ЭМОМАЛИ РАҲМОН ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИ МАМЛАКАТЛАРИДА ТРАНСПОРТ-ТРАНЗИТ ЧЕКЛОВЛАРИ КАРАНТИНИДАН ВОЗ КЕЧИШНИ ТАКЛИФ ҚИЛДИ

«Савдо ҳамкорлигини ошириш учун биз пандемия муносабати билан жорий қилинган транспорт ва транзит карантин чекловларини, шунингдек, савдодаги тариф ва тарифсиз тӯсиқларни олиб ташлаш бӯйича чора-тадбирларни илгари суришни таклиф қиламиз”, деди Тожикистон Президенти 28 ноябр куни Ашхободда ӯтказилган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 15-Саммитида.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Ташкилотга аъзо давлатларнинг Тожикистон ташқи савдо айланмасидаги улуши унинг умумий ҳажмининг қарийб 40 фоизини ташкил қилади.

«Шу билан бирга, Ташкилот доирасидаги ӯзаро савдо унинг аъзолари умумий ташқи савдосининг атиги саккиз фоизини ташкил этади. Бу кӯрсаткич, албатта, мавжуд имконият ва салоҳиятга жавоб бермайди”, деди давлатимиз Раҳбари.

Эмомали Раҳмоннинг сӯзларига кӯра, кӯп йиллардан буён илгари сурилиб келинаётган ЭКОТА савдо келишуви “Ташкилот доирасидаги савдо ҳажмини оширишга мӯлжалланган, афсуски, ҳалигача кучга кирмаган”.

«Шу муносабат билан биз аъзо давлатларга ИҲТ минтақасининг савдо салоҳиятини самарали амалга ошириш бӯйича қӯшма режа ишлаб чиқишни таклиф қиламиз”, деди Миллатимиз пешвоси.

Ӯзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишда транспорт коридори тармоғини кенгайтириш, аъзо давлатлар ӯртасида товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, у Тожикистон минтақавий энергетика тармоқларини улаш ва шакллантириш, хусусан, Минтақавий энергия бозорини тузиш бӯйича ишлаб чиқарилаётган лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Эмомали Раҳмон Ташкилот доирасида саноат, сармоя, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хӯжалиги, иқлим ӯзгаришига қарши курашиш, сайёҳлик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳақида ҳам гапирди.

Тожикистон Президенти Афғонистондаги вазият ҳақида гапирар экан, Ташкилот доирасида қӯшма лойиҳаларни амалга ошириш кӯп жиҳатдан бу малакатда ҳарбий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсизликни таъминлашга боғлиқлигини таъкидлади.

ИҲТ Саммитида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Эрон Президенти Сайид Иброҳим Раисий, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Ӯзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдоган, Покистон Президенти Ориф Алвий, Қозоғистон Бош вазири Аскар Мамин ва ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этдилар.

ИҲТ 15-Саммити якунлари бӯйича “Ҳаракатлар бӯйича Ашхобод консенсуси” қабул қилинди.

Саммит доирасида Эмомали Раҳмон саммитда иштирок этувчи давлатлар раҳбарлари билан ҳам икки томонлама учрашувлар ӯтказди.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: