ТОЖИКИСТОНДА СИРЛИ ШАҲАР ҲАҚИДА ҲУЖЖАТЛИ ФИЛМ СУРАТГА ОЛИНДИ

Собиқ Табошар шаҳри (ҳозирги Истиқлол) буюк Совет Иттифоқининг энг муҳим стратегик шаҳарларидан бири эди. Илгари бу ерда уран бойитилган. Журналистлар тадқиқот маркази жамоаси Истиқлолнинг ўтмиши ва бугунги куни ҳақида йигирма дақиқалик ҳужжатли филм тайёрлади,-дейди Media.tj.

Тожикистон журналистлар тадқиқот маркази 16 йилдан бери фаолият юритиб келади. Бу уюшма таркибига иккита («Фараж», «Самак») ҳафтаномаси, («Ману ту») ойномаси, («Суғднома», «Фараж») ахборот агентликлари ва YouTube канали киради.

Марказ директори, тожикистонлик таниқли журналист Хуршед Атовулло нафақат бу оммавий ахборот воситаларини яратишга, балки мамлакат вилоятларидан ўнлаб ёш қиз-ўғилни ўз жамоасига жалб этишга муваффақ бўлди.

— Собиқ Табошар кўп йиллар давомида ёпиқ шаҳар бўлиб, унинг тарихи номаълум эди, бу шаҳарда уран бойитилди, немис маҳбуслари иккинчи Жаҳон урушидан кейин у ерда ишлади.  Шаҳар билан боғлиқ турли саволларга жавоб топмоқчи эдик», — дейди Хуршед Атовулло.

Бу филм учун  тўрт ой вақт кетди, кинога олиш жамоаси бир неча марта Истиқлол борди. У ерда инсон саломатлиги учун таҳдид солиши мумкин бўлган собиқ уран саноатидан фақат хавфли жойлар қолган.

Филмнинг муҳаррири ва бошловчисига айланган «Фараж» ҳафтаномаси журналисти Исматулло Абдуллоев бу жойларни суратга тушириш учун борган.

— Радиация зонасига кирганимизда, ҳатто мен буни ҳис қилгандек бўлдим. Бошимга оғриқ кирди. Атроф бутунлай бўм-бўш, ҳеч ким ва ҳеч нарса кўринмайди. Худди ўлик шаҳарга ўхшайди. Бу менинг фаолиятимдаги биринчи ҳужжатли филм. Хайриятки, филмни суратга олиш яхши тугади», деб тан олади Исматулло.

Филмда шаҳар аҳолиси Истиқлол тарихи ва маданияти ҳақида гапиришди, Совет Иттифоқи даврини эслашди. Масалан, Анатолий 1977 йилда шу ерда туғилганини ва иноқ дўст бўлиб қолишган қўшниларини эслайди.

Эндиликда бу шаҳарда ичимлик суви муаммоси бор, унинг буюклигидан деярли ҳеч нарса қолмаган.

— Мен 21 ёшдаман, уч йилдан бери журналист бўлиб ишлайман, Тожикистонда яшайман, лекин шаҳарда уран қазиб олиниб, бойитилганини, бу ерга Совет физиги Игор Василевич Курчатов келганини эшитмаганман, — дейди Исматулло Абдуллоев.

Бироқ, бу шаҳар ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун жамоа ҳаракат қилишларига тўғри келди: Тожикистондаги журналистлар учун жиддий муаммолардан бири-бу ахборотга эга бўлишдир ва журналистлар тадқиқот маркази жамоаси бундай муаммога дуч келди.

— Биз Совет давридаги ҳужжатларни жуда узоқ вақт изладик, унда, масалан, Табошардаги уран саноати билан боғлиқ бўлган маҳаллий «Заря Востока» заводининг иши ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин эди. Афсуски, биз шаҳар архивларини қидирсак-да, ҳеч нарса топа олмадик.

Тўғриси, маҳаллий ҳокимият масъуллари тасвирга олиш пайтида бизга ёрдам беришга ҳаракат қилди, ўзлари шаҳарда муҳим жойларни кўрсатишди», — дейди Исматулло.

Йигирма дақиқалик филм Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида, шунингдек, унинг YouTube каналида нашр қилинди.

— Собиқ Табошар бутун Марказий Осиёнинг энг обод шаҳарларидан бири эди, — дейди Хуршед Атовулло, — у Москва қарамоғи остида эди, одамлар у ерда яшашни орзу қиларди. Бир вақтлар шаҳар «Кичик Швейцария» деб номланган, аммо ҳозир сукунат шаҳридир. Филмни «Искра в пепле», деб номладик. Лекин умид учқунлари бор. Ӯйлаймизки, ўша учқунлар бир кун келиб оловга айланади.

БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: