ТОЖИКИСТОН ХОРИЖГА 36 МЛН. ДОЛЛАРЛИК ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЖЎНАТДИ

Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазири Саъди Каримзоданинг журналистларга маълум қилишича, 2021 йилда Тожикистон 36 млн. долларлик 208 минг тонна  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилган.  Бу 2020 йилга нисбатан 79 минг тоннага кўпдир, дея қайд этди вазир.

Унинг сўзларига кўра, асосий экспорт маҳсулотлари — пиёз, қуритилган мевалар, узум, сархил мева ва сабзавотлар ўша йили Россия, Қозоғистон, Хитой ва Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига юборилди.

2021 йилда Тожикистонда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажми 39,7 млрд. сомоний, шундан 28,7 млрд.сомонийси ўсимликчилик, 11 млрд. сомонийси эса чорвачилик маҳсулотларини ташкил этди.

Гўшт етиштириш 9% га ошди ва 327,7 минг тоннани ташкил этди, шу жумладан, мамлакатда 44 минг тоннадан ортиқ парранда гўшти етиштирилди. Бу муваффақият ҳақида журналистларга Тожикистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири муовини Нигина Анварий сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили мамлакатда 1 миллион 49 минг тонна картошка етиштирилган.

Бу орада қишлоқ хўжалиги вазири минерал ўғитлар нархининг ошиши ҳақидаги саволга ҳайрон бўлиб, ошиш сабабларини билмаслигини айтди.

«Биз қишлоқ хўжалигини минерал ўғит билан таъминлай олмаймиз. Талабимиз йилига 550 минг тоннани ташкил этади. 2021 йилда $ 42 млн. қийматида 200 минг тоннадан ортиқ импорт қилдик. Агар «Таджик Азот» ишга тушса, биз ўзимизни азот билан таъминлай оламиз. Аммо фосфор ва калий ишлаб чиқара олмаймиз», — деди вазир.

Тожикистон Ўзбекистондан минерал ўғит сотиб олади. 2021 йилда ушбу мамлакатдан минерал ўғит импорт қилиш $ 30 млн. дан ортиқни ташкил этди.

Туркманистондан минерал ўғит импорт қилиш миқдори 4,4 млн. долларни, Россиядан 3,4 млн.долларни, Қозоғистондан 3,2 млн. долларни ташкил этади.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: