ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ САҚЛАШ

Доим амал қилувчи иссиқхоналар майдонини кенгайтириш ва мева-ю сабзавотни сақлаш учун совутиш хоналари сонини ошириш ҳисобидан истеъмол бозорини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда бу маҳсулотлар экспорти ҳажмини оширишга доир қатъий ва кечиктирилмас чоралар қабул қилиниши керак.

Мамлакат Президенти Паёмидан

Мамлакатимиз иқлими шириндан-шакар мевалар ва мазали сабзавотлар етиштириш учун жуда қулай ҳисобланади. Шунинг учун ҳам деҳқон ва боғдорчилик хўжаликлари ўз экин майдонлари ва боғларида турли сабзавот ва мевалар етиштириб, халқ дастурхонининг тўкин бўлишига ҳисса қўшишади. Аҳоли ўзига тегишли бўлган ерда яъни томорқаларида ҳам турли сабзавотлар экиб, ўз рўзғорларини таъминлайди ва ортиқчасини маҳаллий бозорларга чиқариб сотади. Бу оила эҳтиёжини таъминлаш билан бирга, даромад ҳам бўлишини таъминлайди. Шунингдек, оила аъзолари, жумладан, фарзандлар ҳам меҳнат билан машғул бўлади ва уларда меҳнатга кўникма ҳосил бўлиб, улар табиатга муҳаббат руҳида тарбияланадилар.

Юртимизда апрелнинг охири май ойининг бошларидан ноябр ойигача мева, узум ва сабзавотлар етиштириш имкони бор. Бу пайтда қулупнай, гилос, помидор, бодиринг, сентябр-октябр ойларида эса кечпишар мева навлари етилади. Уларнинг ҳосилини махсус бинолар ва совуқхоналарда сақлаб, узоқ муддатгача истеъмол қилиш мумкин. Бунинг учун кейинги пайтда Суғд вилоятининг шаҳар ва ноҳияларида совутиш хоналари қуриб фойдаланишга топширилиши жадал тус олди.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси-Миллат пешвоси,Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг қишлоқ хўжалиги соҳаси равнақига асосий эътибор қаратаётгани ва мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш масаласини стратегик мақсад даражасига олиб чиққани туфайли бутун мамлакатимиз бўйлаб, сифатли, импорт ўрнини босувчи ва экспортга яроқли маҳсулот етиштириш учун ҳаракат қилинмоқда. Етиштирилган мева ва сабзавотларни узоқ муддатгача бирдек сақлаш учун боғдорчилик ва деҳқон хўжаликлари кўп бўлган ва катта ҳосил йиғиштириладиган ноҳияларда совутиш хоналари амал қилади. Совутиш хоналарида сақланган мева ва сабзавотлар ўзининг ранги, сифати ва таъмини анча муддатгача йўқотмайди. Бундай совутиш хоналари, асосан, Бобожон Fафуров, Ашт, Конибодом, Исфара ва бошқа шаҳар ва ноҳияларда кўпдир. Замонавий совутиш хоналарида маҳсулотларни сақлаш учун зарурий ҳаво ҳарорати ва жиҳозлар талаб қилинади.

Агар сотувга чиқарилиши кўзланган маҳсулот миқдори кам бўлса, яна шундай маҳсулот йиғиштирилиб, етарли миқдорда тўплангунга қадар совутиш хоналарида сақланади. Бу юқорида таъкидлаганимиздек, маҳсулотнинг сифати бузилишининг олдини олади. Шунингдек, узоқ масофага экспорт қилиниши кўзда тутилган маҳсулотлар ҳа мшу тарзда сақланади.

Мутахассисларнинг фикрича, совутиш хоналарини ташкил этишдан асосий мақсад, маълум бир маҳсулотнинг етилиш ва пишиш жараёнини секинлаштириш ва тўхтатиш орқали унинг истеъмолга яроқлилик муддатини узайтириш ҳисобланади. Мева ва сабзавотлар ғарқ пишган пайтда нархи арзонлашиб, кейинчалик уларнинг нархи қимматлашиб кетишининг олдини олиш учун ҳам шу йўлни тутиш лозим бўлади. Мева ва сабзавотларни совутиш хоналарида сақлаш бир неча хил бўлади. Кам муддатга сақланадиган маҳсулотлар бир неча кундан бир ҳафтагача, ўртача муддатга сақланадигани эса, бир-икки ой ва узоқ муддат ярим йилгача бўлган вақтни ташкил этади.

Совутиш хоналарида ҳаво ҳарорати паст бўлгани учун у ерда ишловчи ходимларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида уларни совуқдан ҳимояловчи махсус кийимлар тақдим этилиши зарур. Паст ҳароратли хонадан бирданига иссиқ ҳавога чиқиш организмга зарар кетириш ҳеч кимга сир эмас.

Совутиш хонасининг муваффақиятли ишлаши учун доимий электр қуввати, ишчилар ва техника воситалари ҳаракатланиши учун қулай йўллар, ҳаво алмашиниши учун вентиляция тизими, ҳосилни йиғиштириш учун қулай жиҳозлар бўлиши жуда муҳимдир. Совутиш хоналарини қуришда меъёрий талабларга риоя қилинмаса, кўзланган натижага эришилмайди. Шунинг учун бундай иншоотлар малакали ва тажрибали ташкилот томонидан қурилиши керак.

Айни пайтда амалда бўлган совутиш хоналари боғларга яқин ерга қурилиб, экспорт қилиш учун қулай ўрин танланиши ҳам назарда тутилган. Аҳоли миқдорининг йилдан-йилга ортиб бораётгани боис озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам кучайиши шубҳасиздир. Шу нуқтаи назардан совутиш иншоотларини қуришда келгусида бу бинони янада кенгайтириш мумкинлигини ҳам ҳисобга олиш керакдир.  Мутахассисларнинг айтишича, бундай иншоотларда турли хил маҳсулотлар сақлангани боис, барча маҳсулотлар турига қараб, алоҳида-алоҳида қўйилиши керак бўлади. Масалан, тезда сифатини йўқотувчи мева ва сабзавотлар яхши сақланадиганлари билан бир жойда ушлаб турилмайди. Чунки уларнинг сақланиш муддати, ҳарорати ва намлик даражаси турлича бўлади.

Маҳсулотни совутиш иншоотларига киритишдан аввал, албатта, сараланади. Салгина бўлса-да шикастланган ёки пишиб ўтиб кетган меваларни сақламасдан истеъмол қилиш ва сотувга чиқариш зарур.

Яхшилаб сараланган мева ва сабзавот сақланиш учун яроқли бўлади. Масалан,  -0,5дан –1,5 даражада турли мевалар, яъни ўрик бир-уч ҳафта, гилос икки-уч ҳафта, тукли шафтоли икки-тўрт ҳафта, олхўри икки-тўрт ҳафта, узум-бир-беш ойгача, олма бир-ўн ой, нок икки-етти ой, хурмо уч-тўрт ой сақланиши мумкин. Шунингдек,  0 дан 10даражагача ҳароратда сабзи етти-саккиз ой, кечки картошка беш-ўн ой, ошқовоқ икки-уч ой, лимон бир-олти ой, помидор бир ҳафта-икки ҳафта сақланади.

Шу тарзда совутиш хоналарида турли мева ва сабзавотлар сақланиб, маҳаллий бозорларнинг фаровонлиги таъминланади. Яқин ва узоқ чет мамлакатларига экспорт қилинади.

 

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: