Ёнимиздаги қаҳрамонлар : Дорбоз-биз шогирд олмаймиз

  Дорбозлик, дор ўйини-баланд дор устида томоша кўрсатиш санъати, цирк санъати жанри ҳисобланади. Дорбозлик тахминан 2,5 минг йил илгари муқаддам Шарқда пайдо бўлган, сўнг бутун дунёга тарқалган. Бу санъат  нақадар мураккаб бўлиб,  дорбоздан жуда эҳтиёткорлик, улкан жасорат талаб қиладиган, авлодан авлодга ўтиб келадиган касб деб  атасак ҳам бўлаверади. Халқ орасида  «дорбозлик-жонбозлик» деган ақида мавжуд бўлиб, бунга  аниқлик киритиш мақсадида Бегмамат полвон Шерматов билан суҳбатлашдик.

-Дорбозлик касби машаққатли касблардан бири ҳисобланади. Бу касб билан қачондан бери шуғулланиб келасиз?

Тўғри айтдингиз, ўғлим, бу касб  инсондан жуда кўп нарсаларни талаб қилади. Ўзингиз айтиб ўтганингиздек машаққатли бўлганлиги учун ҳам у бошқа касблар ичида ажралиб туради. Шу билан бирга инсонларга ўзгача кайфият бахш этади ҳамда  инсон ҳаётига хавф солиши сабабли катта эътиборни ҳам талаб қилади. Бу касбни танлаганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман, чунки касбим менга жуда кўп нарсаларни ўргатди. 60 йилга яқин тажрибам асосида шуни айта оламанки Аллоҳимдан фақат ўзим учун эмас, балки фарзандларим учун ҳам умр,омад, куч-қувват, жасурлик сўраб келаман. ҳар доим дор тепасига кўтарилар эканман мен фарзандларимни  менга бераётган меҳр-муҳаббати, эътиборидан фахрланаман. Улар менга ҳамиша иродали бир устоз ва матонатли ота сифатида  қараб ишонч билдиришган ва менинг танлаган йўлимдан юриб келишяпти. Фарзандларим ҳам дорбозчилик касбини қийинчиликларини  кўра била туриб ҳам ҳеч қандай эътирозларсиз, аксинча, ғайрат билан менинг сафимга қўшилишган.

Дорбозчилик касби билан шуғулланишни 1970 йиллардан бошлаганман,  1975 йилдан эса фарзандларимни ҳам дорбозчилик касбининг сир-асрорларини ўрганишга  йўналтирдим.  У вақтда ўғлим Ботир 7-8 ёш эди ва уни бу  касбга мурғак қалбида меҳр уйғониб, мен билан биргалиқда шуғуллана  бошлаган. Соғлигимда бироз муаммоларим борлиги сабабли, мени маъзур тутасиз,  сизга мени касбимни давом эттириб келаётган ўғилларимдан бири-Ботир  саволларингизга жавоб беради. У ҳам мана 45-50 йилдан буён бу касб билан рўзғор тебратиб келаяпти.

— Бемалол, бобо, ўзингизни эҳтиёт қилинг. Қисқа бўлса-да суҳбат учун раҳмат.

-Отам таъкидлаганларидек мен  7-8 ёшимдан бошлаб дор тепасига чиқиб имкон борича томошалар кўрсатардим. Дор тепасида туриб сўзлаган «ё пирим, 6дан 7га чиққан бу ёшим» деб қайта-қайта айтган сўзларим менинг ёдимда  қолиб кетган. Мен шу ёшимда отам билан бирга дор тепасида туриб ҳар хил трюк(хавфли машқ)ларни амалга оширардим.

-Касбингизни қийинчиликлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз?

— Барча касбми у, ҳунарми  ўргангунча бошида озгина бўлса ҳам қийинчиликлар бўлиб туради. Шундай экан, биз ҳам қийинчиликларга учраганмиз. Биринчи ўринда ўзимиздаги қўрқувни енга билишимиз керак. Қўрқувни ўзимиздан йироқлаштирсак барча қийинчиликлар  ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетаверади. Буни касбимиз тақозо қиладиган энг зарур шарт ва мажбурият деб биламан.

Фарзандларимиз олган ҳар бир жароҳатларига кўз юмишга мажбур бўлиб қоламиз, баъзи вақтларда эҳтиёткорлик панд бериб қолиши сабаб дордан қулаш ҳолатлари ҳам бўлиб туради. Бу табиийки фарзандларимизни онасига кўпроқ қийинаб қўяди. ҳар қандай она ўз фарзандини гарчи эҳтиёт чоралари кўрилган бўлса ҳам дор тепасига кўтарилганида ўз хавотирини тўхтата олмайди. Мабодо фалокат рўй берса, ҳаммадан кўпроқ дорбозларни вояга етказган оналари қайғуради. Уларни билим олиши учун барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Гастрол сафарларига кўпроқ кечки пайтлар борамиз, чунки  фарзандларимиз кундуз кунлари мактабда ўқишда бўлишади. Барча ота-оналар каби болаларимизни билим олишлари биз учун энг муҳими ҳисобланади. Мисол тариқасида айтиб ўтишим мумкинки ҳозирда дорбозлик билан шуғулланадиган оиламиз аъзолари, укамнинг фарзандлари ҳам бу касбдан хабардор. Улар ҳам дор устида томошалар кўрсатарди ҳозирда ўз билими билан Россия Федерациясидаги олийгоҳлардан бирига  кириб ўқишни давом эттиришяпти. Бу касбимиздан узоқлашди дегани эмас, албатта, чунки улар таътилга келишганида  биз билан яна ота-боболари касбини давом эттириб кетаверишади. Бунга   ўғлимни мисол келтиришим мумкин, у ҳам мактабни аъло баҳолар билан битирди.

-Бу касбга қизиқиш сизда қачондан пайдо бўлган?

-Бу касбга ён атрофда туриб кузатсангиз қизиқасиз, лекин сиз бу оилада дунёга келсангиз қизиқмайсиз, балки болалигингиздан ўрганиб вояга етасиз. Икки, икки ярим ёшдан ўғилларимиз, невараларимизни дор тепасига олиб чиқишни бошлаймиз. Уларни 10-15 маротиба кўтариб олиб чиққанимиздан сўнг бизни тилда юрак босди деймиз, яъни кўника бошлайди. Қўрқувни ҳис қилиш инстинктлари аста-секинлик билан уларни тарк этади.  ҳар қандай бола гўдаклик ёшида қўрқув нималигини билишмайди ва  умуман бу биз қўрқиб кетмасмикин деган гумонлар кўнглимиздан ўтмайди. Уринишлар натижасида улар юқорига кўтарилишни ўрганади, сўнг иккинчи босқичда ўрганишни бошлашганимиздан кейин хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда уларни юришлари учун бошланғич имониятларни бера бошлаймиз. Уларда пастда тўпланган одамларга қараб қолиш, ҳаяжонланиш, қўрқиш, ўзини йўқотиб қўйиш ҳолатлари деярли бўлмайди. Айтиб ўтганимдек такрор-такрор қайталанадиган ва доимий қилинадиган уринишларимиз уларни ҳар қандай ҳолатда ўзини тута биладиган инсон тариқасида шакллантиради.

-Дорбозчилик касбини ўрганмоқчи бўлган ёшларни ҳам қабул қиласизлар?

-Жуда ўринли савол  бўлди. Тўғрисини айтсам биз шогирд олмаймиз…

Масалан, сиз ўз фарзандингизни икки ярим ёшдан бизга шогирдликка беролмайсиз,  бу бироз хавфли бўлишига қарамасдан таваккал қилган тақдирингизда ҳам оила аъзоларингиз-онангиз, умр йўлдошингиз бу қарорингизни маъқулламасликлари мумкин. Биз ҳеч кимга зиён етказишни кўзламаймиз, лекин фалокат оёқ остида деган гаплар бор. Шу сабаб у жароҳатланиши, бирор ери синиши мумкин фақат мумкин, бу нарсани олдиндан шундай бўлади ёки бўлмайди деб айтиб бўлмайди. Шунинг учун бегона оила  фарзандларидан шогирд тайёрламаймиз.

ҳаётий мисоллар орқали бу фикримни исботлаб беришга ҳаракат қиламан. Ўзимни ўғлим йиқилиб тушиши натижасида қўлининг тирсак қисми синганлиги сабабли 9-10 кун давомида шифохонада бўлди, мана ҳозирда ҳам қўл қисмини текис тутганида суяк бир тарафга қараб бироз нотўғри ўсганлигини айта оламан. Яна ёшларимиздан бирига томоша вақтида келган трюклар вақтида тананинг қорин қисмига пичоқ ташлаш жараёнида бироз хатолик деймизми ёки эҳтиётсизликми пичоқ нотўғри тушиб киндик қисмини йиртиб юбориши натижасида анча қийналди. Табиийки биз бундай  ҳолатлар рўй беришини билган ҳолда, албатта бошқалар фарзандлари билан ишлашни хоҳламаймиз. Лекин бу ўз фарзандларимизни дор устига чиқишга ёки бошқа машқларни қилишга мажбурлаймиз дегани эмас.

 -Авлодларингиз давомчилари сифатида яна кимлар бу касб билан шуғулланиб келишяпти?

-Биз оилада 6 ўғил бўлсак отам, биз, фарзандларимиз ва фарзандларимиз фарзандлари, яъни бу тўрт авлод  дорбозлик касбини давом эттириб келмоқда. Аллоҳга шукурки барчалари соғ-саломат бир бурда нон топиб ейиш учун ҳалол меҳнат қилишади. Эндиликда улар билан бирга ҳар соҳада шакилланиб боришларига аҳамият бберамиз. Ноҳияларга бориб санъатимизни намоиш қиладиган бўлсак ҳар бири учун алоҳида тайёргарлик кўрамиз,  янги кўриниш, қизиқарли машқларни кўрсатиб томошабинлар  кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз.

ҳар ноҳияга уч-тўрт  йилда бир марта сафарга  борадиган бўлсак, олдинлари кўрсатилган саҳналарни кўрсатмасликка ва янги томошаларни ўйлаб топишга, томошабинларни  зериктирмаслик учун уларни ҳам саҳнага таклиф қилиб кулгу улашишга, уларга  тошларни кўтартириб ҳақиқатдан ҳам уларни оғир эканлигига  ишонч ҳосил қbлишларига  ва ҳеч қандай шубҳа қилмасликларига ҳаракат қиламиз.
ҳақиқий ўткир тиғли михлар устида ётиб, оғирлигимизни кўтарадиган полвон ҳаракатларда найранг йўқлигига ва шу михлар ҳақиқатдан ҳам ҳақиқий ўткир эканлигини томошабинларимизни таклиф қилиб, ишонч ҳосил қилишларига имкон берамиз. Масхарабозларимиз ҳам  бор, улар ҳам ўз касбларини устаси. Йиллар ўтгани сайин  касбларига бўлган меҳрлари ошиб, барчага маъқул келадиган  қизиқарли, кулгули ҳазилларни айтиб халқ қалбига қувонч бахш этадилар. Юқорида айтиб ўтганимдек йиллар ўтгани сайин инсон ҳам ўз  кучини аста-секинлик билан қўлдан бой беришни бошлайди, бу-ҳаёт қонуни. Биз бунга хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам амал қилишга мажбурмиз. Шу ўринда қандай ҳолатда бўлишимиз эса  ўзимизга боғлиқ. Тайёргарликлар жараёнида орттирилган жароҳатлар асосида танамиз чиниққанлиги учун бошқа инсонларга нисбатан анча тетик ва бардам бўлиб  ёшимиз элликдан ўтган бўлса-да қарилик нималигини билмаймиз.

Бу касб  билан шуғилланадиган инсонларга қандай имкониятлар яратиб беради?

-Таъкидлаб ўтганимдек  жисмоний тетиклик, саломатлик, жасурлик, ҳар қандай қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтишни, инсонлар билан муомила маданиятини янада юксалтиришни, яшаб турган жойларидан ташқари бошқа ноҳия ва қишлоқларнинг инсонлари билан дўстлик оқибатларини пайдо қилишда жуда катта ёрдам беради. Бошқа қишлоқларда бўлган вақтларимизда дўсту ёрлар кўпайгани сари уларнинг уйларида меҳмон бўлдик, маърака ва байрамларда бир-биримизни хонадонларимизга таклиф қилиб, ҳаттоки қариндошлик ришталарини ҳамда қуда-андачилик ришталарини  боғладик, десам хато бўлмайди. Қизимни шу касбимиз орқали ҳавас қилиб келин қилиб кетишди. Аллоҳга шукур улар бахтли яшашмоқда. Мен шириндан ширин уч набирани  бобоси бўлдим.

Касбимиз ортидан оиламизнинг қора қозони қайнаб турибди. Уй-жой, машиналар олдик, тўй, маъракалар қилдик. Дорбозлик  касбини танлаганимдан хурсандман. Отажоним изларидан юриб кам бўлганим йўқ. Фаолиятимиз давомида дунё кездик,  бошқа давлатларда меҳмон бўлдик, уларни урфу одатлари билан танишдик. Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия давлатларида касбимиз орқали яхши ном билан танилдик. Отам ҳам биз қатори шу давлатларда бўлиб ўзларининг ҳайратланарли  фокуслари билан кўп инсонлар олқишига сазовор бўлган.  Тожикистон Қуролли Кучлари хизматида бўлган вақтларида ва Монголия давлатларига сафарлари чоғида ўз томошаларини кўрсатганлар. Ўтган йили пандемия вақтида гастрол сафарида қўшни Қирғизистон давлатида меҳмон бўлгандик. Қаерга бормайлик барчани олқишига сазовор бўлиб келяпмиз.

-Фаолиятингиз давомида бирор марта дордан йиқилиш каби кўнгилсиз ҳолатлар бўлганми?

-Аллоҳга шукурлар бўлсинким бирор марта бунақа ҳодисалар  бўлгани йўқ. Лекин фарзандларим, ака-укаларимда ҳаётида бўдай воқеалар рўй берган.  Масхарабозимиз чийриқдан тирсаги билан йиқилиб лат еган. Ўғлим  дор устида оёқни боғлаб арқонда оёқ ёрдамида айланиш вақтида арқон узилиб кетганми ёки кенгайиб кетганми очиғи аниқ хабарим бўлмаган сабаби мен Россия давлатида бўлганман. Уйдагиларимиз хавотир бўлмасин деб менга айтишмаган. Дўстларимдан  эшитиб хабардор бўлганман. Мана ҳозиргача бирор марта унинг касбига нисбатан шикоят ёки бош тортиш деган нарсалар бўлгани йўқ, аксинча ўз устида кўпроқ ишлаб биздан-да зўр бўлиб кетган. Мағлубият инсонга ҳар томонлама шаклланиши  учун берилади деб ўйлайман. Уни машаққатларга чидамли бўлишга ундайди. Шундай экан ҳаётда қийинчиликлар пайдо бўла бошладими, аҳамият берманг, улар сизни янада кучли бўлишингиз учун муҳим бир зиналар тариқасида хизмат қилади сиз қанча қийинчиликка учраганингиз сари иродангиз мустаҳкам ва сабр-тоқатли мукаммал  шахс бўлиб бораверасиз.ишингизни маромига етказадиган шахс бўласиз. Бу эса сизни бошқа инсонлардан буткул ажратиб туради ва сизни ҳаётдаги ўрнингизни мустаҳкамлаб боради.  Янгигина айтганимдек синовлар натижасида ўғлим тобланди, ҳозирда  давлат хавфсизлиги йўлида хизмат қилиб юртимизни қўриқлаб келаётган жасур аскарлар сафида мардонавор хизмат қиляпти. Юртимизнинг шону шарафи, келажаги учун ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

-Биз билан қилган қизиқарли суҳбат учун раҳмат. Фаолиятларингга баркамоллик тилаймиз, ҳамиша соғ-саломат бўлинг!

-Раҳмат!

    Жасурбек ТУРСУНХЎЖАЕВ,

«Маҳорат мактаби» тингловчиси

 

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: