БАЙРОҒИНГ ҲИЛПИРАШДАН ТӮХТАМАСИН, ВАТАНИМ!

Ватанимизнинг турли гӯшаларида нишонланганидек, жорий йилнинг ноябр ойида Спитамен ноҳияси 10-ӯрта умумтаълим мактабида ҳам Тожикистон байроғининг миллий рамз сифатида қабул қилинганига 22 йил тӯлгани муносабати билан ушбу мактаб ӯқувчилари иштирокида тантанали кеча бӯлиб ӯтди. Ушбу тантанали кеча рақс, байроқ ҳақида шеърлар, қизиқарли фактлар, байроқни қабул қилиниш тарихи каби қисмлардан иборат бӯлиб, жуда юқори кайфиятда ӯтди.
Мактабнинг бошланғич синф ӯқитувчиси Дилобар Юлчибоевадан ушбу кечани ташкил қилишдан кӯзда тутилган мақсади нима эканлигини сӯраганимизда, унинг жавобидан том маънодаги ватанпарвар инсон ва бу ватанпарварликни ӯқувчиларга ҳам сингдириш учун ӯз меҳнатини аямаётган мураббияни кӯрдик.
-Яратганга шукроналар бӯлсинки, юртимиз тинч, ҳаётимиз осойишта, кунларимиз ёруғ, тунларимиз осуда. Узоқ сафарларга кетиб, бир муддат мусофир бӯлсак ҳам, ҳар куни эрталаб ишга кетиб, кечқурун қайтсак ҳам, уйдагилардан кӯнглимиз хотиржам. Фарзандларимиз боғчага, мактабга ӯзлари бориб, ӯзлари келишяпти, улардан ҳам кӯнглимиз тӯқ. Шунда тинчлик- нақадар улуғ неъмат эканини англаб етасан, киши. Ҳақиқатан ҳам, тинчлик бебаҳо неъмат. Уни сақлаш, авайлаш, керак бӯлса, бу йӯлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги тинчлик туфайлидир. Ушбу тадбирни ташкил қилишдан асосий мақсад ҳам ёшларда ватанпарварлик ҳиссини ривожлантириш, тинчлик қадрига етишни ӯргатиш эди.
-Нима учун ушбу кечани айнан бошланғич синфлар иштирокида ташкиллаштирдингиз?
-Биринчидан, ӯзим бошланғич синфларга дарс беришим сабаб. Иккинчидан, менинг фикримча, Ватанни ҳис қилиш болалик йилларининг беғубор шӯхликлари-уйимиз, боғимиз, кӯчамиз, маҳалламиз ғурури учун “курашган” пайтларимиздан бошланади. ӯзимиз билмаган ҳолда оиламизнинг, қишлоғимизнинг, демак, Ватанимизнинг ёш ҳимоячиларига айланар эдик. Катталар бизга жиддий бир юмушни ишониб топширишса, бундан фахрланиб, енг шимариб ишга киришардик. Айнан шу нарса сабаб бошланғич синфлар билан ушбу кечани ташкил қилдик. Чунки уларни ватаннинг ёш ҳимоячиларига айлантириш биз- ӯқитувчиларнинг бурчимиздир.
Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ӯрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ӯрни ҳамда ролини кӯрсатишда муҳим аҳамиятга эга бӯлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ҳисобланган. Чунки у халқнинг ӯтмиши, бугуни ва келажагини ӯзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир.
Ватан байроғини эъзозлаш фуқароларда ӯзининг қадр-қимматига, ӯз мамлакатига ва шахсига бӯлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ӯқув юртлари, Тожикистон аъзо бӯлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ-келажагимизга бӯлган ишончимиз тимсоли сифатида доимо баланд ҳилпирайверсин.
Ӯктам РИЗАЕВ

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: