ТОЖИКИСТОНДА ФУҚАРОЛАРНИНГ 50 МИЛЛИОН ДОЛЛАРДАН ОРТИҚ МАБЛАҒЛАРИ ҚОНУНИЙЛАШТИРИЛДИ

Ушбу маблағлар мамлакатдаги активларнинг амнистияси доирасида «қоронғулик» дан чиқарилди.

Тожикистон фуқаролари республикада юз бераётган активлар амнистияси доирасида 600 миллион сомоний (53 миллион доллар) дан ортиқ миқдорда декларация қилинмаган маблағларини қонунийлаштирдилар, деди Тожикистон Миллий банки раиси Ҳоким Холиқзода 2 феврал куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Тожикистон Республикаси фуқароларининг активлари ва маблағларини қонунийлаштириш муносабати билан амнистия тўғрисида» ги қонун мамлакатда  2021 йил  5 июлдан бери амал қилмоқда. Ушбу бир марталик амнистиянинг амал қилиш муддати бир йил, яъни 2022 йил 4 июлгача.

ТМБ (Тожикистон миллий банки) раҳбарининг қайд этишича, янги йил олдидан 317 млн.сомонийдан сал кўпроқ миқдорда пул қонунийлаштирилган бўлса, январ ойи якунларига кўра, бу кўрсаткич 600 млн. сомонийдан ошиб кетди.

Унинг таъкидлашича, ушбу тадбирнинг аҳамиятини тушунтириш мақсадида мамлакат банклари раҳбарияти билан бир неча учрашувлар ташкил этилган бўлиб, улар ўз навбатида мижозлари билан тушунтириш ишларини олиб боради.

«Фуқаролар қонун имтиёзларидан фойдаланиб, ўз маблағларини қонунийлаштиришдан манфаатдор», — хулоса қилди Холиқзода.

Ўтган йилнинг август ойида ТМБ раҳбарининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Нуралиев банклар раҳбарияти билан учрашувлардан бирида молия-банк тизимига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва шу билан мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқлари ҳамда тизимларини молиялаштиришни кўпайтириш учун амнистия зарурлигини тушунтирди.

Шунингдек, у янги корхоналарни ташкил этиш, мавжуд компанияларнинг фонд капитали ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, бюджетга қўшимча солиқ тушумлари, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва бошқалар орқали пулни легаллаштириш муҳимлигини асослади.

Активларни амнистия қилиш доирасида, шунингдек, яшаш жойида ташкил этилган махсус комиссияларга мурожаат қилиш орқали эълон қилинмаган мулкни қонунийлаштириш мумкин.

Активлар учун амнистия нима?

Ушбу бир марталик процедура «қоронғулик»да бўлган маблағлар ва мол-мулкни, хусусан, бу ноқонуний олинган даромадларни ихтиёрий равишда декларациялашни ўз ичига олади.

Легаллаштириш автоматик равишда бундай активлар эгаларини маъмурий ёки жиноий жавобгарликдан озод қилади, шунингдек, уларга солиқлар, фоизлар ва жарималарни кечиради.

Ушбу шартлар, шунингдек, активлар эгалари тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлиги давлат томонидан кафолатланади.

Қонун умуман Жиноят кодекси ва Республика маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 60 дан ортиқ моддаларига кирадиган ноқонуний активларни легаллаштиришга имкон беради.

Эски тажриба

Тожикистон бундай тадбирларни ўтказиш бўйича бир мунча тажрибага эга, у мамлакатда уч марта ўтказилган.

Бироқ, мулкни ҳам, пулни ҳам бир вақтнинг ўзида легаллаштириш биринчи марта амалга оширилмоқда.

Биринчи бундай акция 2003 йилнинг 1 апрелидан 1 июнигача бўлиб ўтди, унинг доирасида фақат пул қонунийлаштирилди. Натижада расмийлар мамлакатнинг 18 минг фуқаросига тегишли бўлган 190 миллион доллар миқдоридаги маблағ «қоронғулик» дан олиб чиқилганини маълум қилган.

Кейинги амнистия фақат ноқонуний равишда сотиб олинган ёки ўзлаштирилган объектларга тегишли эди.

 БИЗНИ   FACEBOOK     TELEGRAM    INSTAGRAM   ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: