АНВАР ҒАНИЕВ: АГАР ҲОФИЗ БЎЛМАГАНИМДА…

Санъат миллат ва чегара билмайди. Жорий йилнинг 29 май куни Суғд вилояти Спитамен ноҳиясининг   маданият қасрида ўзбекистонлик таниқли, хушовоз ва миллионлаб муҳлислар кўнглидан “Оҳ, севаман”, “Ой кулча”, “Ўзим ҳофиз севган ёрим тўйида”, “Кўнглима” каби қўшиқлари билан жой олган ҳофиз Анвар Ғаниевнинг  концерт дастури бўлиб ўтди.  Концертдан сўнг ҳофизни суҳбатга чорладик, ўзимизни ва мухлисларни  қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик. Қуйида сиз ушбу суҳбатдан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

-Аввало, Тожикистонга хуш келибсиз. Сиз берган кўп интервьюларни ўқисак, ҳеч бирида ёшлигингиз ҳақида гапирмаган экансиз, бу аудиториямиз учун  жуда қизиқ. Ёшлигингиз қандай ўтган?

-Ижодимга бўлган  қизиқиш учун ташаккур, ёшлигим Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ўтган. Ёшлигимдан санъатга ишқибоз одам бўлганман, устоз санъаткорларнинг қўшиқларини эшитиб,  уларга хавас қилиб  куйлаб юрардим. Отам санъатга шинаванда одамлар, ўзлари мусиқа асбобларини ясайдилар. Айтиш мумкинки,  оиламиз  санъатга яқин оилалардан. Отам мусиқага бўлган қизиқишимни сезиб, менга рубоб чалиш сирларини ўргатганлар. Кейин устозлар қўшиқларини ўрганиб,  янада яхшироқ шуғуллана  бошладим. Кейин отам қўлимдан етаклаб мусиқа мактабига олиб бордилар, у ерда аккардион чалишни ўрганиш учун ўқидим. Мусиқа мактабида ўқиб юрган кезларимда йирик мусиқий танловларда иштирок этиб,  фахрли ўринларни эгалладим. Мусиқа мактабида таҳсил олишим  санъат соҳасидаги илмимни мустаҳкамлашга катта ёрдам берди.

-Анвар Ғаниевнинг  санъатдаги устози ким?

— Ўзимга  Ўзбекистон ҳалқ артисти устоз Шерали Жўраевни устоз деб биламан,  шу инсоннинг  қўшиқларини куйлаб улғайдим. Ҳожиакбар Ҳамидов қўшиқларини кўп айтганман. Бундан ташқари жуда кўп устозлар  қўшиқларини куйлаб, элга танилдим.

-Санъатга кириб келишингизга сабабчи бўлган инсон ёки воқеа ҳақида айтиб берсангиз.

— Санъатга кириб келишимга отамдаги зийраклик сабаб бўлган десак ҳам бўлаверади, чунки улар мендаги санъатга бўлган  қизиқишимни кўриб,   тўғри йўлга йўналтирганлар,  дастлаб  ўзлари рубоб сирларини ўргатган бўлсалар,  кейин мусиқа мактабида ўқишим учун шароит яратиб берганлар. Бунинг учун, албатта,  уларнинг олдида умрбод қарздорман.

-Маълум бир вақт саҳнадан узоқлашгандек бўлдингиз ё ижодий танаффус деймизми, саҳнага қайтиш таассуротлари ҳақида ўртоқлашсангиз?

— Асли санъатдан танаффусга чиққанимиз йўқ, бизда танаффус бўлмайди. Маълум бир муддат янги клипларни томошабинларга тақдим эта олмадим, буни кўплар танаффус деб билди. Биз ҳар доим ижод билан машғулмиз,  янги клип ва қўшиқларни  мухлислар эътиборига тақдим этишда озгина  кеч қолган бўлишимиз мумкин. Аммо шуни сезишибди, бундан келиб чиқадики,  эътибордан четда қолмаяпмиз. Бундан жуда хурсанд бўлдик.

-Халқ орасида “Ўзим ҳофиз севган ёрим тўйида” қўшиғингиз жуда машҳур, бу қўшиқнинг яратилиш тарихи ҳаммани қизиқтиради. Шу ҳақда гапириб берсангиз.

— Бу қўшиқ матни дўстимиз шоир Шарофиддин Болтабоев қаламига мансуб. Бир куни шу дўстимиз қўнғироқ қилиб, яхши мавзуда шеър ёзганини айтди. Шеър менга жуда ёқиб тушди ва ўша заҳотиёқ Фаррух деган куй басталовчи дўстимизга мурожаат қилдик. Кейинчалик овоз ёзиш студиясида  қўшиқни тайёрлаш вақтида қўшиқ бошига  унинг  тарихини ёзмоқчи бўлдим.  Устоз санъаткор Шерали Жўраевнинг  “Карвон кўрдим” қўшиғи бошланишидаги сўзлардан таъсирланиб,  биз ҳам қўшиққа воқеа тарихини илова қилдик ва бу мухлисларимизга жуда ёқиб тушди.  Ҳозир ушбу қўшиқни унинг бошидаги сўзларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

— Қўшиқларингиз орасида ёзилиши энг қийин бўлганига тўхталиб ўтсангиз.

— Ёзилиши қийин қўшиқ бўлмаса керак, чунки ҳамма нарса илҳомга боғлиқ. Илҳом келса 5-10 дақиқада бир қўшиқ битиш мумкин. Агар келмаса уззукун ўтирсангиз ҳам қўшиқ битмайди. Мисол, “Ўзим ҳофиз севган ёрим тўйида” номли қўшиқ 10 дақиқада яратилган. Менимча, жуда кўп ҳофизлар шу жавобни беришса керак.

— Агар Анвар Ғаниев ҳофиз бўлмаганида, қайси касбни танлаган бўлар эди?

— Агар ҳофиз бўлмаганимда мендан яхшигина тиббиёт ходими чиққан бўларди. Чунки тиббиётга қизиқаман.

-Ҳозиргина концертни тугатдингиз, кечки пайтга яна бир концертингиз бор, ҳозир якунига етган концерт ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Тожикистонга келганимга анча йиллар бўлди, аммо мени Тожикистон билан жуда кўп  хотиралар боғлайди. Чунки авваллари тўйларга,  концертларга келиб турардик. Икки Президентнинг саъй-ҳаракатлари  билан йўллар очилди ва мана орадан бир неча йил ўтиб,  меҳмон бўлиб турибмиз. Мухлисларимиз  кўзларидаги шодликни кӯриб, жуда хурсанд бўлдик. Концертимиз икки соатдан кўпроқ бўлди,  аммо халқ зални бўшатишни истамади, бу уларнинг санъатга қанчалик шайдо эканликларидан дарак бериб  турибди. Яна бир жойда концертимиз борлиги учун мажбур тўхтатдик. Таассуротларимиз жуда ҳам бой,  чунки биз Тожикистон ва Ўзбекистон ҳалқи аввалдан қон-қариндош, ака-ука бўлиб келганмиз. Илоҳим,  ҳар доим шундай бўлсин, дўстлигимиз ва биродарлигимиз абадий бўлсин.

-Суҳбат учун раҳмат.

Муаллифдан: ушбу суҳбатни уюштиришда катта ёрдам берган Спитамен ноҳиясининг  хушовоз ҳофизларидан бири Шерзодбек Тоҳировга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 Ўктам РИЗАЕВ

суҳбатлашди.

 

2 thoughts on “АНВАР ҒАНИЕВ: АГАР ҲОФИЗ БЎЛМАГАНИМДА…

  1. Жуда чиройли интервью булибди 👍Анвар Ғаниевнинг санъат йӯлидаги ишларига омадлар тилаймиз😇 яна Тожикистон заминида кутиб қоламиз) Ӯктам ака сизга катта раҳмат чарчаманг!:)

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: