Ёнимиздаги қаҳрамонлар: Орзуларга ошуфта қалб

Бугунги мақоламиз қаҳрамони- шоир Илҳом Сайдуллаевдир. У барча қийинчиликларга қарамай, ўзининг ҳаётга бўлган ижобий қарашларини ўзгартирмаган, ҳар қандай шароитда, ҳатто бошига оғир кун тушганида ҳам тушкунликка тушмаган, чиқишни йўлларини излаган, метин иродали инсондир. Ўзининг эзгу мақсадларини амалга ошириш, фарзандларининг бахтли турмуш кечиришлари учун тиним билмай тер тўкаётган Илҳом ака Сайдуллоевнинг ҳаёт йўлларини бир китоб қилса арзийди.

У киши билан суҳбатлашиш мақсадида хонадонларига борганимизда

ўзининг янги иш режаларини тузиш билан банд бўлган Илҳом ака биз учун қимматли вақтини аямади ва унга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат этдик:

-Ўзингиз ҳақингизда қисқача сўзлаб берсангиз.

-Мен 1981 йил 22 майда Жаббор Расулов ноҳиясининг Янгиобод қишлоғида дунёга келганман. Оилада 5 нафар фарзанд бўлганмиз. 1988 йилда мактабнинг биринчи синфига бора бошладим ва 1993 йилгача шу мактабда ўқидим. 1988 йилда отам биз, яъни онам ва фарзандларини ташлаб уйдан чиқиб кетди(чуқур хўрсинади мақоламиз қаҳрамони). Шундан сўнг, яшаш шароитимиз жуда оғирлашиб қолди. Мен эса, бунга фарқсиз қараб туролмасдим. Чунки рўзғорнинг оғир аравасини судраш жуда эрта зиммамизга тушганлигини англаб етгандим. Акам билан бирга колхозда ишлай бошладик ва бироз вақт ўтиб мен шу йили Ўзбекистонга кетдим. У ерда чорвачилик билан шуғулланадиган инсонлардан иш ўрганиб, улар билан бирга молларни боқиб юрардим.

-Демак, ҳаёт қийинчиликлари сизни тез улғайтириб қўйибди-да?

-Албатта. Ўспиринлик давримдаёқ оиламиз учун қайғуриш, укаларимни едириш-ичириш, кийинтириш акам иккаламизнинг асосий вазифамизга айланганди. Отамнинг бизни ташлаб кетгани ҳам руҳий, ҳам иқтисодий жиҳатдан барчамиз учун катта зарба бўлди. Ҳамма қийинчиликлар ўша кундан бошланди, десам хато бўлмайди. Ўша пайтдаги руҳий кечинмаларимни сўз билан баён этиш учун қалам ожизлик қилади…

Ўзбекистонда чорвачилик соҳасида ишлаганимдан кейин секин-аста кўпроқ маблағ топиш илинжида бошқа қўшимча ишларни ҳам қила бошладим. Сирдарё вилоятининг Фарҳод-2 колхозида жойлашган шифохонада иситиш тизими ўт вазифасида икки смена ишлаб, қолган бўш вақтларимда газета сотувчисидан газеталарини олиб маҳаллаларда сотиб юрардим. Айни ўша пайтда мен яқинларимдан кўрмаган меҳрни Ўзбекистонда тутинган ота-онамдан кўрдим. Улар мени ўз фарзандларидек эъзозлаб, ардоқлашар, насиҳатлар қилашарди. Шу сабабли мен уларнинг манзиллари томонга йўлим тушганида ҳали уйларига кирмасимданоқ ўзгача ҳаяжон билан меҳрларини ҳис қилардим. Афсус, айрим сабабларга кўра меҳрибонларим, азиз инсонларимни сўнгги манзилга кузатиш насиб этмади. Худо ҳоҳласа, албатта, уларнинг қабрини зиёрат қилиб, ҳақларига дуои фотиҳа ўқиш ниятим бор. Айни насиҳат, ширин сўз эшитиш учун зор бўлиб юрган, ҳаёт сўқмоқларида ўз йўлимни топиш учун жон-жаҳдим билан киришган бир пайтда юксак муҳаббатини менга бахш этган инсонларимни сўнгги манзилга кузата олмаганим қалбимни ўртайдиган бир умрлик армон бўлиб қолди…

-Агар сир бўлмаса, адабиёт оламига қачон кириб келгансиз?

-Адашмасам, 1994 йиллар адабиётга, шеъриятга қизиқишим орта борди. Менимча, адабиёт, шеърият оламига кириб келишимнинг асосий сабаби-отам, уни оиламизга қайтариш истаги мени қўлимга қалам олиб, шеър битишга ундаган. Беғубор кўнглимда орзулар жўш урарди. Балки отам газетада кўрса оиламизга қайтар, олдингидек яна ёнимизда бўлар, деган умидда шеър ёзиб, уларни газетага бера бошладим. 1996 йил қишлоқдошим- Неъматжон аканинг маслаҳати билан илк марта «Суғд ҳақиқати» газетасига юборган «Мажнунтол» шеърим чоп этилди.

Баҳор келса оламга қурт-қумурсқа уйғонар,

Баҳор келса оламга йигит-қизлар қувонар,

Баҳор келса оламга боғда булбул сайрайди,

Қушлар тушиб ёнимга қўлда торим янграйди.

Шундан сўнг, яъни 1998 йилдан 2006 йилгача Ўзбекистон Республикасининг Сирдарё вилояти газеталарида ҳам ҳар ҳафта шеърларим чиқиб турарди. У ерда мен шеъриятга доир муҳим кўрсатмаларни айнан Ҳалима Худойбердиева, Одил Ортиқлардан олганман ва уларни ўз устозларим деб биламан.

Айни пайтда менинг Ўзбекистон, Қирғизистон республикаларида ҳам бир неча шогирдларим бор. Юртимизда қалам тебратадиган шогирдларим- Умида Афрўз, Навбаҳор Пирматова, Гўзал Мамарасуловалар ўз шеърлари билан эл орасида танилгандирлар. Менинг илк шеърий тўпламим-«Муҳаббат туҳфаси» 2019 йилда, иккинчи тўпламим эса 2020 йилда «Нилуфар» номи билан чоп этилди.

-Ҳаётингизни ўзгартириб юборишга сабаб бўлган бирор воқеани сўзлаб берсангиз?

-Инсон эртага нима бўлишини билмас экан. Бу оддий, лекин аччиқ ҳаёт ҳақиқати. Бир пайтлар мен ҳам турмуш ўртоғим, болаларим билан осуда турмуш кечирардим. Ёшлигимда ота меҳрига зор бўлиб ўсганлигим сабабли, фарзандларимга бор муҳаббатимни беришга ҳаракат қилдим. Кўп вақтим Ўзбекистон мамлакатида ўтганлиги сабабли менга ҳозирги яшаш жойимдан паспорт беришмади. Айнан шу сабаб бўлиб аёлим билан қонуний никоҳдан ўтолмадик. Аёлим шуни рўкач қилиб фарзандларимни менга ташлаб, ўзи кетиб қолди. Бу воқеалар эса ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди…

Паспорт олиш мақсадида жуда кўп жойга югурдим, лекин фойдаси бўлмади. 2006 йилдан бошлаб Ўзбекистондан қайтиб келиб яна паспорт учун ҳаракат қила бошладим, бу эса мени 2007 йилдан 2018 йилгача, яъни ўн бир йил вақтимни олса-да, барибир паспорт ололмадим.

Хуллас, паспорт олиш масаласини бир четга суриб қўйиб, фарзандларим учун яшашга, уларни тарбиясига эътибор бериш ва моддий жиҳатдан яхши таъминлаш йўлларини топишга азм қилдим. Савдо ишлари билан шуғулланишни бошладим: уй бекалари учун энг керакли буюм-супурги сотишни йўлга қўйдим. Бу ишни бошлашимда менга қўшним ёрдамлашган эди. У ясаь берган супургиларни бошқа маҳаллаларга олиб бориб сотиб, фойда кўнгилдагидек бўлгач, яна кўпроқ пул ишлаш учун киришдим. Супурги ясайдиган қўшним Россия давлатига ишлаш учун кетди. Бу орада мен бошлаган савдо ишлари пандемия тарқалганлиги сабабли бир оз вақт тўхтаб қолди. «Интилганга толе ёр» дейдилар. Ҳаёт учун курашишдан чарчамадим. Ҳозирда яна савдо йўлига ўтдим. Қўлимдаги ишлатаётган сўнгги русумдаги мобил телефонимни сотиб маблағига юк араваси ва кундалик рўзғор учун зарур бўлган маҳсулотларни улгуржи нархда арзонга олиб, маҳаллаларга олиб бориб чакана нархда қимматроқ сотаман. Маҳсулот ҳажмини янада кенгайтириш учун аравамни каттароқ қилишни мақсад қилдим. Ҳар куни маҳсулотларни сотиш жараёнида-тонг саҳардан бошлаб кечгача бўлган вақт ичида ҳисоблаб кўрсам ҳаммаси бўлиб 45 километр масофани босиб ўтаман. Бу эса менга соғлиғимни йўқотмаслигимда, бунинг натижасида фарзандларимга янада яхши шароитни яратиб бериш учун меҳнат қилишимда кўмак беради.

Яратганга шукурлар бўлсинким, ҳозир оилам бор, онам соғ-саломат, фарзандларим ҳам анча улғайиб қолишди.

-Келажакдаги режа ва мақсадларингиз борасида нима дея оласиз?

-2008 йилдан бошлаб дастурлаш соҳасини ўрганишни бошладим ва айнан ушбу соҳада ўзимнинг интернет сайтларимни ривожлантириш ва яна янги турдаги сайтларни яратишни режалаштирганман. Ҳозирда ўз режаларимга кўра, ёшларни китоб ўқишга ва электрон китобларни уларга замонавий тарзда етказиб беришни кўзлаб янги сайтни жорий қилишни бошлаганман. Бу эса улуғ устозларнинг китоби фақат китоблигича кутубхоналарда эмас, балки интернет тармоқларида кенг тарқалишига имконият беради ва ёшлар бу имкониятлардан унумли фойдаланишлари учун ушбу ташкил этмоқчи бўлган сайтни янада тараққий эттириб, янги замонавий компютер сотиб олиб, ишни жадаллаштиришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.

Ҳар қандай ишни амалга оширар эканман, ҳаётда ҳеч қачон муаммолар атрофида қолиб кетмасликни, улар билан банд бўлиб ўтиб кетаётган умрини вақтни беҳуда сарфлаб юбормаслик керак экан, деган хулосага келдим. Хоҳ у тижорат билан боғлиқ бўлсин, хоҳ бошқа соҳага тааллуқли иш бўлсин унинг ривожланиши ва янада кенгайишини сабр билан кутиш керак бўлар экан. Фикримни янада оддийроқ қилиб айтадиган бўлсам, ҳар бир бошланган янги тадбирни амалга ошириш бу мисоли игна билан қудуқ казишдек гап экан. Тажрибаларим давомида қаноатли киши кўзлаган мақсадига, албатта, эриша олар экан деган фикр тўғрилигига амин бўлдим. Мен ҳам бу фикрни ўз ҳаётимда қўллашга киришдим ва фарзандларимга ҳам олган билим ҳамда кўникмаларимни уқтириб келяпман.

Илҳом ака, қизиқарли суҳбат учун раҳмат. Ишларингизга муваффақиятлар тилаймиз.

-Ташаккур!

Жасурбек Турсунхўжаев, «Маҳорат» мактаби талабаси

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: