Журналист замон билан  ҳамнафасдир

Юртимизда нишонланадиган байрамлар жуда кўп. Уларни қалбларда қувонч, шодлик, катта тантаналар билан кутиб олиш анъанага айланиб бораётгани мақтовга арзигуликдир. Ўтган йили жонажон Тожикистонимизнинг мустақилликка эришганлигининг 30 йиллиги байрам намойишлари тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қолдирилди, десак хато бўлмайди. Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган Наврўз байрамини нишонлаш учун барча маҳоратлар ишга солиниб, уни юқори даражада ўтказиш мақсадида катта  тайёргарлик кўрилади ва халқ эътиборига ҳавола этилади.  Ёки Миллий бирлик куни бу тарихий  кунни нишонлаш ҳам  йилдан-йилга ўзига хос шукуҳ касб этмоқда ва бошқалар.

Ҳар йили қайд этиладиган касбий байрамлар эса ўша соҳа ходимлари учун  қувончли кун ҳисобланади. Жумладан 11 март –Матбуот куни байрами ана шундай байрамлар сирасига киради. Ушбу кунда матбуот, телевидение ва радио ходимлари бир-бирларини табриклашади, ижодий ишларига муваффақиятлар тилашади, эзгу ниятлар билдиришади. Жоиз бўлса касбдошлари, соҳа фахрийлари, ўз касбининг усталари бўлган матбуот соҳаси тараққиётига ҳисса қўшган ижодкорлар ҳақида мақола, очерклар ёзишади, суҳбату интервью ташкил этишади. Журналистика соҳасининг нақадар машаққатли эканлигини, журналист эса матонатли, масъулиятли, ўз касбининг сир-асрорини жуда яхши тушунган  шахс эканлигини эътироф этишади. Бу ҳақ гап. Журналист замон билан ҳамнафас бўлиши, биринчи ўринда вақтдан унумли ва самарали фойдаланиши керак.

Иккинчидан,  эрта учун қолдирилган ишнинг савияси пасайишини унутмаслиги ўта муҳимдир. Бугун ёзилиши керак бўлган ва унинг учун олинган янги маълумот бир неча кундан кейин   ўз қадрини йўқотиши, ўқувчи учун  аҳамиятсиз бўлиб қолиши турган гап. Газетхон журналистдан доимо момақалдироқдек гумбурлаган, яшиндек  бирдан чақнаб барчани лол қолдирувчи, шу билан бирга қизиқарли, аниқ фактлар асосида ёзилган, яъни бошидан-охиригача қизиқиб ўқиладиган, барча замонларда ўз аҳамиятини йўқотмайдиган мақолаларни кутади. ҳеч қачон журналист  «чайналавериб», сийқаси чиқиб кетган сўзларни ишлатиб, далилу гувоҳларни келтириб ёки жимжимадор сиёсий ибораларни ишлатиб ўқувчи қалбидан жой ололмайди.  ҳар давру замонда янги фикрлилар элу юрт диққат марказида бўлган. Бошқалардан айрича фикрлаш ёки янгича фикрлаш(албатта, ижобий томони назарда тутиляпти) осон иш эмас. Бунга шуур жиҳатдан  тараққий этган, ҳаёт, хусусан,  журналистика соҳаси  тажрибаларидан муваффақиятли  ўтган, зукко журналистгина эриша олади.  Тажриба нима? Тажриба-бу оддий қилиб айтганда кундалик турмуш, иш жараёнида қамраб олинган фикру андишаларни ўрганиш ҳамда амалда қўллаш.  Уларни зарур бўлганда сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб, яна уларга таянган ҳолда ишлатиш эса, журналистдан маҳорат талаб қилади.

Тахминга асосланиб ишлаш журналистика соҳасининг ашаддий душманидир. Бундан ҳеч қайси томон баҳраманд бўлмаслиги сир эмас. Вазиятни билиб-билмай, ўрганмай туриб давр, шароит, муҳит ёки шахсга баҳо бериш энг катта хато эканлигини унутмаслигимиз керак. Демак, журналист иш жараёнида юзаки фикрлашдан йироқ бўлиши шарт.  Мантиқан ёндашган ҳолда ижод этиш уни фаолиятининг энг муҳим қисми ҳисобланади. Шундай экан бу машаққатли йўл-журналистика соҳасини танлаган, журналист бўлишни орзу қилган  ёшлар чуқур билим, бой сўз луғати ва жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни юксак даражада идрок эта олиш қобилиятига эга бўлишлари шарт ва зарурдир.

            Ўктам РИЗАЕВ

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: