмаган, эҳтимол, гап  Gazprom International томонидан углеводородларни қидиришни қайта тиклаш ҳақида кетмоқда.

Эслатиб ӯтамиз, Gazprom International Тожикистон жануби ва ғарбида нефт ва газ қидирган, бироқ лицензияланган ҳудудларда саноат ресурсларини топишнинг имкони бӯлмаган.

Тожикистон Энергетика вазирлигининг собиқ раҳбари Усмонали Усмонзода 2019 йилда “Газпром”га республика шимолида қидирув ишларини давом эттириш бӯйича таклифлар тушгани ҳақида хабар берган эди.

Шундан сӯнг у таклиф этилаётган ишларнинг иқтисодий мақсадга мувофиқлиги батафсил ӯрганилгандан сӯнг Россия томонидан аниқ қарор қабул қилишини таъкидлади. Бироқ, COVID-19 эпидемиясининг тарқалиши бу ниятларни номаълум муддатга орқага сурди.

ИМТИЁЗЛИ ЁҚИЛҒИ
Икки давлат энергетика вазирлари Россия нефт ва газ маҳсулотларини Тожикистонга етказиб бериш масалаларини ҳамда ёқилғи энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг бошқа йӯналишларини ҳам кӯриб чиқдилар, дейилади Тожикистон Республикаси Энергетика вазирлиги хабарида.
Эслатиб ӯтамиз, Тожикистоннинг ёқилғи мойлаш материалларига бӯлган эҳтиёжининг қарийб 90 фоизи 2013 йилдан буён амалда бӯлган тегишли келишув асосида Россиядан имтиёзли равишда етказиб бериш ҳисобига таъминланади.

Икки мамлакат энергетика идоралари ҳар йили 1 октябргача нефт ва газ етказиб бериш ҳажмини келишиб оладилар, улар келгуси йил учун экспорт божхона тӯловларидан озод қилинади.
2021 йилда Тожикистон ӯтган йилдагидек 830 минг тонналик имтиёзли Россия ёқилғисини импорт қилиш ҳуқуқини олди. Аммо республикага жорий йилга қадар мунтазам равишда келишилган ҳажмдаги ёқилғи етказиб берилмади.
Россия энергетика вазирлиги маълумотига кӯра, Тожикистонга 2021 йилда божхона тӯловларисиз 260 минг тонна бензин, 310 минг тонна дизел ёқилғиси, 50минг тонна суюлтирилган газ, 40 минг тонна авиация ёқилғиси, 30 минг тонна мазут, 40 минг тонна битум, 100 минг тонна нефт кокси етказиб берилади.
Тожикистонга, расмий статистик маълумотларга кӯра, жорий йилнинг 9 ойида 278 миллион долларлик қарийб 450 минг тонна нефт маҳсулотлари импорт қилинган. Ӯтган йилнинг шу даврига нисбатан етказиб бериш ҳажми вазни бӯйича деярли ӯзгармаган, бироқ таннарх 30 фоизга ошган.

«Сангтӯда-1» ГЭСи

Москвадаги учрашувда “Сангтӯда-1” Россия-Тожикистон қӯшма корхонаси фаолияти ҳам муҳокама қилинди, хабар беради Россия энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мазкур станция иши икки давлат ҳукуматлари ӯртасида тузилган шартномалар асосида бошқарилади.


«Николай Шульгинов ГЭСнинг нормал ишлаши учун зарур шартларни бажариш муҳимлигини ва бу борадаги икки давлат ӯртасидаги келишувларни қайд этди”, дейилади Россия энергетика бошқармаси хабарида.
Ушбу қӯшма корхонада Тожикистон Ҳукуматининг улуши 25 фоиз ва плюс 1 акция, қолган 75 фоиз минус 1 акция эса Россия компанияларига тегишли.
Айни пайтда, компания матбуот хизмати хабарига биноан, жорий йилнинг 1 ноябр ҳолатига кӯра, “Барқи тожик”нинг Сангтӯда-1 ГЭСига етказиб берилган электр энергияси учун қарзи 2 миллиард сомонийдан(тахминан 180 миллион доллар) ошган.
Жорий йилда “Барқи тожик” корхонасининг мазкур станциядан олинган электр энергияси учун тӯлов даражаси атиги 38 фоизни ташкил қилади.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: