ҚИРҒИЗИСТОН: ҚИШЛОҚ МАКТАБИНИНГ ШИФТИ ЎПИРИЛИБ ТУШДИ, ЎҚИТУВЧИ ВА УЧ ЎҚУВЧИ КАСАЛХОНАГА ЁТҚИЗИЛДИ

Жалолобод вилояти Чотқол тумани Тераксой қишлоғидаги Амирабек Чимканаев номидаги 18- ўрта мактаб шифти дарс пайтида қулаб тушди. Бу пайтда синфда 16 ўқувчи бўлган. Воқеа ортидан уларнинг барчаси касалхонага олиб борилган. Текширувдан сўнг бир ўқитувчи ва уч ўқувчи касалхонага ётқизилди. Қолганларига эса текширувдан сўнг уйларига кетишга рухсат берилди.

Воқеа 17 май кундузги соат 12 лар чамасида юз берган. Мактаб директори Сарақан Қўйчуманқулова шифти қулаган хонада дарс пайти 16 ўқувчи ва бир ўқитувчи бўлганини билдирди.

Воқеадан кейин синфдагиларни бошқа ўқитувчилар хавфсиз жойга олиб чиқиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Қўйчуманқулованинг айтишича, томи қулаган хонада 3-синф ўқувчилари бўлган:

“Кабинетим ёнидаги синф хонасида бўлди. Бир нарса дуп этип қулагандай бўлди, қарасам синф ойнасидан чанг чиқяпти. Ўқитувчи устидан тушгани учун у қаттиқ қўрқиб кетибди, қон босими кўтарилибди, шифокорлар биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишди. Ҳозир ўқитувчимизнинг аҳволи яхши. Ўқувчилар эса шок ҳолатига тушиб қолган. Худога шукур, жиддий жароҳат олганлари йўқ.

Ўзини Наргиза деб таништирган ўқувчилардан бирининг онаси қизининг саломатлиги яхши эканини айтди:

“Худо сақлабди. Қизимнинг, болаларнинг саломатлиги яхши экан. Касалхонада қарашяпти”.

Чотқол туман маориф бўлими раҳбари Тажибай Тинишовнинг айтишича, мактаб иморати эски бўлгани билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан авария аҳволида деб топилмаган:

“Ўзи эски мактаб. Бироқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳавфли деб рўйхатга олмаган. Чотқол туманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қарори билан уч мактаб авария ҳолатида. Уларнинг иккитасини янгилаш ҳаракати кетяпти”.

16 ўқувчи билан ўқитувчининг саломатлигини Олабуқа ҳудудий касалхонаси шифокорлари текширдилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 майда ўқитувчи ва уч нафар ўқувчи касалҳонага ётқизилганини, уларнинг аҳволи қаноатланарли эканини айтди.

“Болалар касалхонага ўзлари юриб келди. 14 ўқувчи ва бир ўқитувчи келди. Аҳволлари яхши, шифокорлар назоратидан ўтишяпти”,- деди Олабуқа ҳудудий касалхонаси раҳбари Бақтигул Алибаева.

Воқеа жойидан олинган суратда 3-синф ўқувчиларининг ўқув қуроллари ва парталари тупроқ остида қолганини кўриш мумкин.

Ҳукумат воқеа юзасидан йиғин ўтказиб, тегишли ташкилотларга барча мактабгача тарбия ва умумий билим бериш идоралари биноларининг аҳволини текширишни топширди.

Парламент депутати Жанар Ақаев эса, мактаб шифти қулашига мазкур ҳудудда олтин қазиш билан шуғулланувчи “Эти-Бакир Терек-Сай” ширкати қишлоқ яқинида портлатиш ишларини олиб боргани сабаб бўлган, деган маълумот мавжудлигини айтмоқда:

“Мактаб шифти портлатиш ишлари амалга оширилган пайтда қулаган. Қишлоқдан унча узоқ бўлмаган ҳудудда портлатиш ишларининг олиб борилиши нақадар қонуний? Ширкат бу иши учун сўзсиз жавбогарликка тортилиши шарт”.

Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Урматбек Шамирқанов депутатнинг бу баёнотига жавоб берар экан:, бу воқеа юзасидан махсус комиссия текширув ўтказишини маълум қилди.

“Эти Бакир Терек-Сай” компанияси депутат баёнотига муносабат билдирмади. Мазкур ширкат капиталининг 75% Туркиянинг «Эти Бакир» компаниясига, 25% Қирғизистоннинг «Қирғизолтин» очиқ ҳиссадорлик жамиятига қарашли.

Шифти қулаган икки қаватли мактаб биноси 1951-йили қурилган. У ерда айни пайтда 360дан ортиқ ўқувчи билим олади.

 БИЗНИ   FACEBOOK    TELEGRAM    INSTAGRAM    YOUTUBE   TIKTOK  ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: