ХУЖАНДДА МИКРОАВТОБУС ҲАЙДОВЧИСИ ҚӮПОЛЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

33-йӯналишдаги микроавтобус ҳайдовчиси Хужанд шаҳридаги мактаблардан бирининг ӯқувчисига қӯполлик қилиб, ӯз ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузди. Ҳайдовчининг қӯпол ҳатти-ҳаракатлари акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Хужанд шаҳар давлат маъмурияти матбуот хизмати хабар беришича, видеоролик ижтимоий тармоқларда  пайдо бӯлгандан сӯнг шаҳар прокуратураси тезкорлик билан ҳайдовчининг шахсини аниқлаган ва у жавобгарликка тортилган.

Маълум бӯлишича, 2021 йил 30 ноябр куни соат тахминан  14:30да 33-сонли йӯналишда 20 йилдан буён фаолият юритаётган “Мерседес Спринтер” русумли микроавтобуснинг ҳайдовчиси, 1968 йилда туғилган Хужанд шаҳрида яшовчи Мирзонаби Неъматов “Пахтакор” маҳалласи автовокзалида йӯловчи ташиш маҳалида шаҳар мактабларидан бирининг вояга етмаган ӯқувчисига нисбатан қӯполлик қилган.

Қонун меъёрларига мувофиқ, Хужанд шаҳар прокуратураси ва ички ишлар органлари томонидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кӯрилмоқда.

«Суҳбат давомида микроавтобус ҳайдовчиси қилмишидан пушаймон бӯлиб, чарчоқ ва асаблари толиққанлиги сабабли ӯзини ноӯрин тутганини таъкидлади. У бошқа жамоат транспорти ҳайдовчиларини  бу каби ҳаракатларни содир этмасликка чақириб мурожаат қилди» ,  деб хабар беради манба.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: