Жон қўшнимиз – Янги Ўзбекистон:  Тошдан қоғоз ясаётган инсон

          Мустақил  Тожикистонимизда эришилаётган ютуқлардан қардош ўзбек халқи қанчалик қувонаётган бўлса, биз ҳам Янги Ўзбекистонда турли соҳаларда қўлга киритилаётган муваффақиятлардан шунчалик севинамиз. Айниқса, кейинги уч йилда Янги Ўзбекистонда учинчи ренессанс деб аталаётган тўлқин авж олиб, иқтисод ва ижтимоий ҳаётда,  илм- фан, маданият, адабиёт ва санъатда мислсиз ўзгаришлар юз бермоқда.

Биз «Жон қўшнимиз- Янги Ўзбекистон» деб аталган лойиҳага қўл урар эканмиз, бу ўзгаришлар борасида ҳикоя қилиб беришни режалаштирдик.  Лойиҳа доирасида Янги Ўзбекистоннинг турли соҳаларда меҳнат қилаётган кишилари, таниқли ва оддий инсонлар борасида ҳам ҳикоя қилиб борамиз.

Янги лойиҳа икки қадимий, қардош ва жондош халқ дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат этса, биз эзгу мақсадимизга етиб, мамнун бўламиз.

Таҳририят

Шундай қилиб, янги лойиҳанинг дастлабки мақоласи:

                      Тошдан қоғоз ясаётган инсон

     Мен бу ғаройиб инсон ҳақида биринчи марта фарғоналик машҳур журналист дўстим Муҳаммаджон Обидовдан эшитганман. Муҳаммаджон менга бир дафтар совға қилар экан, унинг тошдан ясалганини айтди. Мен дафтарни Хитойдан олиб келганмисиз, деб сўрадим. «Йўқ, бу дафтар ўзимизнинг Фарғонада ишлаб чиқариляпти. Абдураҳмон Ниёзов деган уста тадбиркор инсон тошдан қоғоз тайёрлашни йўлга қўйдилар»,  деди Муҳаммаджон.

Абдураҳмон Ниёзовни дастлаб Фарғона шаҳрида ўтказилган   «Пресс-клуб»да кўрдим. Унинг сўзларини эшитар эканман, бу инсоннинг  ўз юрти тараққиёти учун чинакам фидойи эканлигини англадим. 

Фарғонага кейинги сафар чоғи бевосита Абдураҳмон Ниёзов билан учрашдик.  Ўшанда у киши раҳбарлик қилаётган «Сайқал»нинг кенг тармоқли корхона эканлигини билиб олдим.  «Сайқал»да  нефт-газ қудуқлари учун зарур мосламалар, иссиқхоналар устини ёпиш учун ишлатиладиган, 50 йил иш берадиган синтетик ёпқичлар, мева қуртларига қарши ишлатиладиган дорилар, ногиронлар учун аравачалар ишлаб чиқаришар экан. «Сайқал»да мажруҳлар, жисмоний ноқислиги бор инсонлар учун ўнтадан кўп турдаги маҳсулот тайёрланар экан. Улардан бири – кар-соқов болалар учун эшитиш аппаратлари.

  — Бу аппаратлар бизгача ҳам  кар-соқов болаларга етказиб берилган. Лекин болаларга хизмат кўрсатилмаган. Биз Дания билан қўшимча корхона очдик. Болалар учун эшитиш мосламалари тайёрлашни йўлга қўйдик. Миянинг ичида турадиган капилляр аппарат ишлаб чиқара бошладик. Лекин муаммо чиқди – мослама мия ичига қўйилганидан кейин бемор олти ой кузатувда туриши керак экан. Шунинг учун Тошкентда Ўзбекистон эшитиш маркази очдик.  Ҳозир Франсия, Даниядан докторлар келиб, эшитиш мосламаларини қўйишяпти. Биз олти ой давомида  кузатувлар олиб боряпмиз. Кар-соқовларнинг гапиришини,  севинчдан йиғлашганини кўрганимда, ўзим ҳам қўшилиб йиғлаб юбораман, — деганди  «Сайқал»нинг раҳбари Абдураҳмон Ниёзов.

Мен тадбиркорнинг бу гапидан бир нарсага амин бўлдим:у қандай маҳсулот ишлаб чиқаришга қўл урмасин, аввало ўз халқига, инсониятга яхшилик қилишни ўйлайди!

Абдураҳмон Ниёзовда тошдан қоғоз ишлаб чиқариш ғоясининг туғилиши эса, унинг ўз халқи, юрти тарихига қизикиши билан боғлиқ. Тадбиркор Хитойда, Эронда бўлиб, бу мамлакатларда қоғоз ишлаб чиқариш саноати қандай йўлга қўйилгани билан танишди. Худди ана шу пайтда Самарқандда ҳали қадимданоқ қоғоз ишлаб чиқарилганини эслади. Унинг тарихини яхшилаб ўрганди. Ва бир қарорга келди: Фарғонада ҳам тошдан қоғоз ишлаб чиқариш мумкин!

Бу ғояни амалга ошириш устида тўрт йил иш олиб борди.  Бу йиллар давомидаСамарқанддаги қоғоз ишлаб чиқариш усулини жаҳон андозалари даражасида такомиллаштириш ва тошдан қоғоз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ғояси сира тинчлик бермади.  Ниҳоят,  Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда МДҲ мамлакатларида ягона бўлган ноёб лойиҳа – тошдан қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айни пайтда  Абдураҳмон Ниёзов “Fergana stone paper” корхонаси раҳбари сифатида янги лойиҳа доирасида ишлар кўламини янада кенгайтириш ҳаракатида.

Тошдан ясалган қоғозлар аввал-бошда ички бозор эҳтиёжи учун ишлаб чиқарила бошланди.  Фарғоналик тадбиркорнинг қоғозлари тилдан тилга ўтиб, МДҲ давлатларида қизиқиш уйғота бошлади.

 – Биз ҳозир Грузияга тошқоғоз етказиб бериш борасидаги шартнома устида ишлаяпмиз. Агар талаб ва эҳтиёж бўлса, албатта жон қўшнимиз Тожикистонга ҳам тошқоғоз етказиб берамиз, — деди Абдураҳмон Ниёзов. 

Тадбиркор қаерга сафар қилмасин, янгилик ўрганишга интилади. У  Германия, Болгария, Польша, Эрон, Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Ҳиндистон сингари кўплаб давлатларда бўлган. Бу мамлакатлардаги тидбиркорлар фаолияти билан танишган. Шунчаки танишиб қолмасдан, бу мамлакатларда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи, келтираётган фойдаси, унга фақат ўша мамлакатдагина эмас, балки бошқа ерларда ҳам қизиқиш, талабот бор-йўқлигини таҳлил этади. Шу таҳлиллар натижасида Ўзбекистон, Фарғона шароитидан келиб чиқкан ҳолда янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Масалан, Эронга сафаридан сўнг, бу мамлакатдаги тадбиркорлар билан ҳамкорликда Фарғонада овқатланишда фойдаланиладиган бир марталик гигиеник идишлар ишлаб чиқарила бошланди.

Айни пайтда Абдураҳмон Ниёзов ташаббуси ва бевосита унинг раҳбарлигида 7 та – 4 та қўшма ҳамда 3 та хусусий корхона фаолият кўрсатмоқда. Бу корхоналарда 200 нафарга яқин ишчи-мутахассис меҳнат қилади. Корхоналардаги ўртача ойлик  ҳақи ўзбек пулида 2 миллион 500 минг сўм (Бу 250 АҚШ долларига тенг). 

— Биз имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ишчиларимиз, ходимларимизнинг ойлик маошларини ошириб бориш учун интилаверамиз. Корхоналаримизни кенгайтириш, янгиларини очиш ҳисобига ҳамшаҳарларимизни доимий иш билан таъминлашда давом этамиз, — деди Абдураҳмон Ниёзов.

Абдураҳмон Ниёзовнинг уч нафар ўғли ва бир қизи бор. Тадбиркор отанинг фарзандлари ҳам унинг йўлидан кетишмоқда. Оиладаги янги ғоялар устида ишлаш,  юрт, халқ манфаати учун изланиш, Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши, гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшишга интилиш муҳитида тарбия топган фарзандларнинг ҳаммаси ҳам ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланишяпти., Уларнинг ҳар бири биттадан саноат корхонасини бошқаряпти.

Абдураҳмон Ниёзов ўзининг тадбиркорлик фаолияти ҳақида гапирар экан, албатта агар Ўзбекистонда, жумладан Фарғона вилоятида барча зарур имкониятлар яратиб берилмаганида, ҳозиргидек муваффақиятга эриша олмаган бўлишини таъкидлади.

Шу ўринда Фарғонанинг тадбиркорлик салоҳиятига бир назар ташлайлик.

Ўтган йили бутун жаҳонни ташвишга солган пандемия шароитида кўплаб мамлакатларда иқтисоднинг орқага кетганлиги ҳаммага маълум. Фарғонада эса, бу мураккаб шароитда 2020-йилда 8 мингта янги кичик бизнес субъекти фаолиятига асос солинди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги кичик бизнеснинг улуши 68 фоизга етказилди.

Ижтимоий-иқтисодий дастурлар доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ҳамда  қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича  2020-йилда  ўзбек  пулида 7 триллион сўмлик  ё  700  миллион долларлик 892 та лойиҳа амалга оширилди. Бу 20 мингтадан ортиқ янги иш ўрни яратиш имкониятини берди. 

Айни жараёнда жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибалари асосида тадбиркорларга кўплаб имтиёзлар берувчи махсус саноат мавзелари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ҳозирги кунда уларнинг сони 82 тага етди.

Вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг 60 га яқин мамлакатига етказиб берилаётир.  Вилоятдаги 672 та корхона четга маҳсулот етказиб бермоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида уларнинг сони 117тага ошди.

 2020-йилда хорижий сармоялар иштирокидаги 60 та янги корхона рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг сони 468 тага етди. Уларнинг 311 таси қўшма корхона, 157 таси эса, хорижий корхоналар сирасига киради.

  1. -йилда Фарғона вилоятида умумий қиймати 483 миллион доллар бўлган

тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва хорижий кредит маблағлари ўзлаштирилиши кутилмоқда. Натижада:  саноат йўналишида – қиймати 390 миллион  долларлик 76 та лойиҳа, қишлоқ хўжалигида – қиймати 58,8 миллион долларлик 32 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш соҳасида – қиймати 34,7 миллион долларлик  9 та лойиҳа амалга оширилади.  4 892 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, 2021-йилда қиймати 204,7 млн. долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилиб,  йирик саноат объектлари ва ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга қабул қилиниб, 2280 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Янги Ўзбекистоннинг барча вилоятларида жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг олдинги сафида бораётганлар орасида эса, энди бизнинг яқин танишимиз, дўстимизга айланган  чинакам тадбиркор инсон, ўз юрти, ўз халқи учун кеча-кундуз фикрлайдиган, янги-янги ғояларни татбиқ қилиш устида изланадиган Абдураҳмон Ниёзов ҳам борлигидан фахрланамиз.

                                                     Ўринбой УСМОН,

                                     “Журналистикадаги устуворлиги” ва 

                                     Ҳожи Содиқ номли мукофотлар эгаси,

                                               Хужанд- Фарғона- Хужанд

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: