ОРАМИЗДАГИ ОДАМЛАР:Ризқ топиш илинжида

Бугунги мақоламиз қаҳрамони ажойиб касб эгаси, яъни машина ҳайдайдиган, одамларни узоғини яқин қиладиган, қолаверса ҳайдовчилик касбига меҳр қӯйган аёл Мавзуна Абдураҳмонова бӯлади.

Биз қаҳрамонимиз билан суҳбатлашишни назарда тутган ҳолда Бобожон Ғафуров ноҳиясининг таксопарки томон йӯл олдик ва уни мижозларни манзилларига ташлаб келгунига қадар кутиб турдик ҳамда вақтдан унумли фойдаланиб Мавзуна опа ҳақида бошқа такси ҳайдовчиларнинг фикрлари билан ӯртоқлашдик.

-Сиз Мавзуна опани анчадан буён танийсизми?

-Ҳа, мен Мавзунани анча йиллардан бери танийман. У аёл бӯлишига қарамай эркаклардек жасур, яхши дӯст. Қӯлидан келганча барчага ёрдам беради. Шу ӯринда бӯлиб ӯтган бир воқеани айтиб бермоқчиман: Биз таксичи (киракаш)лар кӯп вақтимизни йӯлда ӯтказамиз, машинамиз бузилиб қолса бир-биримизга қӯнғироқ қиламиз. Бир куни қаҳратон қишнинг совуғида йӯлда машинам бузилиб қолди. Капотини очиб кӯздан кечирдим, назаримда ҳаммаси яхшидек эди, сӯнг дӯстларимга, яъни бошқа таксичиларга қӯнғироқ қилдим. Улар иши, баъзилари машинасида мижоз борлигини айтди. Хуллас, Мавзунагаям қӯнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. У мени қаердалигимни сӯради. Манзилимни айтдим. Мавзуна эса 10 дақиқада боришини айтиб гӯшакни қӯйди ва айтган вақти орасида уста йигит билан бирга келишди. Уста машина статорини бир-икки жойларини кӯрди ва “ӯт олдиринг-чи, ака” деди. Машина ӯт олди, ишонинг, ӯша вазиятда унинг мардларча қилган ишига қойил қолдим. Баъзи бир эркак шофёрлар қилмаган яхшиликни шу аёл қилди, мен ундан миннатдорман, фарзандларини бахту камолини кӯрсин. Мавзуна каби яхши дӯстларни қадрига етишимиз керак!
Мана қаҳрамонимиз ҳам келди, биз таксичи амакига раҳмат айтиб, Мавзуна опа билан саломлашиб, суҳбатлашишни бошладик.

-Мавзуна опа, ӯзингиз ҳақингизда қисқача гапириб берсангиз?

— Мен Мавзуна Абдураҳмонова 1978 йил Бобожон Ғафуров ноҳиясида Абдураҳмоновлар оиласида дунёга келганман. Хужанд шаҳрининг 13-микроноҳиясидаги 23-ӯрта умумтаълим мактабида 9-синфгача ӯқиганман. Мактабни тугатганимдан сӯнг оила қурдим, 3та фарзандим бор-икки қиз ва бир ӯғил. Катта қизимни турмушга берганман, яна икки фарзандимни уйли-жойли қилишим керак. Болаларимнинг отаси билан турмушимиз ӯхшамади, ажралишдик. Шунинг учун ҳар кун болаларимга бир бурда нон топиш илинжида таксичилик қилишимга тӯғри келади. Мен фарзандларим учун ҳам ота, ҳам она бӯлиб уларнинг таълим-тарбия олишлари ва келажакда ӯқиб, ҳаётда ӯз йӯлларини топиб кетишлари учун саъй-ҳаракат қиламан .

Неча йиллардан бери таксичилик қиласиз? Таксичилик фаолиятингизда ҳар хил мижозлар учраса керак?

-Мен 7 йилдан бери таксичилик қилиб келаман. Эрталаб машинамни юргизиб яхши йӯловчи учрасин деб Худога нола қилиб йӯлга чиқаман. Чунки гоҳида эрталабдан кайфиятимизни бузадиганлар ҳам учраб туради. Яхши одамлар ҳам жуда кӯп. Баъзи кишилар атайлаб асабингизга ӯйнайди, баъзилар эса уйида турмуш ӯртоғи ёки бирон ким билан жанжаллашиб машинамга чиқади-да, ӯзи билиб-билмай биз таксичилардан алам олишади. Эрталабдан асаб бузилишлар туфайли у мижоз тушиб кетганидан сӯнг тушкунлик ва кайфиятимиз йӯқлиги бошқа мижозларга сезилади. Кӯпинча машина кӯзгусидан орқа ӯриндиқда ӯтирган мижозга кӯзим тушиши билан унинг юз ифодасида шу нарсани англаб етаман. Бир куни ана шундай ҳолатда орқа ӯриндиқда ӯтирган мижоз бир нима дегандек бӯлди, мен тушунмагандек ойнача орқали қарадим у гапини такрорлаб “мусиқа қӯйинг” деяпман деди ва мен магнитофон гӯшагини бурадим ва дунё ҳақида ажойиб қӯшиқ таралди, манзилгача биргаликда қӯшиқни тинглаб кетдик. Уни манзилига элтиб қӯйганимдан сӯнг, миннатдорчилик билдириб, катта раҳмат, деди ва мен ҳам у билан яхши гаплар айтиб хайрлашдим. Раҳмдил, касбимизни ҳурмат қиладиган шахслар ҳам йӯқ эмас.

-Баъзилар таксичилик касб эмас, қисмат дейишади, сиз бу фикрга нима деган бӯлардингиз?

-Йӯқ, бу нотӯғри фикр. Мен мактабда ӯқиб юрган вақтларимда дизайнер-тикувчи бӯлишни орзу қилардим, аммо мана ҳозир кӯриб турганингиздек таксичилик қилаяпман. Киракашлик касб бӯлмаса ҳам уни орқасидан ҳалол меҳнат қилиб, ризқимизни топамиз.

Ҳар бир инсон бола-чақасини боқиши учун елиб-югуради, фарзандларини каму кӯстсиз улғайишини хоҳлайди, керак бӯлса тинимсиз меҳнат қилади. Агар киши ӯз касбини, ҳунарини севса ишлашдан зерикмайди, аксинча, завқ билан ишлайди, кам топса ҳам Яратган баракасини беради ва дастурхони тӯкин бӯлади.

Ҳозирги кунда жуда кӯп такси компаниялари бор. Сиз улардан қайси бири билан ишлагансиз ва уларнинг тӯлови неча фоиз эди?

-Мен «0110» такси компанияси билан ишлаганман уларнинг тӯлови, масалан, мижоз манзилга 10 сомонийга борса, компания 1 сомонийу 20 дирам олади ва қолган 8 сомонийу 80 дирам ёқилғи пули ва ҳайдовчини ҳақидир. Бундан ташқари уни техник кӯрикдан ӯтказиш, мотор ёғларини алмаштириш, ҳафтада бир-икки марта ювдириш ва керак бӯлганда эҳтиёт қисмлар олиш ҳам ӯзимизнинг ҳисобимиздан бӯлади.

-Табиийки, машинангизга турли хил, ҳатто маст кишилар ҳам чиқиб қолиши мумкин, шундай ҳолатларда қандай йӯл тутасиз?

— Жуда ӯринли савол. Таксичилик фаолиятим давомида ҳар хил тарбия кӯрган инсонлар учрайди. Бир куни йӯл четида бир мижоз қӯл кӯтарди, мен тӯхтадим ва фалон манзилга олиб бориб қӯйишимни сӯради. Йӯл ҳаққини келишдик, у рози бӯлди ва олд ӯриндиққа ӯтирди, у ёқ, бу ёқдан гаплашиб унинг манзилига ҳам етиб келдик ва келишилган маблағни бериб машинадан тушди. Мен пулни санаб олдим, сӯнг ҳамёнимга соламан десам, ҳамёним йӯқ. Роса қидирдим, ҳеч қаердан топилмади. Ӯша жойда ӯтириб яхшилаб ӯйладим ва ӯша мижозни олган вақтимгача у олд ӯриндиқда турган эди. Ӯша мижозни олганимдан сӯнг йӯқолганини тушундим, уни қайси уйга кириб кетганини ҳам кӯрмай қолгандим ва ӯша куни билан ишлаган пулларимни йӯқотгандим. Рости гап, жуда алам қилаганди…
Яна бир воқеа бир куни бир мижоз чиқди, оёқда туролмайди маст. Гапини зӯрға тушунтирди, мен иш вақтим тугаганини айтиб бошқа мижоз олмайман, десам ҳам у тушунмади ва машинамдан тушишни хоҳламади. Фақат “мен билмайман мени манзилимга олиб бориб қӯясан”, дея бир гапни такрорлаверарди. Охири олиб бориб қӯйишга рози бӯлдим ва у айтган томонга машинани ҳайдадим. Йӯлда кетарканмиз тезликни оширишимни сӯрайверди ва мен йӯлда 60 км/соатдан юқори ҳайдамаслик белгиси кӯрсатилганини айтдим. У ӯзини гапидан туриб олди. Мен ёлғондан бӯлса ҳам тезликни оширдим, деб унга жавоб бердим ва айтган манзилига етиб келдик, бироқ маст киши машинадан йӯл ҳаққини бермай тушиб кетди. Мен йӯлкирани талаб қилдим, у пул бермаслигини айтди ва мен беришини сӯрадим, машина сув билан юрмаслигини тушунтирдим у тушунмади. Жанжал қилиб юзимга бир тарсаки урди, ишонасизми мен унинг бу қилмиши учун ҳеч қаерга бориб мурожат қилмадим ва ӯша пул керак эмас, илоҳим буюрмасин, деб уйга келдим. Мана шунақа кӯнгилсизликлар ҳар кун бӯлмаса ҳам тез-тез бӯлиб туради.

Биз Мавзуна опанинг ҳикояларини тинглаб жуда таъсирландик, бир қарашда таксичилик-киракашлик иши осон туюлса-да, унинг ҳам ӯзига мувофиқ қийинчиликлари, ташвишлари борлигига амин бӯлдик ва Мавзуна опанинг ишларига муваффақият тилаб хайрлашдик.

ФАРАНГИЗ Баҳодурзода
“Маҳорат мактаби» тингловчиси

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: