Ёнимиздаги қаҳрамонлар: Улкан мақсадлар оғушида

Айни пайтда республикамиздаги мавжуд олий ўқув юртларида жуда кўп ёшлар таълим олишмоқда. Улар орасида  билим олиш билан бирга ишлаб иқтисодий жиҳатдан ўзларини таъмин этаётганлар ҳам оз эмас.

Бугунги  мақоламизнинг қаҳрамони Душанбе шаҳридаги Тожикистон Миллий университетининг 1-курс талабаси шу билан бирга пойтахтимиздаги  меҳмонхоналардан бирида фаолият юритаётган  Онажон Мадиевадир.

Хўш  у меҳмонхонада нима иш билан шуғулланади?

Келинг, азиз ўқувчи,  яхшиси у билан бўлиб ўтган суҳбатимизни сизларни эътиборингизга ҳавола этамиз ва ўйлаймизки,  бундан ўзингиз хулоса чиқариб оласиз.

-Онажон, ўзингиз ҳақингизда маълумот бериб ўтсангиз.

-Мен 2003 йил 9 августда Жаббор Расулов  ноҳиясининг Fўлакандоз қишлоғида дунёга келганман. Оилада иккита фарзандмиз-акам ва мен. 2010 йилда  қишлоғимизда жойлашган 5-ўрта умумтаълим мактабининг биринчи синфига борганман.

Мактаб даврида бўлиб ўтадиган фан олимпиадаларида ва кичик академия танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларни олишга ҳаракат қилардим. 2018 йилдан бошлаб танловларда мунтазам иштирок этишни бошлаганман ва «Тожик тили ва адабиёти» фанидан жумҳурият босқичида 3-ўрин, 2019 йил «Психология ва педагогика» фани бўйича жумҳурият босқичида иштирок этиб олий ўринни, 2020 йил пандемия  сабабли олимпиада ва танловлар  ўтказилмаган бўлса,  2021 йилда «Иқтисод» ва  яна «Психология ва педагогика»  фанларидан олимпиадаларда  қатнашиб энг юқори  ўрин сазовор бўлдим.

-Танлаган касбингиз сизга манзурми? Нега айнан ушбу касбни танладингиз?

Албатта, мен Тожикистонни Миллий универститетига кириш ва бу касбни эгаллаш учун уч йиллик тайёргарлик кўрдим. Мен касбимни жуда яхши кўраман, инсонлар билан суҳбат қуриш ва уларни ҳаёт давомида пайдо бўладиган муаммо ҳамда  саволларига қўлимдан келганча жавоб бериб, ёрдамлашишга  ҳаракат қиламан. Аслида ўқишимни чет элда олиб бормоқчи эдим, лекин пандемия тарқалганлиги туфайли йўллар беркилиб қолганлиги учун  мен билан биргаликда кетмоқчи бўлганлар тенгдошларим  қаторида олий таълимни  шу ерда давом эттиришга тўғри келиб қолди. Ҳозирда мактаб давриданоқ кўплаб фанларни қунт билан  ўрганганим учун менга университетда ўтиладиган дарсликлар унчалик  қийинчилик туғдирмаяпти, десам муболаға бўлмайди.

«Нега айнан ушбу касбни танладингиз?» деган  саволингизга келсак, мен ўзимни улғайишимни тасаввур қилсам, нимагадир психолог образида, аниқроғи психолог касбининг эгаси сифатида  тасаввур қилардим ва ўзимни шу  образда кўра олдим. Бошқаларга нисбатан фикрлаш доирамнинг кенглиги, маслаҳат бера олиш, суҳбатлар ташкил этиш қобилиятим борлиги менда шу касбга муҳаббат уйғотган ҳамда уни танлашимга жуда катта туртки бўлган. Айни пайтда  олаётган билимларим билан чекланиб қолиш ниятим йўқ, албатта. Чет элдаги мутахасислар билан биргаликда тажриба алмашиб, уларнинг олдига  бориб ўз билимимни янада кенгайтириш ва ўрганган янги билимларимни юртимизга келиб амалга татбиқ этишни мақсад қилганман. Ҳар қандай вазиятда шуни такрор айтаманки, мен бу касбни танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмайман,  чунки ўз касбимга бўлган муҳаббат доимо изланиш, ҳаракат қилиш ва турли хил мақсадлар қўйишимга ундайди. Қарабсизки, оддийликдан мукаммаллик томон интилиб,  ўз касбимни етук мутахассиси бўлиб боравераман. Орзуларим амалга ошиши йўлида хорижий  тилларни ўрганишга киришганман ва шунинг учун ҳам меҳмонхонага ишга кирганман.

 -Сиз ишлаётган меҳмонхонада вазифангиз нимадан иборат ва  қандай иш олиб борасиз?

-Мен бу ерда «Администрация» бўлимида  администратор, яъни иш бошқарувчи сифатида иш юритаман. Ташриф буюраётган меҳмонлар билан танишиш, улар билан фикр алишиш, урф-одатларидан   хабардор бўлиш ва характерига мувофиқ муомала қилиш танлаган касбимни янада ўзлаштиришим  учун ўта муҳимдир. Меҳмонхонамизга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг маданияти ва ўзларини тутишларига ҳавас қилса арзийди. Асосан мен ва ёрдамчи ходимимизга келаётган меҳмонларни кутиб олишни ташкиллаштириш, уларга ҳужраларини калитини топшириш, суҳбатлашиш ва ҳужраларига кузатиб қолиш вазифаси юклатилган. Уларга азиз юртимиз-Тожикистоннинг тарихи ва гўзал гўшалари тўғрисида маълумот бериб ўтамиз. Мен учун буларнинг барчаси қизиқарли кечади ва хорижий тилларда сўзлашиш давомида ўзим учун ҳам тажриба орттириб бораман. Буларнинг барчаси, табиийки, менинг мақсадим томон яна бир қадам ташлашимда хизмат қилади.

Иш давомида фақат очиқ чеҳрада  ҳамда ташриф буюрган меҳмонлар билан яхши муносабатда бўлиш шарт. Ишимиз ҳеч қачон қийинчилик туғдирмайди бу эса  мароқ билан ишлашишимизга имкон беради.

— Дарсдан бўш вақтингизда яна нималар билан банд бўласиз?

-Асосан, дарсдан бўш вақтларим тил ўрганиш билан ўтади. Сабаби-юқорида айтиб ўтганимдек меҳмонхонадаги меҳмонлар  билан уларнинг ўзларини тилларида сўзлашишим керак бўлганлиги учун чет тилларини янада мукаммал ва тушунарли даражада ўрганишим керак.

Яна кўпроқ китоб ўқийман. Мени таниган ва мен ҳақимда қандай маълумотга эга бўлган дўстларим ва яқинларим кўпроқ турли хил  китоблар воситасида танишади, десам муболаға бўлмайди. Чунки китобга бўлган қизиқишим жудаям ўзгача ва меҳрим юксаклиги учун китоб билан боғлиқ хотира ҳамда  яқинларим талайгина. Китоб ўқиш ҳар куни табиатга боқиб ундан тўйиб-тўйиб нафас олиб баҳраманд бўлганимдек руҳиятимга завқ, хотиржамлик бағишлайди. Китобни фикрлаш доирамни кенгайтириш учун  жисм  ўрнида эмас, балки қадрдон, ажралмас ва  беминнат дўст деб ҳисоблайман. Мен китобларни ўзим ва яқин инсонларим учун сотиб оламан. Меҳрибон отажоним ва онажоним ҳам шулар жумласидандир. Уларнинг китобга бўлган муҳаббатлари ёки қизиқишлари деймизми, менга ҳам бевосита ўтган ва улар каби китобни қадрлайман, севиб ўқийман. Азизларим учун ҳам кўпинча энг яхши совға-китобни совға қиламан.

Ота-онамдан бир умр миннатдорман, улардан ўтган эзгу фазилатлар мени мана шундай  имкониятларга эга бўлишимга сабабчи бўлган. Уларнинг бирга китоб мутолаа қилишларини кўрсам, дилим қувнайди, кўнглим ёришади ва  мени яшашга бўлган иштиёқимни янада оширади. Уларнинг илм олишга бўлган саъй-ҳаракатлари туфайли мени ҳам адабиётга қизиқишим ортган ва ҳозирда баъзида шеър ҳам ёзиб тураман. Агар жоиз бўлса, ўз ижодимдан бир шеър ўқиб бермоқчиман:

Дунёда энг бахтли инсон бўламан,

Савоблар оламан, нурга тўламан.

Аллоҳим жаннатнинг эшигин очса,

Дунёда энг бахтли инсон бўламан.

 

Гар кўнглим ранжиса, мен кечирарман,

Меҳрнинг сувларин мен ичирарман.

Отаю онамни мен ҳожи қилиб,

Дунёда энг бахтли инсон бўламан.

 

Икки тож ясайин отам-онамга,

Дур ила безайин дилда хонамга.

Тожларни Аллоҳнинг уйига бориб,

Тақарман меҳрла ота-онамга.

-Ота-оналар васфида қанча шеъру ғазал битсак кам. Шеър учун раҳмат!

Ишлаш жараёнингизда қандай қизиқарли воқеалар бўлиб ўтган шулар ҳақида сўзлаб берсангиз?

-Иш фаолиятимда жуда кўп қизиқарли воқеалар бўлиб ўтади. Шулардан бирини айтиб бераман, бевосита бу воқеа ҳаётимга янгилик олиб кирган десам, муболаға бўлмайди.

Меҳмонхонамизга Туркия давлатидан бир сайёҳ ташриф буюрди. Турк халқининг урфу одат, анъана(традиция)лари, сўзлашишларига қизиқишим бўлакча бўлганлиги сабабли улар билан суҳбат жараёнида танишдик. Мен турк тилини билмаганлигим учун инглиз тилида гаплашдик. Характерларимиз бир-биримизга жуда тўғри келганлиги сабабли қалин дўстлардек суҳбат қурардик. Иш бошқарувчимиз ўз тўйи ҳақида сўзлаб бераётган вақтида  ташриф буюрган меҳмонимизга юзланиб «агар бизга ҳам тўйингизга таклифнома берсангиз бундан жуда хурсанд бўлар эдик. Мен ҳам сизларнинг урф-одатларингизга қизиқаман ва қадрлайман» деди. Шунда улар, «албатта, ҳудо хоҳласа сиз иккингизни тўйимга таклиф қиламан» дея жавоб қайтарди. Шунда  мен афсуски, боролмайман, сабаби бошқа давлатга бориб келиш учун анча маблағ керак бўлишини ва университет дарсларидан ҳам бироз қолиб кетишимни айтар-айтмасимдан меҳмонимиз гапимни тўхтатиб «баҳоналарга ўрин йўқ, мен шахсан ўзим сизга нима керак бўлса ҳар томонлама ёрдам бераман, бирга борамиз бориб келиш, чипта, у ерларни айланиб келиш менинг ҳисобимдан дея» жавоб қайтарди. Шунда мен уларнинг ҳаётида маблағ муҳим ўрин эгалламаслигига ва асосийси ҳаётга теран фикр билан қараш ва одаму одамгарчилик  муҳим эканлигига амин бўлганман.

— Меҳмонхонага келган сайёҳлар сиз ва атрофингиздаги ходимларга қандай муносабатда бўлишади?

-Ўзимизнинг ватандошларимиз меҳмонхона ходимларига нисбатан ҳурматсизлик ёки уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишлари мумкин, лекин бирор марта  меҳмонхонага ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар томонидан ҳурматсизликка йўқ қўйилмаган. Менинг фикримча, улар бу ерда учраган ҳар бир кишини тенг ҳуқуқга эга дея ҳурмат-иззатини жойига қўйиб, ҳаммага бир хил  муомалада бўлишади. Улар учун инсон қадри биринчи ўринда турада, ҳатто яқин инсонларидек қабул қилиб, дўстлашишади. Улар келганидан сўнг жойлашиб бўлгач сайрга чиқишади, айтиб ўтганимдек, бизнинг тилимизни билишмаганлиги сабабли мен улар билан бирга сайрга чиқиб юртимиз ҳақида  имкон борича  инглиз тилида сўзлаб бераман. Тўғри, мен уларнинг тилларини мукаммал  билмаганлигим сабабли баъзан хижолат бўлар эдим, лекин улар менинг шу кичик хизматимни ҳам юксак баҳолашади. Сайрдан кейин ватанларидан  олиб келган совғаларидан эсдалик учун беришади. Бу совғалар улар учун арзимасдир, бироқ мен учун жуда қадрлидир. Саёҳатдан сўнг кечки пайт улар биз билан суҳбатлашгани пастки қаватга келишади, ўзларининг урф-одатлари тўғрисида сўзлаб беришади. Маълумотлар жуда ҳам қизиқарли бўлиб жон қулоғим билан тинглайман ва ўзимни қизиқтирган саволларни берсам кўнгилдагидек жавоб беришади.

— Чет элдан келган инсонларни маданият савиясини қандай баҳолаган бўлар эдингиз?

-Бизга ташриф буюришларидан олдин, айнан кўрсатиб ўтилган вақт орасида келишлари учун тайёргарлик кўрамиз. Келишганларидан сўнг, албатта, юзда табассум билан қаршилаб, ташриф буюришганидан хурсанд бўлганимизни ва бизни  меҳмонхонамизни танлаганлари учун  миннатдорчилигимизни билдириб ўтамиз. Уларнинг кўпчилигида мавжуд бўлган бир фазилат мени жуда ажаблантирган эди: келишлари билан эски танишлардек барча билан кулиб саломлашиб, ҳол аҳволимизни сўрашади.  Уларни  маданият савияси, мафкураси, муомаласини юксак даражада деб баҳолайман. Оддий ходимларимизга бирор нарса юзасидан ҳурмат,  лутфу калом билан  «имконингиз бўлса» дея мурожаат қилишларини ўзи таҳсинга сазовордир. Арзимаган хизмат учун ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини қўлларини кўксига қўйиб  билдирадиган сайёҳ-меҳмонлар менда гўзал хотиралар қолишига сабабчи бўлган.

— Келажакдаги орзу истакларингиз нималардан иборат ва яна қандай мақсадларни илгари сураяпсиз?

-Келажакда жуда кўп режаларим бор. Очиғини айтганда орзу қилиш ва мақсадлар ортидан яшаш инсонга ўзгача ҳаётни тақдим қилади. Энг аввал, ёшлик давримданоқ қалбим тубида авайлаб-асраган орзуим-келажакда энг яхши психологлар қаторидан жой олиш, улар билан ҳамкорлик қилиш, эл-юртимга хизмат қилишдир. Инсонларни нимадир қийнаган пайтда уларга муаммоларини ҳал этишда тўғри маслаҳатлар бериб, ҳаёт йўлларида доимий дўст сифатида ўз ёрдамимни кўрсатолсам дейман. Яна бир олий мақсадларимдан бири-келажакда хайрия фонди очиш, яъни ўқишга кирган, лекин таҳсилнинг маблағини тўлолмайдиган,  шароити оғир талабаларга билим олишлари учун шароит яратиб бериш. Вақти-соати келиб оила қурганимдан кейин ўз фарзандларимни тўғри тарбия қилиб, улар қалбига инсонийлик туйғуларини сингдириб ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш, фарзандларим билан  биргаликла «Болалар уйи»дан фарзанд асраб олиб, уларни ҳам ўз фарзандимдек меҳр бериб тарбиялаб, комил инсон қилиб вояга етказишни ният қилганман. Асраб оладиган фарзандларим сонига келадиган бўлсак, уларни келажакда турмуш ўртоғим(кимлигини билмайман) билан маслаҳатлашиб аниқлаймиз ва ўйлайманки, орзуларим амалга ошади. Мақсадларим орасидан жой олган асосийсини амалга ошириш арафасиданман, яъни «Қуръон»ни тажвид билан  ўрганиб, оила барпо қилиб солиҳ амалларим билан оиламни бахтли қилиш учун ҳаракат қиламан.

Ўзим ёш бўлсам-да тенгдошларимга, барча ёшларга доимо китоб билан дўст бўлишларини маслаҳат берардим. Чунки инсон китоб ўқиш жараёнида дунё қараши, фикрлаши шаклланади.

Мен 2018 йил, яъни саккизинчи синфгача бўлган вақтимда фақат ўқув дарсликларини ўқиганман. Бадиий, илмий китобларни ўқишдан йироқ бўлганман. Бу орада ўтган вақтимга афсусланаман. Тўрт йилдан буён ўтган вақтга назар соладиган бўлсам, ўқиган ва ўқиётган китобларим натижасида  дунё қарашим умуман ўзгарганлигини, инсонларга нисбатан муомала даражам бошқача бўлганлигини англаб етдим. Ўз ҳаётини гўзал барпо қилиш ҳар бир инсонни қўлидан келади ва бунёд этиш давомида китоб билан биргаликда бошлаш бу энг тўғри йўллардан бири деб ҳисоблайман.

-Қизиқарли суҳбат учун миннатдормиз. Ўқиш ва ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз.

-Ташаккур!

 Жасурбек Турсунхўжаев, «Маҳорат» мактаби тингловчиси.

 

 

 

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: