ТОЖИК «ОҚ ОЛТИН»И ҚАЕРГА КЕТАДИ?

Бу йил республикада қанча пахта терилди, уни қаерга ва қайси суммага сотамиз?

Тожикистонда 2021 йилнинг 3 декабрига қадар 174 минг 155 гектар майдондан  404 минг тоннадан ортиқ пахта териб олинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 минг тоннага кўпдир. Бироқ пахтанинг кўп қисми хом ашё сифатида хорижга экспорт қилинади ва фақат 20% республика ичкарисида қайта ишланади. Натижада миллионлаб долларлик фойда йўқолади.

Тожикистон божхона хизмати маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 10 ойида 135 млн. долларлик 72 минг тонна пахта экспорт қилинган. Агар пахта ҳажмининг тахминан 40% ни тола ташкил этишини ҳисобга олсак, унда қайта ишланмайдиган 300 минг тоннага яқин пахта экспорт қилинади, деб тахмин қилиш мумкин.

Тўқимачилик харажатлари пахта нархидан ошишини ҳисобга олсак, Тожикистон пахта экспортидан кўпроқ пул топиши мумкин. Ваҳоланки, республикада хом ашёнинг атиги 20% и қайта ишланади.

2018 йилда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон парламентга йўллаган Паёмида пахтанинг бир килограмми ҳам хорижга қайта ишламасдан жўнатмасликни таъкидлаган.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги кўплаб пахтани қайта ишлаш корхоналарининг бўш туришининг сабабини баъзилари эскирган ускуналар туфайли ишламаётгани, бошқаларида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси йўқлиги, бошқаларининг эса айирбошлаш учун маблағи йўқлиги билан изоҳлайди.

Республикада 100 га яқин пахта тозалайдиган завод мавжуд бўлиб, 100 минг тонна пахта толаси ишлаб чиқарилади. Тожикистоннинг тўқимачилик корхоналари йилига 20 минг тонна пахта толаси ишлаб чиқаради, холос.

Тожикистон пахта толаси хом ашё сифатида Туркия, Хитой, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга сотилади. У ердан республикага қиммат нархларда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари қайтиб келмоқда.

Мамлакатда пахтани қайта ишлашнинг тўлиқ циклини йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида бир неча йилдан буён гапирилмоқда, тегишли дастурлар қабул қилинмоқда, аммо натижа йўқ.

Вазиятдан чиқиш йўлларидан бири пахта етиштирувчи хўжаликлар, қайта ишлайдиган корхоналар, уруғчилик хўжаликлари, логистика, фан, шу соҳада хизмат кўрсатувчи компанияларни бир тизимга бирлаштира оладиган пахта-тўқимачилик кластер тизимини яратишдир.

Ҳозирги кунда республика олдида маҳаллий пахтани қайта ишлашни камида 50-60% га ошириш ва ип-калава, тўқимачилик, пахта ёғи экспортини кўпайтириш вазифаси турибди.

Пахта ҳар доим Тожикистоннинг  (бирламчи алюминий билан бирга) асосий экспорт маҳсулотларидан бири ҳисобланган. 80-йилларда Совет Иттифоқи тасарруфида Тожикистонда 800 минг тоннагача пахта етиштирилган.

БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: