ЁНИМИЗДАГИ ҚАҲРАМОНЛАР :МАТОНАТ ҲАҚИДА БИТСАК ГАР ҒАЗАЛ…  

   Инсонни қанча умр кўриши, аввало, тақдири азалига боғлиқ. Аммо бир неча омиллар борки, одам генетикаси устида иш олиб бораётган етук мутахассислар бу омиллар инсоннинг узоқ  ёки, аксинча қисқа умр кўришига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлашади.

Масалан, доимо яхши кайфиятда бўлиш, овқатланиш меъёрига амал қилиш, пиёда юриш,  руҳиятга ижобий таъсир этувчи ижодий иш билан шуғулланиш, манзарали жойлар, тоза ҳавода сайр қилиш ҳам инсон умрини узайтирар экан.

Интернет тармоқларидан олинган маълумотларга кўра, ҳар бир халқда ўзига хос узоқ яшаш учун рецепт бўлар экан. Айтайлик, америкаликлар узоқ умр кўришни хоҳлаган киши доимо ҳаракатда бўлиш керак деса, японлар кўпроқ гуруч ва балиқ ейиш афзал биладилар ҳамда  французлар яхши вино ичиш керак деб ҳисоблашади. Ўтказилган сўров натижалари бўйича эса 60 фоиз инсонлар бахтли, тинч-тотув ҳаёт кечириш ва яхши таъминланганлик узоқ умр кўришнинг муҳим шарти дейишади.

Азиз ўқувчи, бугунги  мақоламизнинг мавзуси нима  ҳақида эканлигини англаб етган бўлсангиз керак?

Мақоламиз қаҳрамони-88 ёшли отахон Маматқул Турсуновдир.

Отахон билан суҳбатимизни бошлашимиздан олдин, сизларни у кишининг таржимаи ҳоли билан таништириб ўтишни  жоиз деб билдик:

Маматқул Турсунов 1934 йил 23 июлда Fончи(Деваштич) ноҳиясининг Ўрта қўрғон қишлоғида туғилган. 1945 йилда Каллахона қишлоғига кўчиб келишган. Ота-онадан  эрта етим қолади.

Ўрта мактабни битирганидан сўнг  1952 йил хизмат сафарига боради ва  хизматни тугатиб қайтганидан сўнг   “Эрсу”га ишга киради.  У ерда хизмат машинаси,  яъни “ГАЗ- 51” билан  Ўзбекистондан юртимизга газ олиб келар эди.  Оила қуриб, уч ўғил ва тўрт қизлик кўради. Айни пайтда кўплаб невара, эвараларнинг севимли бобожониси.

-Аввало, муборак рамазон ойи муборак бўлсин. Сиз салкам 90 ёшга кираётган бўлсангиз-да фақат пиёда юрар экансиз? ҳақиқатдан ҳам шундайми?

-Раҳмат.  Ёшлик давримдан бошлаб  пиёда юраман. Умримни кўп қисми фақат пиёда юриш билан ўтган, десам хато бўлмайди. Қаерга бормайин бирон -бир уловга минишни  ўйламасдим, кейин у вактларда машиналар ҳам  ҳозиргидек кўп эмас эди. Иш жойим уйимиздан жуда узоқда жойлашганлигига қарамай ,  пиёда бориб келар эдим. Билмадим, нимагадир йўлнинг узунлиги  менга унчалик билинмас эди, чунки ҳар кун бориб-келавериб ўрганиб кетгандим

-Пиёда юришнинг  гашти нимада деб ўйлайсиз?

-Пиёда юрган одам, аввало, тоза ҳавода атрофни томоша қилиб кетади. Мияси дам олади, айниқса, ўйлаш  учун вақт бемалол бўлади.  Кўча-кўйда дўсту ёр, таниш-билишларни кўрасиз, кайфиятингиз кўтарилади. Кўп  юриш соғлиқ учун кони фойдадир.

Пиёда юриш мен учун одат тусига кириб қолган. Агар  бир-икки кун юрмай қолсам, бир нимамни йўқотиб қўйгандек бўламан ва ўзимни ёмон ҳис қила бошлайман. Яратганга мингдан-минг шукурки, тани жоним соғ, кўзлаган манзилимга қийналмай етиб бораман.

Муаллиф изоҳи: Маълумотларга кўра, ҳафтасига беш марта 30 дақиқадан пиёда юришни одат қилган кишининг умри 2 йилга узаяр экан.

Бу тадқиқот Гарвард университети олимлари томонидан ўтказилган бўлиб, улар гиподинамия ва у келтириб чиқарадиган касалликлардан сақланиш учун доимий тарзда инсонга тушадиган энг кам жисмоний босим қанча бўлишини ўрганиб боришган. Етмиш икки нафар тиб ҳамширалари билан ўтказилган тадқиқот шуни исботладики, улар орасида доимий пиёда юрадиганларида инсультга чалиниш хавфи камайган.

 

-Узоқ умр куриш учун яна нималарга амал қилиш керак ?

Аввалам бор, Аллоҳ  берган умр, лекин инсон соғлиғи ўзи қайғуриши керак. Ички тана аъзолари соғлом бўлиши учун овқатланиш тартибини яхши йўлга қўйиш керак. Спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чеишдан тийилиш, бўлар-бўлмасга асабийлашмаслик, химикатли озиқ-овқатлар емаслик, ўз вақтида тана талаб қилганича  дам олиш, янги мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш ва қўрс кишилар билан иложи борича гаплашмаслик керак.

Маматқул ота, кўзларингиз качондан бери курмайди, жарроҳлик йўли билан тузатса бўладими? савол учун узр сўрайман.

-Хижолат бўлманг, бу саволни жуда кўп беришади, ўрганиб кетганман(кулади). 14-15 йилдан буён кўзларим умуман кўрмайди. Кўзим бироз кўрадиган пайтда, аввал жарроҳлик амалиёти ўтказишди, лекин фойдаси  бўлмади. Кўзим ожиз бўлса-да, ношукрлик қилмайман, олдинлари кўрган нарсаларимни эслаб, ўзимга –ўзим тасалли бераман. Зеро, оёқ-қўлим яхши ишлайди, бу жиҳатдан ҳеч кимга муҳтож эмасман…

-Ҳаётингизда давомида ўзингиз гувоҳ бўлган қизиқарли воқеани айтиб берсангиз?

-Сафарда кўп юрганлигим сабабли ҳайратланарли, қизиқарли воқеаларга жуда кўп гувоҳ бўлганман. Шулардан бирини жудпа қизиқарли дебам бўлмайди, айтиб бераман. Бир куни қўшни мамлакатдан газ ташиб келаётгандим, йўлни ўртасида чиройли  бир қуёнчани кўриб қолдим. Беихтиёр уни олдига бориш иштиёқи юрагимга ғулғула солди. Машинани қандай тўхтатганимни, рости гап, англолмадим. Қуёнчани  ушламокчи бўлиб уни орқасидан юра бошладим, у  камгина юради, тўхтайди,  яқинлашганим сари  яна юради, нарироққа бориб мени келишимни кутгандек  тўхтайди. Бундай қарасам, уни қувлаб анча юриб қўйибман, бирданига ҳушим ўзимга келди-да,  калима қайтара бошладим. ҳайрон қолдим, шу пайт  қуёнча ўз-ўзидан йўқолиб қолди. Атрофга боқдим: жарга тушиб кетишимга озгина колган экан. Шу кунгача бу қандай сир эканлигини тушуниб етолмайман. Ўшандан кейин фақат йўлга чиқсам, калима ўгириб юрадиган бўлдим. Аллоҳ ўшанда бир асраган эди.

-Отахон,  ёшларга қандай маслаҳат берасиз?

-Ёшлар-келажагимиз давомчиларидир. Уларга маслаҳатим: кўпроқ билим олишга ҳаракат қилсинлар, юртимиз,  аждодларимиз тарихини ўрганишсин, китоб билан яқин дўст бўлсинлар. Тўғри, ҳозирда технологиялар ривожланиб телефонсиз яшашни тасаввур қилиб бўлмайди. Албатта, унинг фойдали томонлари  йўқ, деб бўлмайди. ҳар ҳолда телефонга жудаям боғланиб қолмаслик керак. Унинг  инсон саломатлиги учун  жуда катта зарар келтиришини радио ва телевидение орқали кўп эшитганман.

Юрагида ватанпарварлик ҳисси жўш уриб турган ёшларимиз, Давлатимиз ҳукумати томонидан яратиб берилган имконият ва шарт-шароитдан унумли фойдаланиб, эл-юрт хизмати, манфати  учун фидойи шахслар бўлсинлар.

Шу билан бирга узоқ умр кўришни хоҳласалар, пиёда юришни ўзларига одат этсинлар.

-Раҳмат, отахон, умрингиз узоқ бўлсин!

Ёруғ оламни кўришдек улкан бахтдан маҳрум бўлган бўлса-да, нафас олаётган ҳар бир дами  учун шукрона айтиб, замонамиз тинчлиги ,  хонадон ободлиги, фарзандлар бахти саодатини сўраб дуога қўл очган Маматқул ота Турсунов билан  иродасининг мустаҳкамлиги, сабру тоқатига  тасаннолар айтиб хайрлашдик.

Матонат ҳақида битсак гар ғазал,

Унинг номи асил жойни эгаллар…

 

 

Ирода Содиқова,  “Маҳорат” мактаби тингловчиси.

 

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: