ШУДГОРЛАШ ИШЛАРИНИ СИФАТЛИ ЎТКАЗИШ

Қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштиришда ерни шудгорлашнинг аҳамияти катта. Ўз вақтида, сифатли ўтказилган шудгор янги ҳосилга пухта замин яратади. Сифатли шудгорланган майдонларда шўр ювиш, яхоб суви бериш, эрта баҳорда тупроқни экишга тайёрлаш ҳамда экиш каби агротехник тадбирларни ўз вақтида ва самарали ўтказишга эришилади.
Ерларни сифатли шудгорлаш учун деҳқон, агроном ва механизаторлар қуйидаги тадбирларнинг бажарилишига алоҳида эътибор беришлари лозим.
Ерларни ҳайдовга тайёрлаш. Аввало, далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши ёки улар майдаланиб далага сочиб юборилиши, суғориш ариқлари текисланиши ва тупроққа зарур миқдордаги маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниши, кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлар (ажриқ, ғумай)дан тўла тозаланиши ёки шундай ўт босган жойларга гербицидлар сепилиши керак.
Тупроқнинг намлиги 16–18 фоиз атрофида бўлса, у яхши майдаланади, плугнинг корпусларига ёпишмайди, ёнилғи сарфи камаяди ва иш унуми ошади. Тупроқ нами етарли бўлмаса, далани суғориш талаб этилади.
Далаларни сифатли ҳамда тежамли шудгорлаш учун ҳар бир ҳайдов агрегати албатта ишолди кўригидан ўтказилиши лозим. Осма плуглар билан ишлатилиши учун занжирли тракторнинг осиш қурилмалари икки нуқтали схема бўйича осиш қурилмаларининг чегараловчи блоклари эса пастки тортқиларнинг эркин юришига имкон берадиган ҳолатда ўрнатилиши лозим.
Икки ярусли плугларда уларнинг юқориги ярус корпуслари пастки ярус корпусларига нисбатан 45–55 см олдинга ва плуг рамаси бўйлама брусларининг чап томонига жойлаштирилиши даркор. ҳайдов чуқурлиги 30 см бўлганда юқориги ярус корпуслари пастки, 30 см. дан кўп бўлса, юқориги ҳолатга ўрнатилади.
Чимқирқар плугларда чимқирқарлар асосий корпуслардан 25–30 см олдинда туриши ва ҳайдаш чуқурлиги 10–12 см бўлиши керак.
ҳайдаш чуқурлиги тиркама плугларда уларнинг дала механизми штурвалини айлантириб, ўрнатма плугларда эса таянч ғилдирагини баландлик бўйича силжитиб созланади.
Ерларни одатдаги, яъни бир томонга ағдарадиган (ПЯ-3-35, ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45, ПН-4-45, ПЛН-5-35) плуглар билан ҳайдашдан олдин дала кенглиги 40–50 метрли тахталарга бўлинади ва ҳар қайси тахтада агрегатнинг иш йўли белгилаб чиқилади.
Тахталар ичкарига ёки ташқарига ағдариб ҳайдалиши мумкин. Ичкарига ағдариб ҳайдашда шудгорлаш тахтанинг ўртасидан бошланиб, даланинг охирига етганда плуг ўнг томонга бурилади ва тупроқ биринчи ҳайдалган томонга ағдарилади. Тахтанинг ўртасида марза (пушта) ҳосил бўлади. Кейинги ҳайдашлар шу йўсинда давом эттирилиб, тупроқ ҳамма вақт пушта томонга ағдарилади.
Ташқарига ағдариб ҳайдашда плуг тахтанинг ўнг чеккасидан бошлаб, охирига етганда чапга айланади ва тахтанинг чап чеккаси ҳайдашни давом эттиради. Шу тариқа агрегат тахта ўртасига яқинлашади ва эгат ҳосил бўлади.
Ичкарига ағдариб ҳайдаш учун агрегатнинг биринчи ўтишида плугнинг биринчи корпуси дала юзига сирпаниб юрадиган, охирги корпуси эса белгиланган чуқурликда ишлайдиган этиб ростланади. Агрегатнинг иккинчи ўтишида биринчи корпус ҳам белгиланган чуқурликда ишлайди ва у биринчи ўтишда охиргидан олдинги корпус юрган издан юргизилади. Учинчи ўтишда ер одатдагидек ҳайдалади.
Ер айланма плуглар билан ҳайдалганда дала тахталарга бўлинмайди, чунки уларнинг корпуслари ўнгга ва чапга ағдарадиган бўлганлиги учун дала бир чеккадан ҳайдалади. Шу сабабдан шудгор юзасида марза ва эгат каби нотекисликлар ҳосил бўлмайди.
Плуг далада ишлай бошлаганда унинг рамасини бўйлама ва кўндаланг йўналишлар бўйича дала юзасига параллеллиги ҳамда биринчи корпуснинг қамров кенглиги текшириб кўрилади. Чунки плуг рамасининг бўйлама ва кўндаланг текисликларда оғиши корпусларнинг тупроққа нотекис ботишига, биринчи корпус қамров кенглигини бошқа корпуслар қамров кенглигидан фарқ қилиши эса ҳайдов юзасининг нотекис бўлишига олиб келади.
Агар ўрнатма плуглар рамаси бўйлама йўналиш бўйича олдинга оғган бўлса трактор осиш қурилмасининг марказий тортқиси узайтирилади, аксинча ҳолатда қисқартирилади. Раманинг кўндаланг йўналиш бўйича оғиши трактор осиш қурилмасининг пастки тортқилари кашакларини қисқартириш ёки узайтириш йўли билан созланади.
Тиркама плугларда раманинг олдинга оғиши унинг тортқисини пастга тушириш орқали, орқага оғиши эса кўтариш орқали тўғриланади. Рама кўндаланг йўналиш бўйича ўнгга оғса, плуг эгат ғилдирагини пастга тушириш, чапга оғганда эса кўтариш керак бўлади.
Плуг биринчи корпусининг қамров кенглиги бошқа корпусларга нисбатан кўп бўлса, плуг тракторга нисбатан чап томонга, кам бўлганда эса ўнг томонга сурилади.
Ғилдиракли тракторлар билан ишлатиладиган барча осма плуглар уларнинг дала ёки ҳайдов томонга тортишини созлайдиган қурилма билан жиҳозланган. Агар иш жараёнида трактор дала томонга тортса ушбу қурилма винти узайтирилади, ҳайдов томонга тортганда эса калтайтирилади.
Ерларни икки ярусли плуглар билан шудгорлаш унга қўйилган агротехника талабларига тўла жавоб беради, чунки бундай плуглар тупроқ ҳайдов қатламини икки қисм (ярус)га ажратиб ва улар ўринларини алмаштириб ағдаради: юқориги унумдор, озиқа моддаларга бой қисм пастга, озуқа моддалари қашшоқлашган унумсиз пастки қисм тепага ағдарилади. Бунда солинган ўғитлар, ўсимлик қолдиқлари, бегона ўтлар ва уларнинг уруғларининг чуқур кўмилиши таъминланади. Икки ярусли плуглар билан шудгор қилинган далаларда бегона ўтларнинг униб чиқиши 2–3 баравар камаяди, пахта ҳосилдорлиги гектарига 2–3 центнерга ошади.
Кам унумли, қум ва шағал қатлами мавжуд ерларда ҳайдов чуқурлиги шундай танланиши керакки, бунда қум билан шағал ер бетига ағдарилиб чиқмайдиган бўлсин.
Бедапояларни ҳайдаш. ҳайдовда беданинг илдизлари 5–6 см чуқурликда қирқилиб, эгат тубига кўмилиб кетиши керак. Бунинг учун бедапоялар илдизларини 5–6 см чуқурликда кесиб кетадиган чап қирқувчи пичоқлар ўрнатилган икки ярусли плуглар билан ҳайдалади. Қамров кенглиги 200 мм бўлган пичоқлар плуг юқори корпусининг чап томонига ўрнатилади. Шунда беданинг илдиз бўғини 5–6 см узунликда кесилиб, чуқур кўмилади. Бошқа русумдаги плуглардан фойдаланилганда бедапояларга олдин ағдаргичлари олинган плуглар ёки ясси кесувчи пичоқлар билан жиҳозланган култиваторлар ёрдамида 5–6 см чуқурликда ишлов берилади, сўнгра ҳайдалади.
Шудгор сифатини назорат қилиш усуллари. Плугнинг иш сифатини белгиловчи агротехник талаблар орасида ҳайдаш чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғи ва илдизларининг кўмилиш чуқурлиги муҳим ҳисобланади. Чуқурлик қиймати эгат ўлчагич ёки оддий чизғич билан аниқланади. Бунинг учун плугнинг охирги корпуси ҳайдаган эгат чуқурлиги ҳар бир даланинг 25 жойидан ўлчанади. Кейин ҳамма ўлчов кўрсаткичлари қўшилиб, ўртача кўрсаткич аниқланади. Сифатли ҳайдалган ерларда ҳайдаш чуқурлиги агроном томонидан ўрнатилган кўрсаткичдан 2 см фарқ қилиши мумкин, холос. Бегона ўтларнинг кўмилиш чуқурлиги ҳам даланинг 25 жойидан ҳайдалган ерни ковлаб ва шудгор юзидан бегона ўт ётган жойгача бўлган масофа ўлчаб аниқланади. Ўртача кўрсаткич икки ярусли плугларда 20 см. дан, умумий ишларга мўлжалланган плугларда эса 10 см. дан кам бўлмаслиги керак.
Шудгорлашда катта кесаклар кўчмаслиги, ҳосил бўлган пушталарнинг ўртача баландлиги 5 см. дан ошмаслиги лозим. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ерни узоқ йиллар мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаш ва тракторлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик машиналари ғилдираклари остида топталиши тупроқнинг ҳайдов ости қатламининг зичланиб кетишига олиб келади. Бу ўсимликлар ҳаво ва озуқа режимининг бузилиши ҳамда ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади. Шунинг учун барча далалар 2–3 йилда бир марта чуқур юмшатилиб турилиши даркор.
Шу ўринда вилоят шаҳар ва ноҳияларида бу йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берамиз. Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг маълумотига кўра, жорий йилнинг 12 январигача вилоятда 160086 гектар (режа 209912 гектар) ер шудгор қилинган. Бу режанинг 76 фоизини ташкил этади. Шаҳар ва ноҳиялардан фақат Конибодом шаҳри режани 103 фоиз (7702 гектар ўрнига 7989 гектар)га бажарди. Вилоятда ҳар куни 303та трактор 1323 гектарга яқин ерни шудгор қилмоқда.
Юқори ҳосил олишда экинларни маҳаллий ўғит билан озиқлантириш муҳим аҳамият эга. Бу йўналишда ҳам ишлар яхши йўлга қўйилди. Вилоят шаҳар ва ноҳиялари деҳқонлари маҳаллий ўғитни захира қилиш режасини ортиғи билан бажаришди. Масалан, режадаги 152300 тонна ўрнига 163761 тонна ўғит захира қилинди.
Кўриниб турибдики, шудгор алоҳида масъулият ва билим талаб этадиган муҳим агротадбир бўлиб, унга деҳқонлар, агрономлар, механизаторлар томонидан доимо эътибор қаратилиши лозим.
Ўктам РИЗАЕВ

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: