ТОЖИКИСТОНДАН АФҒОНИСТОНГА ИНСОНПАРВАРЛИК ЁРДАМИНИНГ ДАСТЛАБКИ 7 ТА ЮК МАШИНАСИ ЖЎНАТИЛДИ

Тожикистон гуманитар ҳаво йўлини ҳам очди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) шу йилнинг қишида очлик билан юзлашаётган афғон оилаларига гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаб Тожикистондан Афғонистонга озиқ-овқат етказиб беришни бошлади.

Еттита юк машинасидан иборат биринчи корвон Душанбедаги БМТ ЖОД омборларидан чиқиб, Афғонистоннинг шимолий-шарқидаги Бадахшон вилоятига йўл олди. Яқин кунларда 2500 тоннага яқин буғдой уни етказиб берилади ва Афғонистондаги БМТ ЖОД томонидан қутқарув амалиётлари учун фойдаланилади.

«Афғонистондаги ҳамкасбларимиз қўлимиздан келган ҳар қандай кўмакка муҳтож, йўллар, айниқса, Бадахшон каби чекка ҳудудларда қор тушишидан олдин озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилишлари керак», — деди бугунги ёрдам корвонини жўнатиш тадбирида Тожикистондаги БМТ ЖОД вакили ва мамлакатдаги директори Адҳам Мусаллам.

Маросимда Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этишди.

Адҳам Мусалламнинг шахсан ўзи шундай оғир пайтда афғон халқини қўллаб-қувватлагани учун Тожикистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

«Мамлакатлар ўртасидаги коридордан фойдаланиш чегара назорат пунктлари орқали Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида етказиб беришимизга ёрдам беради», — дея қўшимча қилди Адҳам Мусаллам.

Шунингдек, у БМТ ЖОД томонидан бошқариладиган БМТ гуманитар ҳаво хизмати (UNHAS) ни қўллаб-қувватлагани учун республика ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

«Мунтазам рейслар ҳозир Душанбени Кобул ва Афғонистондаги бошқа пунктлар билан боғлайди ва бутун гуманитар ҳамжамият учун очиқ», — дейди у.

Афғонистон шиддат билан дунёдаги энг йирик гуманитар инқироз марказига айланмоқда. ЖОД халқ ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган ёрдам ҳажмини оширмоқда ва жорий йил бошидан буён 14,8 млн. кишини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлади.

Бироқ, эҳтиёжлар катта. Агентликка 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари кризисига учраган 23 млн. одамни бу турдаги маҳсулот билан таъминлаши учун  ойига $220 миллион керак.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури 2020 йилда Нобел мукофоти совриндори бўлди.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: