Стереотипларни синдириб: ЛЎЛИ АЁЛ — БИР НЕЧА ЙИЛЛИК ИШ ТАЖРИБАМ БОР

Биз энди ёзилиши керак бўлган мақоламиз қаҳрамони-лўли аёл Шафоат холани излаб Бобожон Ғафуров ноҳиясининг Сталинский посёлкаси томон йӯл олдик. У киши яшайдиган маҳаллага бориб тушарканмиз, уйларининг рақамини билмаганлигимиз боис маҳалла аёлларидан сӯрадик ва қаҳрамонимизни бейхтиёр йўлда учратганимиз ишимизни осонлаштирди. Саломлашиб, ӯзимизни таништирганимиздан сӯнг, у киши бизни уйига таклиф қилди ва биз билан жуда илиқ муомалада бӯлди.

Мақсадимизни тушунтирар эканмиз, аёл(лӯли хола) суҳбатга рози бӯлди(ўғли ҳам ниятимиз холис эканлигини тушуниб қаршилик қилмаганидан хурсанд бўлдик).  

-Холажон, ўзингиз ҳақингизда бироз гапириб берсангиз.

 -Мен-Шафоат Жӯраева Бобожон Ғафуров ноҳиясида туғилиб, ўсганман. Шу ердаги мактабда ӯқиб билим олганман. Ота-онам розилиги билан амакимни ўғлига турмушга чиқиб, икки ўғил ва икки қиз фарзанд кўрганмиз. Яратганга минг қатла шукур, улардан ўн иккита набирам бор.

-Фарзандларингиз, умуман, лўлиларнинг фарзандлари болалар боғчасига бориб, мактаб ва олий ӯқув юртларида ӯқишадими?

-Ҳа, жон болам, мени фарзандларим мактабда ўқишган, невараларим боғчага боришган. ҳозирда улар кӯчамиз бошидаги 19-мактабда ӯқишаяпти. Биласизми, набираларим мактабда яхши ӯқишади ва деярли ҳар кун, 5 баҳо олиб келишади. Шароит,имкониати бўлган лўлилар болаларини боғчага беришади, ўқитишади. Асосан ўғил болалар ўқишига аҳамият берамиз.

— Нега қизларингни ӯқитмайсизлар, улар олий маълумотли бӯлишса ёмонми?

-Ёмон эмас, ӯқитганимиз билан барибир келин бӯлса ӯзимизнинг касбимизни давом эттиришади, лекин ишлайдиганлари ҳам бор, мен ӯзим ҳам «Ипакчилик комбинати», «Консерва заводи»да ишлаганман. Яхшигина маош ҳам олардим. Бир неча йиллик иш тажрибам ҳам бор. Сизлар билмайсизлар «Ипакчилик комбинати» жуда катта бўлиб, уч сменада минглаб турли хил миллат вакиллари ишларди. Комбинат қайси бир чет элллик тадбиркорлар қўлига ўтганидан кейин ишлар ҳам камайиб кетди. яна «эски тос, эски ҳаммом» деганларидек аждодларимиз касби, яъни тиланчилик қилишга мажбур бўлдим. Айниқса, турмуш ўртоғим ўтганидан кейин рўзғор ташвишлари тамоман зиммамга тушиб қолди(маъюс тортади).

-Лӯлилар туғилганлик , никоҳдан ӯтганлик гувоҳномаси ва паспорт осадими, унга сизларнинг миллатларинг нима деб ёзилади?

-Албатта, бизга ҳам барча Тожикистон фуқароларига бериладиган шахни тасдиқловчи давлат ҳужжатлари берилади. Паспортимизнинг миллат деб ёзилган жойига «жӯги» деб ёзишар эди. ҳозирда паспорт миллат ёзилмаяпти, аммо туғилганлик гувоҳномамизга миллатимиз «жӯги» деб ёзилади,- дея Шафоат хола оила аъзоларининг барча тасдиқловчи ҳужжатларини бирма-бир очиб кўрсатади. Биз ҳам ишонч ҳосил қилиш учун уларни кўздан кечириб кўрдик ва холанинг гаплари тўғрилигига амин бўлдик.

-Лӯлиларнинг урф-одатлари, анъаналари ва тўй-маъракалари хусусида маълумот берсангиз.

-Бизнинг никоҳ тӯйларимиз тожигу ўзбек халқларининг тўйларига ӯхшаб қийин эмас. Бизда турли хил мебел ва тилла тақинчоқлар қилиш керак деган гапнинг ўзи йўқ. Шароитимиз бӯлса тӯйхонада, бӯлмаса олдинги тӯйлардек уйда қилиб ӯтказиб юбораверамиз. Қизларимизни 17- 18 ёшларида, бошқа элатларимизда агар қизлар яхши кӯришса 16 ёшида бериб 17 ёшга киргунича узатишади. Йигитларимизни ҳарбий хизматга бориб келганидан сӯнг уйлантирамиз. Шахсан, мен катта ӯғлимни 18 ёшда уйлантирган бўлсам, иккинчисига келганда бироз иқтисодий танглик туфайли 25 ёшида уйлантирдим. Худога шукур фарзандларимнинг ҳар бирида учтадан боласи бор.

Билицизми, қизим, ҳозир ҳеч ким «Суннат тӯйи» қилишмайди, балки докторга олиб бориб хатна қилдириб келамиз ва ӯзимиз уйда оила аъзоларимиз билан биргаликда кичик маърака қилиб юборамиз. ҳозирда олдингидек дабдабали, қўша-қўша санъаткорлар билан қилинадиган тўйларни ҳеч ким қилмайди. Исрофгарчилик нима керак?

-Дафн маросимларинг қандай ўтказилади, лўлиларнинг қабристонлари қаерда?

-Бизнинг ҳам дафн маросимиз ноҳиямизда яшайдиган бошқа миллатларники қандай бўлса, ўшандай ўтказилади. Вафот этган киши ислом дини қоидасига мувофиқ охирги манзилга қандай жўнатилса, бизда ҳам шундай. Жаноза ӯқилади ва узоқ ушлаб ўтирмай, дафн этамиз . Бу ерда тожик, ӯзбек ва лӯлиларнинг қабристони бир жойда, яъни пахта заводи томонда. Булар орасида охирги манзилга кузатиш маросимида ҳеч қачон миллатчилик қилиш ҳолатлари рўй бермаган.

-Сизларда дафн маросими ӯтганидан сӯнг йигирма, қирқ ва ҳайит кунлари дастурхон ёзиш, маърака қилиш борми?

-Ҳа, албатта, бор. Бизда ҳам охирги кеча(бегоҳи охир), ҳисоблаб туриб 17, 20 ва 37 кунда 40 маъракаларини қиламиз. Лекин бир йилдан кейин бӯладиган йил ошини шароити борлар қилади, агар шароити бӯлмаса ҳайитга қӯшиб кичик бир маърака қилиб ӯтказиб юборилади.

-Айтинг-чи, биз билган лӯлилар жамият тартиб қоидаларига риоя қилишадими?

-Бўлмасам-чи, биз тартиб жамият қоидаларига риоя қилувчи халқмиз, аммо баъзи бир ноҳиялардан келиб тиланчилик қиладиган лўлилар риоя қилишмайди. 

Ҳар қандай маросимларимизни ҳам Тожикистон Республикасининг «Тӯй, маърака ва маросимларни тартибга келтириш ҳақида»ги Қонунига амал қил ҳолда ўтказамиз. Зеро, ҳар бир Тожикистон фуқароси қонунга амал қилиш кераклигини яхши биламиз.

-Доно халқимизда «Ҳовли олма, қӯшни ол» деган ибратли фикр бор. Лӯлилар қӯшнилари билан қандай муносабатда бўлишади? ҳозирги кунда қӯшниларингиз билан алоқаларингиз қай тарзда?

-Биз-лўлилар ҳам қўшнилар билан доимо яхши муносабатда бўлиб келганмиз. Жумладан, мен қўшниларимни иззат-ҳурмат қиламан, шу пайтгача орамиздан ҳали яхши-ёмон гап ўтгани йўқ. Ишонасизми, ӯзимнинг опа-сингил ва ака-укаларимдан ҳам яқин тожику ӯзбек миллатига мансуб бўлган қӯшниларим бор. Улар билан қадрдон бӯлиб кетганмиз, тӯй ва маъракаларимизда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз, кўмаклашамиз. Агар менга ишонмасангиз қӯшниларимиздан ҳам сӯрашингиз мумкин.

-Халқ орасида гўё лӯлилар одамларнинг уйларига тиланчиликка борганларида, «биз эримизни боқишимиз керак, никоҳ ўқилаётганида бир умр эримни боқамиз деб онт ичганмиз, ёрдам қилийлар» деган гап бор. Бу гап қанчалик ҳақиқатга яқин?

-Эй, буларнинг ҳаммаси ёлғон, ўйлаб топилган гаплар. Никоҳ ўқиладиган пайтда ҳеч қачон бу тўғрида гап бўлмайди. Айрим лўлилар одамларнинг раҳмини келтириш, пул ишлаш учун шунга ўхшаган бўлмағур гапларни айтишса керак. Баъзи киноларда ҳам бизни қоралаб кўрсатишади. Тўғри, беш бармоқ бир хил бўлмаганидек, орамизда лўлилар номига доғ туширадиганлар ҳам йўқ эмас. Аслини олиб қарасак, бизни ҳеч кимга зараримиз тегмайди. Эл қатори меҳнат қиламиз. Ўғилим-Муҳриддин рўзғор тебратиш, ҳалол меҳнат қилиш учун турли жойларда, одамларнинг уйларида устачилик қилишади. Лўлилардан ҳам банк тизимида ишлайдиганлар, ҳатто учувчилар ҳам чиққан.

Кўпчилик бизга паст назар билан қарайди, лекин биз лўли эканлигимиздан уялмаймиз ёки «лўли» дейишса хафаям бўлмаймиз. Тиланчилик эса бизнинг азалий, ота-боболаримиздан мерос касбимиздир.

-Сиз набираларингизни дарс тайёрлашларига ёрдамлашасизмами?

-Жуда ўринли савол бердингиз. Мен ҳам 19-ўрта мактабда 10 йил ӯқиганман. Ўқувчилик давримда фанларни жуда яхши ўзлаштирардим, аъло баҳоларга ўқирдим. Набираларимни дарсёрлашларини доимо назорат қилиб бораман ва ўқиш, ёзиш ҳамда расм чизишларида кўмаклашаман. Набираларим ӯзимга ўхшади ҳаммаси аълочи(кулади).  

Шафоат хола набираларининг дафтарларини кўрсатар экан, уларнинг муваффақиятларидан қувониб гапирарди. Келажакда билимли, ўқимишли бўлишини чин дилдан хоҳларди. Каҳрамонимиз билан суҳбатни якунлаб, қайтишга чоғланар эканмиз бу бағри кенг, меҳмондўст аёлнинг тимсолида барча лўлиларни кўргандек бўлдик. Унинг ниятлари амалга ошиб, келажакда набралари ўқимишли, эл-юрт манфаати учун хизмат қиладиган шахслар бўлиб етишишлари учун тилак билдириб Шафоат хола билан хайрлашдик.

Фарангиз Баҳодурзода, «Маҳорат» мактаби тингловчиси

 

Это слайд-шоу требует JavaScript.

 

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: