«ЯККАСАРОЙ» РЕСТОРАНИДАГИ ЁНҒИН САБАБИ АНИҚЛАНМОҚДА

«Шарқи Озод» биноси яқинидаги «Яккасарой» ресторанидаги ёнғин сабаби ва ундан кўрилган зарар миқдорини ваколатли тергов комиссияси аниқлайди, деб хабар беради Тожикистон ички ишлар вазирлиги ёнғинга қарши хизмати.

Манбага кўра, ҳодиса жойида ёнғин сабаби ва зарар миқдорини аниқлаётган тергов комиссияси ходимлари иш олиб бормоқда. Комиссия ҳисоботи яқин орада мамлакат ички ишлар вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 7 январ куни Душанбе шаҳри Саъди Шерозий проспектининг 22/2 да жойлашган «Яккасарой» ресторанида ёнғин содир бўлди.

Рестораннинг чап томонини бутунлай аланга қоплаб олди. Гувоҳлар ва йўловчилар бу бинода жойлашган «Истиқбол» залидан мебелларни олиб чиқишга ҳаракат қилишди.

Ёнғин деярли бутун бинога тарқалди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналистларни суратга олишга тўсқинлик қилиб, гувоҳлар ва томошабинларни тарқатиб юборди ва яна бир нечтасини ҳибсга олишди.

Уларнинг ҳаракатлари сабаби ҳали номаълум. Ёнғиндан бир неча дақиқа ўтиб, воқеа жойига 10 га яқин ўт ўчириш машинаси етиб келди ва бир соатдан сўнг улар ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлди.

«Яккасарой» бир неча йиллар давомида Душанбе шаҳар ҳукуматининг махсус танловида биринчи ўринни эгаллаб келган мамлакатдаги энг қиммат ресторанлардан бири эди.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: