ЁНИМИЗДАГИ ҚАҲРАМОНЛАР:ГЎЗАЛЛИККА ОШНО ҚАЛБ

Ҳар бир халқу миллатни маданияти,  маънавияти ва санъати оламга танитади. Санъат ва халқ ҳунармандчилиги қадимдан  маданият равнақининг асоси ҳисобланади.  Халқимиз азалдан ҳунарманд ва гўзалликка ошно бўлиб, аждодлар мероси бўлган касбу ҳунарларини эъзозлаб, қадрлайди. Ҳунар соҳиблари ҳам ҳар замонларда, ўз навбатида обрў-эътибор топадилар, ҳурмату эҳтиромга сазовор бўладилар. Ҳунар инсонга ризқ бериш билан биргаликда, инсон мартабасини ҳам баланд даражаларга кӯтаради.

Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандийнинг “Дил ба ёру даст ба кор!” , яъни кўнгил Аллоҳ ёди билан, қўл эса иш билан банд бўлсин, деган шиори бутун оламга машҳурдир. 

Шарқ аёллари азалдан ўз ҳунармандлиги туфайли бошқа миллат ва элатлар орасида маълум ва машҳур бўлиб, тикувчилик, тўқувчилик, пазандалик – буларнинг барчаси уларнинг юксак ҳунармандчилиги нишонасидир. Зеро, ҳунар – ноёб хазина, саодат ва барча мушкулликлар ечимининг калитидир.

Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг бунёдкорлик ва яратувчанлик сиёсати туфайли мамлакатимизда халқ ҳунармандчилигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда.  Бизнинг бу галдаги суҳбатимиз ҳам айнан мана шундай ҳунар соҳибаси билан бӯлиб ӯтади. Қаҳрамонимиз Мастчоҳ ноҳиясидаги Навбаҳор жамоатига қарашли Қӯшқудуқ (Нурофарин)қишлоғида яшовчи, мунис ва меҳрибон онахонимиз Мавжудахон Жиянбоева бӯладилар. Мавжудахон она 1957 йилнинг 10 ноябрида Таракент қишлоғида дунёга келганлар. Оилада 10 нафар фарзанд бӯлганлар, 5 та ӯғил ва 5 та қиз. Ўзлари  4 нафар фарзандининг  меҳрибон онаси ва 19 нафар невараларининг суюкли бувижониси бӯладилар. Онахонимиз “Ӯрмакчилик” ҳунари билан шуғулланиб келадилар. Яъни “олача”тӯқиш ҳунарини мукаммал эгаллаганлар. “Олача” бу гилам ва палоснинг бир тури бӯлиб уй ичига тӯшаб қӯйилади. “Олача”-менимча бу ҳаммага қизиқ бӯлса керак. Келинг,  яхшиси суҳбатимиз жараёнида бу  қандай ҳунар эканлигини билишга  ва ӯзимизни қизиқтирган баъзи саволларга жавоб олишга ҳаракат қиламиз.

Онахон, айтингчи, бу ҳунар ёки касбингиз билан қачондан шуғулланишни  бошлагансиз?

-Мен бу ҳунар билан мактабни тамомлаганимдан буён шуғулланаман. У вақтларда мактаблар  саккиз йиллик эди. 8 йил мактабда ӯқиганман ва шу ҳунарни, касбни мукаммал эгаллашга киришганман. Чунки бу ҳунарга жудаям қизиқишим кучли бӯлган.

Авлодингизда кимдир шу касб билан шуғулланганми?

Асосан онамлар кӯпроқ мана шу ҳунар билан машғул бӯларди. Сабаби қизиқишлари кучли эди. У пайтлар аёллар  уй ишлари билан банд бӯлишарди. Онамлар эса уй ишларидан ташқари, яъни бӯш ӯтирмаслик учун олача тўқиш  билан машғул бӯлар эди. Ҳозирги кунда бу ҳунарни биз қизлари давом эттираяпмиз. Бу бизга она мерос касб, ҳунар хисобланади.

Қизларингиздан биронтаси сизнинг ҳунарингизни олганми?

-Албатта, қизларим ҳам бу ҳунарни яхши ӯзлаштиришган. Айниқса, қизим Шаҳноза шу касбни мукаммал эгаллаган. Ӯзининг соҳаси ӯқитувчи бӯлишига қарамай, ӯрмак тӯқишга қизиқиши жуда баланд ва бӯш вақтлари шу иш билан шуғулланади. Ундан ташқари келинларим ҳам тӯқиб туришади. Уларнинг  ҳам қўллари анча келишиб қолган.

Олача  қандай иплардан тӯқилади?

-Бунинг учун махсус иплар тайёрланади. Иплар асосан қорамолларнинг юнгидан тайёрланади. Асосан қӯй ва эчкининг юнгидан.  Қӯй ва эчкиларнинг юнги қирқиладиган вақт бӯлади яъни, қирқим вақти. Ӯша пайтда биз юнгларни олиб, ювиб тутиб оламиз. У тутилган юнгларни йигириб чиқамиз. Ип йигирлганда янада мустаҳкам ва чидамли бӯлади. Кейин эса йигирилган ипларни ҳар хил рангдаги бӯёқларга бӯяб чиқамиз. Чунки ҳар хил рангда бӯлса, олача янада чиройли ва бежирим чиқади.

Ипларга  ранг бериш жараёни қандай кечади?

-Ипларга  ранг бериш жараёни шундайки, аввало катта қозонга тӯлароқ қилиб сув қуямиз. Сӯнгра тагига олов ёқиб сувни бир марта қайнатиб оламиз. Сув қайнаб чиққанидан кейин бӯёқни соламиз. Бӯёқ бироз қайнагач, ипни соламиз ва яхшилаб қайнатамиз, токи бӯёқ ипга сингиб олгунча. Шу тариқа ҳар битта рангни алоҳида солиб, худди шу йӯл билан ранглаб чиқамиз.

Ӯрмакни қуриш ҳақида гапириб беринг.

-Ӯрмакни қуриш бироз мушкулроқ. Бир киши бӯлса эплай олмайди. 2 — 3  қӯшниларни чақириб қурамиз. Аввал 3 та қозиқ қоқилади ва ипларни мана шу қозиқларга тезлик билан ӯраб чиқилади. Тез югуриб ӯралишининг сабаби иплар чигал бӯлиб қолмаслиги керак. Иплар қозиқларга ӯралиб бӯлганидан кейин кузув қӯйилади. Шундай қилиб, ӯрмак тайёр бӯлади ва тайёр ӯрмакни тӯқиш бошланади.

Ӯрмакни тӯқиб олача қилиш қандай бӯлади?

-Ӯрмак тӯқилаётган вақтида узун ингичка бӯлади. Олача қанча бӯлишига қараб, яъни катта ёки кичик, шунга қараб узун ингичка бӯлган ӯрмак махсус ӯлчанган бӯлакларга бӯлинади. Кейин эса бу бӯлаклар энига қарата бирлаштирилиб чиқилади.

Олачанинг қандай турлари бор?

-Олачанинг ҳар хил турлари бор.  Биз тӯқийдиган олача, асосан, терма, пуқори, бароқ, қоқма деб номланади.

Ўрмакнинг  асбоблари қандай номланади?

-Бу ӯрмак асбобларининг  номланиши ҳам ажойиб. Қилич, адарғи ва кузув. Қиличдан ӯрмакни тӯқишда фойдаланамиз, кузув ӯрмак ипларии ушлаб туради, адарғи ипни тортишда ишлатилади.

Бу иш сизга қийинчилик туғдирмайдими?

-Ҳар бир иш ӯз қийинчиликлари билан бӯлганидек, бизнинг ишда ҳам қийинчиликлар бор албатта. Ӯрмакни қуришнинг ӯзи бир машаққат. Яна тӯқиш вақтида қилич қӯлдан ӯтиб кетади, қӯлларим оғриб қолади.  Тӯқиётган пайтда эътиборсизлик қиладиган бӯлсам,  иплари адашиб кетиши мумкин,  рангли иплар бошқа рангли ипларга ӯтиб кетиши мумкин. Шунинг учун жуда эътиборли бӯлиш талаб этилади.

Ўзингиз машғул бўлган ҳунарнинг фойдалари ҳақида гапирсангиз.

-Албатта,  фойдаси жуда катта. Ҳунарманд инсон ҳеч қачон бировга муҳтож бўлиб, ҳаётда қийинчиликка дучор бўлмайди. Ҳунар инсон қалби ва руҳига янги қувват бағишлайди, инсон қадру қийматини оширади. . Молу давлат ўткинчи, ҳунар эса биз билан қолади.

Бўшаб қолғай олтин кумуш ҳамёни,

Бўшамас ҳеч ҳунарманднинг кармони

деб ёзган эди Шарқнинг буюк алломаси Саъдий Шерозий.

Яна бир аҳамиятли томони – ҳар битта уйга олачани ӯзимиз тӯқиймиз, оила бюджетига ёрдам.  Бу ҳунарнинг нафақат моддий фойдаси балки, жисмонан ҳам одамга фойдаси бор. Негаки тӯқиш жараёнида ҳаракатсиз  қолмайсиз,  доимий ҳаракатда бӯлиб турасиз.

Жудаям ажойиб!

Онахон,  сизга мароқли ва самимий, шу билан биргаликда қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат. Ҳеч ҳам чарчаманг. Аждодлар мероси бўлган ҳунарни эъзозлаб, қайта ҳаёт бағишлаб, ҳалол меҳнатингиз билан  ризқу рўз топиб, уни фарзандларингизга ҳам ўргатаётган экансиз, сизга бу ишда омад тилаб қоламиз.  Умрингиз узоқ бӯлсин, илоҳим.

Азизлар,  ӯйлайманки, ушбу суҳбатимиз орқали ӯзингизни қизиқтирган саволларга жавоб олдингиз.

 

  Суҳбатдош: “Маҳорат мактаби”

 тингловчиси Ҳулкарой Джиянбаева

Добавить комментарий

%d такие блоггеры, как: