ДУШАНБЕДА ИККИ НАФАР МИЛИЦИЯ ХОДИМИ ФИНЛАНДИЯ ФУҚАРОСИГА НИСБАТАН ТОВЛАМАЧИЛИК ВА ШАНТАЖ УЧУН ИШДАН БӮШАТИЛДИ

Душанбеда тиббиёт университети талабаси милиция ходимлари томонидан шафқатсиз муносабатга дуч келди.

Душанбеда икки нафар милиция ходими –  Ички ишлар вазирлигининг пойтахт Сомоний ноҳияси бӯлими жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Ализода ва мазкур бӯлим участка инспектори Азамат Иброҳимзода Финландия фуқаросига нисбатан товламачилик ва шантаж учун ишдан бӯшатилди, хабар беради Қийноқлар ва жазосизликка қарши фуқаролик жамияти коалицияси ӯз сайтида.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 17 ноябр куни Тожикистон тиббиёт университети талабаси Ш.М. ҳуқуқий ёрдам сӯраб мурожаат қилган.

У юқорида номлари тилга олинган милиция ходимларининг шафқатсиз муносабатига дуч келганлигини маълум қилган.

«2021 йилнинг 20 октябр куни икки милиция ходими асоссиз унинг ижарага олган хонадонига бостириб кириб, Ш.М.нинг ӯзи ва унинг меҳмони Н.ни видео тасвирга олган ва ушбу видеони интернетда тарқатиб, Ш.М. учун муаммо туғдириш билан қӯрқитадилар. Ш.М. милиция ходимлари томонидан калтакланган Н.ни ҳимоя қилишга уринган, бироқ улар йигитдан минг доллар талаб қилишган. Охир-оқибат йигит уларга 300 доллар ва 1880 сомоний бериб, эртаси куни эрталаб Ички ишлар вазирлигининг Душанбе шаҳар бошқармасига милиция ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ариза билан мурожаат қилган”, дейилади хабарда.

2021 йил 11 ноябр куни Душанбе шаҳар ички ишлар ходимлари Ализода М. ва Иброҳимзода А. Финландия фуқароси Ш.М. нинг шаъни ва қадр-қимматини камситгани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳақида аризачига жавоб мактуби келган.

17 ноябр куни  Ш. М. Қийноқлар ва жазосизликка қарши фуқаролик жамияти коалициясининг Ҳуқуқий ёрдам гуруҳига ёрдам сӯраб мурожаат қилган.

У ӯз аризасида товламачилик ва шантаж натижасида мусодара қилинган пулларни қайтаришда ёрдам сӯраган.

Коалициянинг ҳужжатлаштириш бӯйича мутахассислари Ш.М. билан суҳбатдан сӯнг Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси ва Президент Ижроия аппаратига жабрланувчига ундан олинган 300 доллар ва 1880 сомоний  пул маблағларини қайтариш, шунингдек, маънавий зарар учун товон тӯлаш  талаби билан мурожаатлар тайёрладилар.

Ҳар иккала ариза ИИВ Ички хавфсизлик бошқармасига юборилиб, унинг ходимлари томонидан ички текширув ӯтказилган ва 2022 йил январ ойида Ш.М.дан расман узр сӯралган. Шундан сӯнг Ш.М. бошқа мурожаат қилишдан воз кечиб, Коалиция ҳуқуқий ёрдам гуруҳига кӯрсатилган ҳуқуқий ёрдам учун миннатдорчилик билдирди, дейилади хабарда.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: