Адабий дўстлик- абадий дўстлик: Чироқ кўтарган одам

         Бу гал мени каминага билим берган, одам танитган, олам танитган қадрдон Тошкент томон Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, истеъдодли адиб, драматург Ўткир Ҳошимовнинг меҳр тўла нигоҳлари бошлади. Ҳали анча олдин Тошкентда Ўткир аканинг 80 йилликларига бағишлаб катта тантана ўтказилиши ҳақида эшитганимдаёқ унда қатнашишни ният қилгандим…

Тошкентга етиб келганимдан сўнг тўппа-тўғри шаҳар марказидаги «Адиблар хиёбони» га қараб йўл олдим. Боғнинг баланд, чиройли дарвозасига яқинлашар эканман, назаримда тенгдош ижодкор дўстлари, мухлислари қуршовида турган Ўткир ака ўша-ўша самимий, меҳр инган кўзлари кулган ҳолда «Хуш келибсиз», деётгандайин бўлаверади. Ўша, бундан 31-32 йиллар муқаддам мўътабар  «Шарқ Юлдузи» журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаётган пайтларидаги каби энг муҳим ишларини бир четга йиғиштириб қўйиб, тожикистонлик оддий бир ўзбек ижодкорини илиқ кутиб олиб, самимий суҳбат қуришларини қўмсаб, қадамим тезлашади. Ва худди шу асно ўзимга келаман-да, агар Ўткир ака ҳаёт бўлганларида бугунги Ўзбекистонда адабиёт учун, ижод аҳли учун қилинаётган ғамхўрликларни кўриб, «Адиблар хиёбони» бағрида қанчалик яйрашларини тасаввур қиламан.

Булбуллар сайраб-сайраб яйраган боғ меники

Яқин-йироқ меники, шу сўлу соғ меники.

Кўкда порлаган қуёш, нурли ёноқ  меники.

Боболар зиёси бор азиз тупроқ меники

Ватаним, давлатимнинг бемисл ардоғи бу,

Адиблар хиёбони, адиблар боғи бу.

Миннатдор шоирнинг қалб тўридан қуйилиб чиққан сатрларни такрорлар эканман, Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиеванинг давраларда одамлар оғзидан тушмайдиган «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор» деган қанотли сўзларини эслайман.  Назаримда  «Адиблар хиёбони»даги Ҳазрат Алишер Навоийнинг инсониятга юзланган сиймоси атрофини қуршаган Бобур, Огаҳий,  Муқимий, Фурқат, Бердах,  Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби 23 нафар ижодкорнинг ҳайкали «Биз бу ёруғ кунларга етдик», дея сўзлаётгандек бўлишади.

Уларнинг сўзларига қулоқ тутар эканман, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Раиси муовини Ғайрат Мажиднинг ёниб-куйиб айтган сўзлари қулоғимдан кетмайди:

«Тўрт  нафар ижодкор йиғилиб, шоир-ёзувчиларимиз, олтмиш, етмиш, саксон ёшга кирган ижодкорларимизнинг юбилей саналарини ўтказолмай қолдик. Мен собиқ Иттифоқ даврини айтмаяпман. Шу истиқлол даврида Абдулла  Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир  Ҳошимов каби муҳтарам адибларимиз тириклик пайтларида уларнинг ҳурматини, эъзозини у қадар жойига қўя олганимиз йўқ, деб ўйлайман мен».

Ғайрат Мажид жорий йилда икки истеъдодли ижодкор – Абдулла Орипов ва Ўткир Ҳошимовнинг 80 йилликлари мамлакат миқёсида, юксак даражада нишонланишини эслатар экан, бу гапларни айтди.

Ўтган йил охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абдулла Орипов ва Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги, машҳур санъаткор Ботир Зокировнинг 85 йиллигини кенг нишонлаш борасида қарорлар қабул қилди. Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллигини нишонлаш борасидаги қарори асосида йил давомида амалга оширилган хайрли ишларнинг ҳаммасини санаб ўтишнинг иложи йўқ.  Фақат айримларини таъкидлаб ўтмоқчиман: “Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Ўткир Ҳошимов ижодининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди, адибнинг “Танланган асарлар”и, қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарлари нашр этилди, мамлакат театрларида пьесалари саҳналаштирилди, Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига номи берилди, туғилиб-ўсган уйида ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди, республика ижод мактаблари ўқувчилари орасида “Ўткир Ҳошимов асарларининг билимдонлари” танлови ўтказилди…

Сокин, сўлим боғда одимлаб борар эканман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва унинг нашрлари жойлашган муҳташам бино томон яқинлашаман. Шу он неча ўн йиллар давомида  бу Уюшмага раис бўлган ардоқли ижодкорлар худди шундай бинода ишлашни, ижод этишни орзу қилганликларини ўйлайман. Уюшма ташкил этилган узоқ 1934-йилдан нақ 2017-йилгача ўз биносига эга эмас эди. Ижарадан ижарага кўчишлар манаман деган сабр-чидамли одамни ҳам қийнаб юборарди. Фақат Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб сайлангач, ижодкорларнинг 83 йиллик орзулари амалга ошди!

Узоқ йиллар Ўткир Ҳошимов бош муҳаррир бўлган  «Шарқ юлдузи» ҳам ана шу «Орзулар биноси»да жойлашган. Ҳозир бу журналга  истеъдодли шоир Сирожиддин Рауф — бош муҳаррир. У бор ишини ташлаб, мени илиқ кутиб олганида беихтиёр Ўткир акани эслайман. Сирожиддиннинг чеҳрасидан тошиб турган самимият сизда ўз уйингизга  эркин кириб бориш кайфиятини уйғотади. У менга  «Шарқ юлдузи»нинг  жорий йилги 9-сонини совға қилди. Унда мақолам борлигини айтди. «Тожикистонлик мухлис кўз-кўз қилган бойлик» сарлавҳали бу мақолам «Шарқ юлдузи» журналинингг 90 йиллиги муносабати билан ёзилган эди. Унда Тожикистонда ҳам бу ажойиб журнални севиб ўқишлари, вақтида фақат ҳозирги Суғд вилоятида ўн минг нафар обуначиси бўлганлиги, «Шарқ юлдузи», унинг бош муҳаррири Ўткир Ҳошимовнинг менга, ижодимга бўлган эътибори ҳақида ёзгандим. Жумладан, мақолада шундай сатрлар бор: «Шарқ юлдузи»га борди-келдиларим асносида истеъдодли ёзувчилар – журналнинг бош муҳаррири Ўткир Ҳошимов ва масъул котиб Абдусаид Кўчимовлар билан танишдим. Мен улар билан суҳбат асносида бир нарсани англадим: муаллиф ким, қаердан бўлишидан қатъий назар яхши асар, албатта «Шарқ юлдузи» да чоп қилинар экан».

Сирожиддин Рауф, Азиз Саид, Икром Отамурод каби истеъдодли, иқтидорли ижодкорлар ишлаётган ҳозирги «Шарқ юлдузи»да ўзбек адабиётининг энг сара асарлари билан бир қаторда ёш ижодкорлар ижодидан намуналар, жаҳон адабиётидан таржималар бериб бориляпти. Журналнинг ижодий жамоаси тожик адабиёти тарғибига катта эътибор бермоқда. Жумладан, «Шарқ Юлдузи»да Тожикистон Халқ шоирлари Низом Қосим, Фарзона, Тожикистон Халқ ёзувчиси Сорбон ва бошқа тожик ижодкорларининг асарлари нашр этилди.

Агар, Ўткир Ҳошимов даврида бу мўътабар журналда менинг  қаламимга мансуб «Иснод» («Қишдан олдинги фасл») қиссаси, «Тасодиф», «Бармоқлар», «Тераклида би-ир тўй бўлди» ҳикояларим чоп этилган бўлса, кейинги йилларда «Ёриқ кўзгу», «Звезда востока»да эса «Аслия» нашр этилди.

Сирожиддин билан яна учрашишга келишамиз-да, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томон ўтаман. Уюшма Раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид  мени илиқ кутиб олди ва суҳбатимиз қўр олди. У мамлакатда адабиётга умумдавлат миқёсида берилаётган эътибор ҳақида гапирар экан, аниқ мисоллар келтиради.

«Уюшманинг бир йиллик фаолияти учун 20 миллиард сўм берилди. Бу маблағдан ходимларга маош берилади, маданий-бадиий тадбирлар, мушоиралар ўтказилади, юбилей анъаналари нишонланади, ёзувчи-шоирларимизнинг китоблари чиқарилади ва тарқатилади.  Мана илтифот. Мана мамлакат раҳбарининг ёзувчи-шоирларга эътибори».

Мен бўлсам, аввало Марғилонда, сўнг Тошкент, Андижон, Наманган, Қарши, Гулистон, Урганч ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида жаҳонда ўхшаши йўқ  ижод мактаблари очилгани ва бу таълим даргоҳларининг ёш ижодкорларни излаб топиб, улар орасидан етук шоирлар, ёзувчилар тайёрлашдаги рисолати ҳақида ўйлайман.

Бундан икки ой олдин Ғайрат Мажид билан учрашганимизда, у устоз-шогирд буюк алломалар Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий тамал тоши қўйган тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги ҳақида тўлиб тошиб гапирган эди. Жумладан, «Буюк шоирлар дўстлигини биз давом эттиришимиз керак. Бир вақтлар бу дўстликни Мирзо Турсунзода ва Ғафур Ғуломлар, улардан кейин Абдулла Орипов, Мўмин Қаноат, Лойиқ Шералилар давом эттиришган. Бу  ижодий дўстликни кейинги пайтларда Сирожиддин Саййид, Низом Қосим давом эттиришмоқда. Энди бизнинг тенгдошларимиз бир-биримизни танишимиз, бирлашишимиз керак. Дўстлигимиз боқий бўлсин! Халқларимиз дўстлигига кўз тегмасин! Ҳаволари бир, наволари бир, мақсадлари бир, маслаклари бир, имони бир, эътиқоди бир, дини бир бу халқлар дўстлигига ҳеч нарса рахна сола олмайди. Ишонаман, бу дўстона алоқаларимиз йиллар оша, асрлар оша давом этаверади», деган эди.

Ғайрат Мажид худди хаёлимдан ўтган гапларни уққандек бундан ўн кун олдин Абдулла Орипов 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантана ва унда қатнашиш учун Душанбедан келган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи Раиси Низом Қосимнинг сўзлари ҳақида гапиради. Низом Қосимнинг Абдулла Орипов ижодига берган катта баҳоси, кейинги йилларда тожик-ўзбек адабий алоқаларининг кучайгани ва икки адабиёт дўстлигини янада мустаҳкамлаш ҳақидаги сўзлари қарсакларга кўмилганини айтади.

… Биз – Сирожиддин Рауф икковимиз Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги нишонланадиган Ўзбекистон Миллий театри томон етиб борганимизда, санъат кошонаси олдида юзлаб одамларни кўрдик. Тантанали маросим бошланганда эса, унинг ҳар бир иштирокчисини ажойиб совға кутарди. У – Ўткир Ҳошимовнинг яқинда нашр этилган «Танланган асарлар»и ва «Икки эшик ораси» китоблари эди.

Севимли адибни аввало Ўзбекистон Президенти  Давлат маслааҳатчиси А. Абдувоҳидов табриклади. У ва сўзга чиққан ҳар бир инсон Ўткир Ҳошимовнинг ўзбек адабиётидаги  тутган салмоқли ўрни ҳақида тўхталишди. Бундан ярим асрдан кўпроқ вақт илгари улкан адиб Абдулла Қаҳҳор ёш истеъдодли қаламкаш Ўткир Ҳошимовнинг «Чўл ҳавоси» қиссасини ўқиб, « Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади… Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!», дея мактуб ёзган эди. Хотира кечасида бу мактуб яна эслатилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар иттифоқи Раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг чиқишини бошқалар қатори мен ҳам жуда катта қизиқиш ва мамнунлик билан тингладим. Жумладан, у «… Дунёнинг ишлари» асари ўзбек оналарига қўйилган тирик ҳайкалнинг беназир тимсолидир. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» эса – умр ҳошиясидаги битиклардай жонли тилимизда барҳаёт янграб турибди. Президент «Адабиёт – халқнинг юраги», дея таърифлаганидек, халқ юрагидан жой олган асарларгина умрбоқий яшаб қолади. Эл севган адиб Ўткир Ҳошимовнинг ибратли ҳаёти ва ижоди бунга мисол бўла олади, дея қатъий ишонч билан бемалол айтамиз», деди.

Жорий йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган зукко адабиётшунос ва маҳоратли таржимон Иброҳим Ғафуров Ўткир Ҳошимовнинг ижоди, инсонийлиги ҳақида мисоллар билан гапирар экан, дунёда ўзбек адабиётига нисбатан катта қизиқиш кучаяётганини таъкидлади. У жорий йилда Россиянинг Санкт-Петерберуг шаҳрида Ҳазрат Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилиши, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида бу буюк шоирнинг мужассамаси ўрнатилгани асрлар ўтса-да, чинакам ижодкор эътироф этилишини англатишини урғулади.

Истеъдодли ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад Ўткир Ҳошимовнинг ўз асарларига сарлавҳа танлаш маҳоратини ҳам таъкидлаб ўтди. Фақат буйруқларнигина бажаришга даъват этилган даврда бирданига «Қалбингга қулоқ сол» асарининг пайдо бўлиши аслида катта бир жасорат эди. Бани инсон авлоди сен ҳақиқат, адолат йўлидан юргин, иймонли, ҳалол бўл, қалбингга қулоқ сол, деб чорлаганди ўзи шу принципларга амал қилган адиб, деди жумладан Хуршид Дўстмуҳаммад.

Ўзбекистон  Давлат кинематография қўмитаси раиси биринчи муовини, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев  Ўткир Ҳошимов асарлари асосида кўп телефилмлар, саҳна асарлари яратилганини айтар экан, лекин  адибнинг экранлаштиришни кутиб турган асарлари ҳали кўплигини айтди. У кейинги пайтларда фақатгина «Икки эшик ораси» романи асосида бир неча сценарий ёзилди, деди.

Аслида Ўткир Ҳошимов хотирасига бағишланган хотира кечаси ҳам «Чироқ кўтарган одам» ҳужжатли филми билан бошланган эди. Мен уни томоша қилар эканман, филм ижодкорларининг Ўткир Ҳошимовнинг инсоният йўлини ёритишдаги улкан хизматларини акс эттиришга интилганликларини сездим.

Хотира кечасида Ўткир Ҳошимовнинг рафиқалари Ўлмасхон опа миннатдор бўлиб гапирар экан, қанийди бу эҳтиромни, бу эътиборни у кишининг ўзлари ҳам кўрганларида эди, менда ҳозир бир ўкинч пайдо бўлди, дея ошкора ютинди. Шу ўринда ижодкорнинг барча инжиқликларини кўтара олган, у билан елма-елка турган Ўлмасхон опага Ўзбекистон Президенти фармони билан  нуфузли – «Фидокорона хизматлари учун»  ордени берилганини эслатиб ўтмоқчиман.

Хотира кечасида Ўткир Ҳошимов асарлари асосида саҳналаштирилганг саҳна асарларидан кўринишлар намойиш этилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Фаррух Зокиров, Ёдгор Саъдиев, шунингдек, Ҳожиакбар Ҳамидов, Илёс Арабов ва бошқа таниқли санъаткорлар ижросида Ўткир Ҳошимов ёқтирган ашула ва қўшиқлар ижро этилди…

Эртасига яна «Адиблар хиёбони»да бўлдим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, «Шарқ юлдузи» журнали идорасида истеъдодли шоир ва ёзувчилар Азиз Саид, Икром Отамурод, Луқмон Бўрихон, Собир Ўнар билан суҳбатлашдик. Азизнинг фақат ўзбек адабиёти эмас, балки жаҳон адабиётини чуқур таҳлил қилишларини эшитар эканман, икки соатдан ошган суҳбатнинг тугамаслигини истардим. Икром эса, худди талабалик йилларимизда пахта теримига борганимизда гулхан атрофида шеър ўқигандек берилганча шеърларини ўқиди:

… Канглум, мендан бўлак киминг бор сенинг,

канглум, сендан бошқа менинг кимим бор…

Ўткир аканинг шарофатлари билан кўп дўстларни кўрдим. Тошкентдан катта хазина -бир дунё китоблар билан қайтдим. Улар орасида Азиз Саиднинг «Вақт манзили». Икром Отамуроднинг «Сукут садоси». Луқмон Бўрихоннинг «Бегоналар юрмас бу ерда» китоблари бор эди…

Мен Тошкентдаги суҳбатлар давомида ўзбек халқининг бахшичилик санъати халқаро ЮНЕСКО ташкилоти томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив  рўйхатига киритилганини эшитдим. Худди шу асно тожик халқининг миллий санъати намуналаридан бири «Фалак»нинг ҳам яқиндагина ана шу меросга киритилганини ўйладим.

Ва яна Тошкентдан қайтар эканман, худди Ўзбекистондаги каби Тожикистонда ҳам адабиёт аҳлига давлат миқёсида кўрсатилаётган эҳтиром, эътибор, ғамхўрликни ўйладим.

                                                                     Ўринбой Усмон,

                                                      Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси,

                                                                      Хўжанд- Тошкент- Хўжанд

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: