АФҒОНИСТОНДАГИ ҲАЛОКАТЛИ ЗИЛЗИЛА: ҚУРБОНЛАР СОНИ МИНГДАН ОШДИ

Афғонистонда рўй берган 6,1 балли зилзила оқибатида камида минг киши ҳалок бўлиб, 1500 дан ортиқ киши яраланган. Маҳаллий расмийлар қурбонлар сони яна ошиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

«Айрим қишлоқлар олис тоғли ҳудудларда жойлашган, шундай экан тафсилотларни аниқлаштириш вақт талаб этади», деган мамлакат ички ишлар вазирлиги вакили Салоҳиддин Аюбий журналистларга.

Америка сейсмологларининг аниқлик киритишича, зилзила 51 км чуқурликда бўлган, унинг эпимаркази эса Афғонистон жануби-шарқидаги Хўст шаҳридан тахминан 44 километр масофада жойлашган.

Қурбонларнинг кўпчилиги — мамлакат шарқидаги Пактика вилоятида қайд этилган, биргина Раян туманида 200 дан ортиқ кишининг жасади топилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда кўчкилар остида кўмилиб қолган, вайронага айланган уйларни кўриш мумкин, қутқарувчилар харобалар орасидан омон қолганларни қидирмоқда.

Толиблар зилзила қурбонлари ва жабрланувчилар оилаларига ёрдам учун 1 млрд афғоний (11 млн доллар) ажратган. «Толибон» ФВВ раҳбари ўринбосари Шарафуддин Муслимнинг маълум қилишича, Пактика, Хўст ва Нангарҳорда ҳалок бўлганларнинг оилалари ҳукуматдан 100 минг афғоний (1,1 минг доллар), жабрланганларнинг оилалари эса 50 минг афғоний (550 доллар) олади.

Ер силкиниши тунда, маҳаллий вақт билан соат 1:30 атрофида, аксар одамлар қаттиқ уйқуга кетганида рўй берган, зилзила кучи шундай бўлганки, уни эпимарказдан 500 км масофада ҳам сезишган.

Худди шу вақтда Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида ҳам 3 баллик зилзила қайд этилган, зилзила кучи Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 2 баллга тенг бўлган.

Афғонистоннинг қишлоқ ҳудудларида капитал қурилишлар деярли йўқ, турар жой биноларининг аксари лой ғиштдан, ҳеч қандай пойдеворсиз қурилган, шу туфайли одатда зилзилалар мамлакат учун талафотли бўлади.

Афғонистон сейсмик фаол минтақада жойлашган.

БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси маълумотига кўра, сўнгги 10 йилда мамлакатда зилзилалар туфайли 7 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ҳар йили ўртача 560 киши зилзила қурбони бўлади.

 БИЗНИ   FACEBOOK    TELEGRAM    INSTAGRAM    YOUTUBE   TIKTOK  ДА ҲАМ  КУЗАТИБ БОРИНГ!

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: