РУСТАМ ЭМОМАЛИ МАРТ ОЙИГАЧА ДУШАНБЕДАГИ ИНШООТЛАР ҚУРИЛИШИДАГИ БАРЧА КАМЧИЛИКЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШГА ЧАҚИРДИ

Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланган йиғилишда пойтахтда иншоотлар қурилишининг боришидан норозилик билдириб, камчиликларни бир неча ой ичида бартараф этишга чақирди, деб хабар беради шаҳар ҳукумати матбуот хизмати.

Рустам Эмомалининг қайд этишича, сўнгги йилларда уй-жой қурилиши кўпайди, қурилаётган бинолар келажак авлодга узоқ вақт хизмат қилиши учун эса қурилиш сифатини яхшилаш керак.

«Шаҳар объектлари ва бинолари миллий меъморчиликнинг юксак санъатини ҳисобга олиб, замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда ва юқори сифат билан қурилиши керак, токи улар келажак авлодларга асрлар давомида хизмат қилсин», — деб таъкидлади у.

Унга кўра, қурилиш компаниялари уй-жой қурилиши меъёрларига риоя қилмайди.

«Бинолар ва иншоотларни давлат томонидан қабул қилиш комиссияларининг иши яхшилашни талаб қилади, чунки бинолар кўпинча кириш йўллари, ўйин майдончалари, ногиронлар учун шароитлар, машиналар жойлари ҳисобга олинмаган ҳолда қурилмоқда», деди шаҳар раиси.

Шу муносабат билан Душанбе шаҳри раисининг биринчи ўринбосари ва тегишли тузилмаларга жорий йилнинг март ойигача мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш топширилди.

Шаҳар раисининг айтишича, 2021 йилда Душанбе шаҳрида умумий қиймати 7 миллиард сомонийлик 182та юбилей иншооти ва биноси фойдаланишга топширилган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон 21 декабр куни парламентга йўллаган Паёмида қурилиш муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳалардан бири, мамлакат тараққиёти, халқ ҳаёти даражаси ва сифатининг ифодаси эканини таъкидлаган эди.

Шу нуқтаи назардан, Давлат раҳбари архитектура ва қурилиш қўмитаси, давлат ҳокимиятининг маҳаллий ижроия органлари ва бошқа тегишли органлар мамлакат шаҳарлари, шаҳарчалари ва қишлоқлари учун режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида ижтимоий, сайёҳлик ва бошқа объектларни қуришни режалаштириш ва қурилиш қоидаларига мажбурий риоя этилишини таъминлаши кераклигини таъкидлади.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: