ЁНИМИЗДАГИ ҚАҲРАМОНЛАР: ҲУНАР ТУРМУШНИ ФАРОВОН ЭТАР

Касб-ҳунарли инсоннинг қадриммати кўкка бўй чўзган  чӯққилардан ҳам юксакроқ ҳисобланади.  Чунки улар ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан шундай мавқеига, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлишади. Бизнинг бу галги қаҳрамонимиз  ана шундай инсонлардан биридир. У устачилик касбини мукаммал эгаллаган ва ӯз касбига меҳр қӯйган Мастчоҳ ноҳиясининг Қӯшқудуқ (Нурофарин) қишлоғида яшовчи, оқ кӯнгил, хокисор ва самимий инсон Баҳром ака Турсунов бӯлади.

 -Баҳром ака, ўзингиз ҳақингизда  гапириб берсангиз.

Мен  1976 йилнинг 10 февралида Мастчоҳ ноҳиясининг Навбаҳор қишлоғида дунёга келганман. Бу қишлоққа, яъни Қӯшқудуқ (Нурофарин)га, 5-синфда ўқиётган пайтимда  кӯчиб келганмиз ва ўшандан буён шу ерда яшаб келмоқдамиз. Ота-онамиз биз 8 нафар- 2 ӯғил ва 6 қизни тарбиялаб вояга етказишган . Айни пайтда  мени ҳам  1  ӯғил  ҳамда 4 қизим бор. Ўзимни дунёдаги энг бахтли оталардан бириман, десам ҳам хато қилмаган бӯламан.

-Устачилик касби энг муҳим касблардан биридир. Бу касбни танлашингизга нима сабаб бўлган?

Мен ёшлигимдан чўп-тахта билан ишлашга  жуда қизиқардим. Ӯзимга турли  хил нарсалар ясаб олиб, ӯйнаб юрардим. Қалбимда устачиликка, яъни тахтага ишлов беришга ўзгача  меҳр ҳис қилардим. Кичкиналигимда онамга: “Она мен катта бӯлсам уста бӯламан”дер эдим. Мана насиб экан, устачилик сир-асрорларини ўрганиб эл орасида “Баҳром уста” номи билан танилдим ва бундан жуда ҳурсандман.

-Авлодингизда ҳам  усталар бӯлганми?

-Ҳа, авлодимизда устачилик билан шуғулланганлар бўлган. Онамнинг оталари номдор уста ўтганлар. Одамлар у кишини “уста Ҳамдам” деб чақиришар, бобом кӯпроқ  кундалик рӯзғорда ишлатиладиган буюмлар ясар эдилар.

Устачилик билан қачондан шуғулланишни бошлагансиз?

-Мактабни битирганимдан кейин устачилик касбини янада мукаммал ўрганишга киришиб, шуғулланишни  бошлаганман. Олий ўқув юртига кириб ўқишга шароитимиз тӯғри келмаган, шу сабабли ишлашга мажбур бӯлганман. Акам иккимиз дадамга ёрдам беришга киришганмиз. Акамнинг ҳам ўз касби, мен эса севимли касбим  устачилик  орқасидан рўзғор тебратишга ёрдам бериб келганмиз.

-Асосан нималар ясайсиз?

-Мен асосан, тахтадан рӯзғор буюмлари, уй жиҳозлари: шкаф, жавон, хонтахта, стул, эшик, ром, ғишт қуйиш учун қолиплар, сабзи, кўкатлар тўғрайдиган тахта ва шунга ӯхшаш  нарсалар ясайман. Қушлар учун турли хил қафаслар ҳам ясаб бераман.

-Бу касбингиздан ташқари яна нималарга қизиқасиз?

-Бундан ташқари мен турли қушлар: саъва, каклик, канарейка, кабутарларни боқаман.  Яна деҳқончилик қилиш ва  гулларни ўстиришга қизиқаман. Ўстирган  гулларимизга қарасангиз кӯзингиз қувонади. Гуллар одамнинг кайфиятини кўтаради ва гулни  севган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Шунинг учун ҳам гулларни яхши кӯраман ва фарзандларимга ҳам гулларга меҳр беришни  уқтираман. Биз-оиламизнинг барча аъзолари  гулчиликка қизиқамиз.  Гулларни парваришлаш турмуш ўртоғим ва қизларимнинг  ҳам севимли машғулотидир.

-Сиз буюртма асосида ишлайсизми?

— Одамлар ӯзларига керак бӯлган буюмларга буюртма бериб кетишади, шуларни ясайман. Ундан ташқари иморат қуришда ҳам  ишлайман. Биз янги уйлар қурамиз ва мана шу қурилган уйларнинг ичини замонавий тарзда  таъмирлаймиз. Ишимиз мана шуларан иборат. Ким уй-жой  қурдирмоқчи  бӯлса, ӯзлари келишади, маслаҳатлашамиз ва маслаҳатимиз пишса ишни бошлаймиз.

-Буюмларга нақш солиб ҳам ясар экансиз?

-Ҳа, албатта ясаганман. Асосан жавонларга, шкафларга нақш солиб ясар эдим. Ясаган буюмларимга нақш солишга қизиқаман,  шунинг учун қандай чиқар экан деб уларга бир мартага нақш солиб  кӯраман. Бунинг учун инсон сабр-тоқатли бӯлиши керак. Сабаби, нақш солиш жуда нозик иш ҳисобланиб, одамдан анчагина меҳнат талаб қилади. Агар гулли нақш бӯладиган бӯлса, у гуллар бир-бирига тӯғри тушишига аҳамият бериш керак.

-Касбингиз сизга қийинчиликлар туғдирмайдими?

Албатта, ҳар бир иш қийинчиликларсиз бӯлмайди. Бизнинг ишда ҳам ӯзига яраша мушкулликлари бор.  Гоҳида ясаган нарсаларим ӯхшамай қолиши мумкин. Ҳали айтиб ӯтганимдек, биринчи марта нақш солиб ясаётганимда  бироз қийинчиликларга дуч келаман, лекин тажрибаларга таяниб ҳаммасини йўлга солиб оламан.

-“Ҳунарли хор бўлмас” деган мақолга қандай қарайсиз?

— Жуда тўғри айтилган мақол. Ҳар бир инсон ҳеч бӯлмаганда битта ҳунар эгаси бӯлиши керак, деб ўйлайман.  Қўлида ҳунари бор хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл  оч  қолмайди, бирон нарсага муҳтож бўлмайди. Мен ҳунарим ортидан жуда катта фойдалар кўрганман. Худога шукур мана шу устачилик қилишим натижасида  рўзғоримиз бут, дастурхонимиз фаровондир.

-Баҳром ака,  суҳбат учун  ташаккур, ишларингизга муваффақиятлар тилаймиз!

-Сизга ҳам раҳмат!

Суҳбатдош: Ҳулкарой Жиянбоева,

 “Маҳорат” мактаби  тингловчиси

One thought on “  ЁНИМИЗДАГИ ҚАҲРАМОНЛАР: ҲУНАР ТУРМУШНИ ФАРОВОН ЭТАР

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: