ДУБАЙДА ТОЖИКИСТОН САЙЁҲЛИК ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Дубайда бўлиб ўтадиган «ЭКСПО-2020» халқаро кўргазмаси доирасида 22 январга қадар Тожикистон сайёҳлик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги туризмни ривожлантириш қўмитаси.

Манбага кўра, 16 январ куни Дубайда «Тожикистонда экотуризм» деб номланган сайёҳлик форуми бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида туризмни ривожлантириш бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Ҳабибулло Амирбекзода ва Тожикистоннинг БААдаги элчиси Баҳодур Шарифий иштирок этди. Улар тадбир иштирокчиларига Тожикистондаги сайёҳлик имкониятлари, жумладан, экологик, тарихий ва маданий, саломатлик ва соғломлаштириш туризми ҳамда шифобахш сувлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар «ЭКСПО-2020» даги Тожикистон Республикаси павилонида бўлиб, сайёҳлик имкониятлари, тоза ва шифобахш сув манбалари, ноёб ҳайвонлар, тарих ва маданият, саноат ва экспорт салоҳияти, саноат маҳсулотлари намуналари, мустақиллик даврида Тожикистоннинг сармоявий имкониятлари ва эришган ютуқлари билан танишдилар.

Шу нуқтаи назардан манбанинг қайд этишича, Тожикистоннинг БААдаги элчихонаси маълумотларига кўра, Дубайда «ЭКСПО-2020» кўргазмаси очилганидан буён республика павилонига дунёнинг турли мамлакатларидан 350 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрган.

Маҳаллий сайёҳлик компаниялари ҳам ўз ҳамкасблари билан сайёҳлик сафарларини алмашиш ва яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказди.

Аввалроқ коронавирус пандемияси туфайли мамлакатда сайёҳлар оқими камаяётгани маълум қилинганди. Тожикистонга 2021 йилнинг 9 ойида 2020 йилга нисбатан 58% кам сайёҳ ташриф буюрди.

Расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда 86 минг нафар хорижий сайёҳлар мамлакатга ташриф буюрди.

Бироқ мамлакат ҳукумати халқаро донорлар кўмагида 2030 йилга бориб туризм соҳаси улушини беш баробарга оширишни режалаштирмоқда.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: