ВАТАН ФАРЗАНДИ БИЛАН ФАХРЛАНСАК АРЗИЙДИ

Ҳозирги  кунда юртимизда сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Чет эллардан ташриф буюрган сайёҳлар мавжуд  тарихий  ёдгорликлар,  музейларда бӯлиб катта таассуротлар олишмоқда. Жумладан,  Бобожон Ғафуров  ноҳиясида  ҳам  академик  Бобожон  Ғафуров ҳаёти ва иш фаолиятига доир жумҳурият музейи    ташкил  қилинган .

Биз ушбу  музейда  фаолият  юритаётган  Саидқул Маҳкамов ва  Мунира Қурбоновалар билан суҳбатлашиб,   музей  ҳақида маълумот олдик.

-Бобожон  Ғафуров  музейининг  яратилиш  тарихи  ҳақида  айтиб  ӯтсангиз ?

-Академик  Бобожон Ғафуров  жумҳурият музейи —  тожик  халқининг  таниқли  фарзанди, давлат арбоби академик Бобожон Ғафуров  ҳаёти ва ижодий  фаолиятига  бағишланган.  Академик  Бобожон  Ғафуров  жумҳурият  музейи  Тожикистон Ҳукуматининг  1998  йилнинг  17 апрелида  105-рақамли  қарори  асосида  аллома  таваллудининг  90  йиллиги арафасида  ташкил топган. Бу  музей,  асосан  Бобожон  Ғафуровнинг   яшаб  ӯтган  даври, илмий  фаолияти ҳамда асарлари ҳақида  ҳикоя қилади .  Бобожон  Ғафуров  1908  йилнинг  31 декабрида  Исписор  қишлоғида,  яъни ҳозирги Ғафуров  шаҳрида  дунёга  келган.  Б. Ғафуровнинг  беминнат ва арзирли   хизматлари  учун  туғилган  жойларида, яъни Ғафуров  шахрида   бу  музей  бунёд этилган .

-Музейнинг ҳозирги  кундаги  фаолияти ҳақида нима дея оласиз ?

-Музей  бугунги кунда ҳам  ӯз  фаолиятига  эгадир. Музейда ишлаётган ходимлар  изланишда давом этиб, янада  кӯплаб  маълумотлар  тӯпламоқдалар.  Бобожон  Ғафуров  бутун  ҳаётида  тожик халқи  тарихини  ӯрганди . Бу  тӯғрисида  ӯзининг  машҳур  китоби  «Тоҷикон» ни  яратди  ва  яна кӯплаб  илмий  асарлар  ёзди.  Тожик  халқи  олдидаги  катта  хизматларини  ҳисобга  олиб  Тожикистон  Президенти  муҳтарам  Эмомали  Раҳмон  фармони  билан  1997  йилнинг  8  сентябрида  Бобожон  Ғафуровга  “Тожикистон  қаҳрамони”  унвони  берилди .

-Бобожон Fафуров музейи қачон бунёд этилган ?

-Бу  музейга   Бобожон  Ғафуровнинг  тарихий  шахслиги  , яшаб  ӯтган  йиллари  , фаолиятлари  , илмий  ижодлари ва  ҳизбий  фаолиятларига  доир маълумотлар тӯпланганлиги учун академик Бобожон Fафуров уй-музейи номи  берилган . Б. Ғафуров  номини  абадийлаштириш  учун  жумладан  академик   туғилган  диёрда  унинг  уй-музейини  ташкил  этиш  тӯғрисида  Тожикистон  президенти  муҳтарам  Эмомали  Раҳмон  фармони  чиқди.  Шундан  кейин  Бобожон  Ғафуров  республика  музейи  биносини  бунёд  этиш  ишлари  қизғин  бошлади. Профессор  Ҳабибулло  Холжӯраев (жойлари жаннатда бӯлсин)  қуриладиган  музейнинг  директори   сифатида  қурилишга  бош-қош бӯлди.

-Қадимий  экспонатлар ҳам музейдан жой олганми ?

-Музей  экспонатлари  асосан,  янги даврларга   тааллуқлидир.   Аксарият  экспонатларни  хужжатлар, китоблар  ташкил  этади.  Бобожон  Ғафуровнинг  1957 — 1972  йиллардан   охирги  дамгача  ӯтирган  столлари, дазмол,  чойнак, пиёла,  телефон,  самовор  ва  бошқа алломага тегишли  нарсалар ӯрин олган.  Экспонатлар,  суратлар, архив  хужжатлари  ва академик   Бобожон  Ғафуровнинг  илмий  мероси  учта  залга  жойлашган .

1- зал:  Асосий  зал  бӯлиб,  академик  Бобожон  Ғафуровнинг  шоҳасари -«Тожиклар »  китобини  ёзилиш  тарихига  бағишланган .

2 — зал: Тожик  халқининг  ходими  ва   олими  академик  Бобожон  Ғафуров  ҳаёти ва  фаолиятига  бағишланган .

3 — зал : Академик  Бобожон  Ғафуровнинг  тарих   ва  шарқшунослик фанига  қӯшган  ҳиссасига  бағишланган .

Музей  илк фаолият  бошлаган  кунидан бошлаб  у  маърифат,  илм, тарих  ва  кишваршунослик  марказига  айланди .

-Сомонийлар  даври  учун  чизилган  расм  Бобожон  Ғафуров фаолияти билан  қандай  боғлиқлик томони бор?

-Музейдаги Сомонийлар  давридаги расм Бобожон  Ғафуровнинг  илмий  тадқиқотлари  асосида  чизилган  расм. Ӯша  даврда  Б. Ғафуров  асосан,  Сомонийлар  даври жараёнининг  асосчиси  ҳисобланарди.  Б. Ғафуров  ӯзининг  «Тожикон» китобида  Сомонийлар  давлати  ҳақида  ёзиб  ӯтган. Музейдаги  Сомонийлар  даврига  бағишланган  лавҳа  “Тожикон”  китобидаги  тарихий  воқеа  ва  шахсларнинг  расмлардаги  баёнидир.  Шарқшуносларнинг  халқаро  24-конгресида  1957  йилнинг  сентябр  ойида  Мюнхенда  (  Германия )  Бобожон  Ғафуров  »  Сомонийлар  давлати,  равнақи  ва  таназзули»  мавзусида  маъруза  қилди.  Бу  сомонийлар  ҳукмронлиги  ижтимоий  — иқтисодий  вазияти  тадқиқотига  доир  биринчи  ҳолат бӯлиб, бу  Ӯрта  Осиёда  феодализм  ҳукмронлиги  даври  эди.  Мюнхендаги  халқаро  конгресда  Совет  Иттифоқи  вакиллари  ҳайъатига  Б .Ғафуров  бошлиқ этиб тайинланган.  Маърузаларнинг   биринчисида  у  IХ-Х  асрларда  Ӯрта  Осиё  заминида  фан  ва  адабиёт  равнақ  топганига  урғу  берди.  Араб  халифалиги  забткорлиги  бӯҳронга  учраган  бир  пайтда , Ӯрта  Осиё сарзаминида  Сомонийлар  давлати  ӯзининг  оламшумул  маданияти  билан  кӯзга  ташланади. Сомонийлар  хаммаси  бӯлиб  1 аср хукмронлик  қилди  ва  ӯзидан  унутилмас   ёдгорликлар  қолдирди.

-Музейга  йилига  қанча  одам  ташриф  буюради  ?

-Ҳозирги  кунда  музейга келадиган  одамлар  сони  кундан  — кунга  ошиб  бормоқда.  Музейга  мактаб,  коллеж, лицей  ӯқувчилари  ва  талабалари  келиб  музей тарихини  ӯрганадилар  ва  керакли  маълумотларни  оладилар.  Музей  мутахассислари уларга  музей   ҳақида сӯзлаб берадилар.  Йилига  1000дан  ортиқ  одамлар  ташриф  буюрадилар .

Қизиқарли маълумот ва суҳбат учун раҳмат!

 

Биз юртимиз-жонажон Тожикистонда дунёга машҳур академик Бобожон Fафуровдек буюк шахс етишиб чиққанлиги билан фахрланамиз. Уй-музей ходимларининг бу ватанпарвар, миллат ифтохори бӯлган “Тожикистон қаҳрамони”нинг ҳаёти ва иш фаолиятига доир маълумотларни тӯплашларида, халққа намойиш этишларида улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Озода Маматова ва ФАРАНГИЗ Баҳодурзода

 “Маҳорат мактаби” тингловчиси

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: